«Н.» МЧЖ раҳбари У.Р. ва бошқалар Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳудудида велосипед ва пиёдалар йўлакчаларини қуриш ва таъмирлаш учун ажратилган маблағларни талон-торож қилишда гумонланмоқда, деб хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Департаментнинг туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида улар 1,1 млрд сўмни ўзлаштириб, расмий ҳужжатларга сохта маълумотлар киритиш йўли билан бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиб, талон-торож қилганликлари аниқланган. Пиёдалар ва велосипед йўлакчаларининг ҳолатини фотосуратларда кўриш мумкин.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

Июль ойида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022−2026 йилларга мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлади. Беш йил ичида мамлакатнинг барча ҳудудларида 3100 кмдан ортиқ велосипед йўлаклари қуриш режалаштирилган.