23 июнь куни Андижон вилоятининг Бўстон туманидаги «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖ раҳбари Н.С. ферма даласида дарахтга осилган ҳолда топилди. Марҳумнинг синглиси Наргизахон Сатторова «Дарё»га акасининг ўз жонига қасд қилишига олиб келиши мумкин бўлган сабаблар ҳақида сўзлаб берди.

Унинг сўзларига кўра, у акаси билан бизнес-шерик бўлган. У «Бўз Иқбол чорваси» МЧЖнинг маиший техника савдоси бўйича таъсисчиси, акаси эса жамият раҳбари сифатида ишлаган. 2021 йил ноябрь ойида компания мактабгача таълим ташкилотлари (МТТ) учун озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берувчига айланган.

«Мен шу ишни бекор қилибсиз, пулларини вақтида тушириб бермайди, дедим. У эса „йўқ ҳамма тўловлар вақтида бўларкан“, деб ишларни бошлади. Ўзимизнинг фермадан янги сут маҳсулотлари, қўшнимизнинг қолипли нон ишлаб чиқариш цехидан нон ва жаҳон бозоридан энг яхши маҳсулотларни олиб келиб ташкилотларга тарқатардик. Бу ишга жуда катта пул тиккан эди», — деди у.

Наргизахон Сатторованинг ишонтиришича, ишлаган етти ой давомида боғчалар атиги уч-тўрт ойга тўлиқ пул ўтказган. Шу билан бирга, МТТлар билан ишлаган бутун давр мобайнида компания фойда олмаган ва болалар боғчаларининг қарзлари ортишни бошлаган.

«Шунда бу ишни тугатишимиз кераклигини айтдим. Акам эса таъминотчиликни бирданига тўхтатсак МТТлардан ҳақимизни ололмай қолишимизни билдирди», — деди у.

Аёлнинг айтишича, боғча мудирлари ўз эҳтиёжлари учун дўкондан харид қилиб, қарзларини мактабгача таълим муассасаси номига қўшиб ёздириб кетган ва уни вақтида қайтаришни истамаган.

«Акам бундай номаъқулчиликларни ҳазм қилолмади. Акам вафотигача бўлган муддатда ҳеч бир боғчага бориб қарзини беришларини сўраб оёқ тираб олмаганди. Бундан ташқари акам Асрор исмли шахсдан 1500 доллар қарз бўлиб қолган. Шу йигит акамнинг ўлимидан бир кун аввал уйга икки марта ўша пулни сўраб келган экан. Яна бир йигитда эса акамнинг 20 минг доллар ҳақи бўлган, у пулни бермай қочиб юрган. Бир тарафдан шу муаммолар, бир тарафдан мактабгача таълим ташкилотларидаги ҳолатлар акамни анча ўйлантириб қўйган», — деди Наргизахон Сатторова.

Наргизахон Сатторова Россиядан Ўзбекистонга қайтгач, акаси ўз жонига қасд қилиши мумкинлигига ишона олмаган, бироқ, одамлар бунга юқорида айтилган муаммолар сабаб бўлганини айтишган.

«Ўша куни 1500 долларни олдим-у акам қарз бўлиб қолган йигитнинг уйига олиб бориб бердим. Кейин МТТ мудиралари олдига бориб қарздорликлари бўйича барча ҳужжатларни кўрсатдим. Уларнинг айтишича, биз маҳсулот нархларини сунъий равишда ошириб олибмиз. Шунинг учун улар бу пулларни ҳали бери тўламоқчи эмас экан», — деди марҳумнинг синглиси.

Корхона таъсисчисининг айтишича, боғчаларнинг марҳумдан 600 млн сўмдан ортиқ қарзи бўлган. Маблағларнинг қайтарилишидан умидини узган акаси дўконда иш тўхтаб қолмаслиги учун банкдан кредит олган.

«Менда барча ҳужжатлар бор. Бозорда гўшт нархи 70 минг сўм бўлганда МТТларга 65 минг сўмдан тарқатганмиз. Умуман олганда барча маҳсулотларни жуда арзон нархларда берардик. Мана акам вафот этганига бир ойдан ошди. Лекин биз билан ҳамкорлик қилган ташкилот мудираларнинг бирортаси ҳам хонадонимизга ҳамдардлик билдириш учун келмади. Шу кунга қадар 30 та мактабгача таълим муассасасидан фақатгина 4 таси қарзларини олиб келиб берди. МТТларнинг жами қарзи 600 миллионга яқин эди. Акам пуллар унмагач, таъминот тўхтаб қолмасин, деб банкдан кредит ҳам олган экан», — деди у.

Наргизахон Сатторова нафақат акасининг пулларини қайтариб бериш, балки келажакда шундай муаммолар ортидан ҳеч бир таъминотчи тадбиркор ўз жонига қасд қилмасин деб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида омма олдида гапиришга қарор қилганини таъкидлади.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот котиби Мавлюда Асқархўжаеванинг маълум қилишича, 13 июль куни ишчи гуруҳ муаммони ўрганиб, «Бўз Иқбол чорваси» ва туман мактабгача таълим бўлими ўртасида озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 925,6 млн сўмлик шартномалар тузилгани аниқланган. Унинг таъкидлашича, туман бўлими барча 925,6 млн сўмни корхона ҳисобига ўтказган.

Ишчи гуруҳ томонидан етказиб берувчи корхона ва мактабгача таълим бўлими ўртасида тузилган шартномалар ва тўлов муносабатларининг қонунийлигига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида ҳужжатлар Бўстон тумани прокуратурасига юборилди.

«Аммо, ўрганиш ва тергов жараёнлари тугатилмасидан марҳумнинг қариндошлари томонидан турли видео мурожаатлар тарқалмоқда. Ҳурматли журналист ва блогерлар, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмагунига қадар хулоса чиқармайлик, далилларга асосланган маълумотларни оммага тарқатиш масаласида эҳтиёт бўлайлик», — деди МТВ матбуот хизмати раҳбари.

Андижон вилояти прокуратураси ҳар икки ҳолат (ўз жонига қасд қилиш ва мактабгача таълим муассасаси томонидан қарзни тўламаслик) бўйича тергов ҳаракатлари ўз назоратига олинганини маълум қилди.

Аввалроқ, Андижон вилоятида Rash Milk компанияси асосчиси Раҳмиддин Мирзаев ҳам 46 ёшида ўз жонига қасд қилгани айтилганди.