Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 8 август куни бўлиб ўтган брифингда Ўзбекистон Миллий боғидаги собиқ «Комсомол» кўли (унинг бир қисми Magic City`га берилган) 15 август куни очилишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, пляж билан янгиланган кўлнинг майдони 33 минг квадрат метрни ташкил қилади. Кўл билан боғ 2017 йил кузида реконструкция учун ёпилган эди.

«Газета.uz» фотомухбири 9 август куни боғда бўлиб, қурилиш ишлари қандай кетаётганини кўрди. Кўл ҳудудида ишчилар пастки қисмини гидроизоляция қилиш билан шуғулланаётган экан. Кўл қирғоғидан марказий оролгача янги кўприклар ўрнатилган. Бўлажак майсазорлар остига суғориш тизими ётқизилмоқда.

Фото







Олий Мажлис биносига туташ бўлган ва ҳозирда қуритилган иккинчи кўл ҳудуди ҳали ҳам тўлиқ панжара билан ўралган. У ерда Миллий академик драма театрининг янги биноси қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида аввалроқ хабар берилган эди.

2017 йил сентябрь ойида Миллий боғ, кўл ва Болалар темир йўли ҳукумат қарори билан реконструкция қилиш учун ёпилди. Кейинроқ унинг ўрнида делфинарий, Америка арғимчоғи, серфинг учиш жойи ва савдо-кўнгилочар марказига эга «юқори технологиялар парки» пайдо бўлиши хабар қилинди. 2020 йил январида президент реконструкция ишларининг бориши билан танишди.

2021 йилнинг июнига келиб, боғнинг авваллари дарвоза бўлган қисмида Magic City оилавий кўнгилочар боғи очилди. Дунёнинг машҳур пойтахтлари хиёбонларига тақлид қилувчи кўчалар турли хил дўконлар, мусиқий фаввора, Бавариянинг Нойшванштейн қалъаси нусхаси, 650 ўринли Рим Колизейи кўринишидаги амфитеатр, шунингдек, кинотеатр ва болалар кўнгилочар маркази қурилди. Бироз вақт ўтгач, аквариум ҳам ишга туширилди. Парк Discover Invest компанияси томонидан қурилган.