Олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида иштирок этган абитуриентлар профессионал таълим муассасаларига кириш учун ҳам рўйхатдан ўтишлари мумкин. Бу ҳақда Давлат тест маркази матбуот хизмати хабар бермоқда.

Бунда абитуриентлар ОТМларга кириш тест синовларида тўплаган баллари билан профессионал таълим муассасаларига кириш учун танловда иштирок эта оладилар.

Бунинг учун қуйидаги шартлар бажарилиши лозим:

  • абитуриент профессионал таълим муассасасига кириш учун танлаётган таълим йўналишининг фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги ОТМарга кириш учун танлаган таълим йўналишининг фанлар мажмуаси билан бир хил бўлиши керак;
  • абитуриент олий таълим муассасаларининг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларида иштирок этган бўлиши керак;
  • профессионал таълим муассасаларига кириш учун рўйхатдан ўтишда мазкур имкониятдан фойдаланишни танлаши керак.

Агар мазкур шартлар бажарилмаса ёки абитуриент мазкур имкониятдан фойдаланишни истамаса барча абитуриентлар каби профессионал таълим муассасаларига кириш тест синовларида иштирок этишига тўғри келади.