Президент Шавкат Мирзиёев 9 август куни халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш ва диверсификация қилиш бўйича тақдимот билан танишди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Бугунги кунда Ўзбекистон маҳсулотлари хорижга, асосан, 9 та транспорт йўлаги орқали ташилади. Тақдимотда ҳар бир транспорт йўлаги бўйича долзарб масалалар ва уларни ҳал этиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

«Транспорт соҳасини ривожлантириш иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш учун муҳим замин. Транспортда юк ташиш таннархи паст бўлса, ҳам экспорт, ҳам инвестиция кўпаяди», — деди Шавкат Мирзиёев.

Транспорт вазирлигига тадбиркорлар учун энг мақбул йўлларни таклиф этиш ва уларнинг транспорт харажатларини қисқартириш вазифаси қўйилди.

Европага экспорт юкларини ташиш учун қўшимча рухсатлар олиш муҳимлиги таъкидланди. Бундан ташқари, ҳайдовчилар учун Шенген визасини олишдаги қийинчиликларни бартараф этиш ва уларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.

«Европага транспорт харажатлари ҳар бир контейнер учун 3500 доллардан 10 минг долларгача ошди. Юкларни ташиш муддати 20 кундан 35 кунгача узайди. Бу катта харажатлар ва вақт», — деди президент.

Автомобилда юк ташиш учун Покистон ва Туркманистон билан қўшма транспорт компаниялари ташкил этиш таклифи билдирилди.

«Қўнғирот-Бейнов» халқаро автомобиль йўли реконструкциясини жадаллаштириш, юк вагони ишлаб чиқариш қувватларини тўлиқ ишга солиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов тақдимотида айтилишича, кўрилган чора-тадбирлар натижасида юк ташиш муддатлари 2−3 кунгача, транспорт харажатлари эса 10 фоизгача қисқартирилади.

Президент матбуот хизмати маълумотларига кўра, йил бошидан буён 50 мингта янги корхона ташкил топган, экспортёрлар сони 7 минг 500 дан ошган. Экспорт ҳажми ўтган йилга нисбатан 1,3 бараварга кўпайиб, 8 миллиард 200 миллион долларга етган.

Хабар қилинишича, бу йил мамлакат маҳсулотлари 32 та янги бозорларга кириб борди. Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича ишлар ҳам жадаллашмоқда.

Юкларни ташиш таннархининг ўсишини ҳисобга олган ҳолда, давлат томонидан экспортёрларга харажатларнинг қисман қопланиши учун 170 млрд сўм ажратилди. Бундан ташқари, Европага тайёр маҳсулот экспорт қилувчи корхоналар учун транспорт харажатлари учун субсидия миқдори 50 фоиздан 70 фоизга оширилди.

Март ойида инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов баъзи экспортёрлар дунёда содир бўлаётган воқеалар туфайли бошқа транспорт йўлакларидан фойдаланишга мажбур бўлганлиги сабабли транспорт-логистика харажатларини оширгани ҳақида маълум қилганди. Шу муносабат билан Экспортни қўллаб-қувватлаш агентлиги транспорт харажатлари учун компенсация миқдорини оширди, Ўзбекистон ҳам бошқа давлатлар билан юк ташиш харажатлари ва чегирмаларини камайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Қозоғистон билан шакар ва буғдойни темир йўл орқали ташиш нархини 30 фоизгача камайтиришга келишиб олинди.

Президент 2021 йил апрель ойида Ўзбекистон ҳали ҳам Россия ёки Қозоғистон орқали маҳсулот экспорт қилишга мажбур эканлиги ҳақида маълум қилган эди. Трансафғон темир йўли қурилгач, мамлакат экспорт бозорларини диверсификация қилиш имкониятига эга бўлади, қўшни давлатлар эса Ўзбекистон маҳсулотларининг транзити учун тарифларни пасайтиради.

Бир неча кун аввал Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни кенгайтириш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказди.