Наманган вилоятининг Уйчи тумани «Пастгузар» маҳалласида жойлашган «Уйчи манзилгоҳи (БТ-3)» археологик ёдгорлиги туман ҳокимининг қарори билан тадбиркорга бериб юборилгани аниқланди. Бу ҳақда Маданий мерос бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Объект маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинганига қарамай, туман ҳокимининг 2019 йил 6 апрелдаги 1473-сонли қарорига асосан фуқаро Т. Д.га тадбиркорлик фаолияти учун ноқонуний тарзда бериб юборилган.

Наманган вилоят прокуратураси ва ДХХнинг аниқлашича, ўтган вақт мобайнида тадбиркор ёдгорлик ҳудудининг 21 сотих қисмини оғир техника ёрдамида суриб, қазиш ишларини олиб борган. Оқибатда археология объектига 3,9 млрд сўм зарар етказилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти Маданий мерос бошқармаси тўплаган ҳужжатлар асосида вилоят прокуратураси Уйчи туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ҳамда МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатди. Ҳозирда тергов ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.