Ўзбекистон Маданий мерос агентлиги 14 июль куни ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний равишда дача қурилгани ҳақидаги видеога изоҳ берди.

1 апрель куни Тошкент вилояти Маданий мерос бошқармаси вакиллари томонидан мазкур археология ёдгорлиги ҳудудида тегишли рухсатномасиз қурилиш ишлари амалга оширилаётгани аниқланган.

Ҳолат юзасидан бошқарма мутахассислари томонидан шу куннинг ўзида далолатнома расмийлаштирилиб, тадбиркорга қурилиш ишларини тўхтатиш ҳақида кўрсатма ва огоҳлантириш хатлари берилган.

Шунингдек, тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилган. Бугунги кунда Бўстонлиқ тумани прокуратураси томонидан терговолди ҳаракатлари амалга оширилмоқда.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Бўстонлиқ тумани «Хўжакент» МФЙда жойлашган «Хўжакенттепа шаҳристони» археология ёдгорлиги IX-XII асрларга оид бўлиб, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан миллий рўйхатдан жой олган.