12 июль куни Шавкат Мирзиёев «2022−2026 йиллар давомида амалга оширилиши мўлжалланган «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Қарор «йўл ҳаракатини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, автомобиль йўллари инфратузилмасини ривожлантириш ва йўл ҳаракати иштирокчилари учун қулай шароитлар яратиш мақсадида» қабул қилинди.

Ҳужжат билан йўл инфратузилмасини такомиллаштириш ва хавфсиз ҳаракатланиш шароитларини яратиш орқали йўлларда авария ва ўлим ҳолатларини кескин қисқартириш, шу жумладан, ҳаракатни бошқариш тизимини тўлиқ рақамлаштириш ва жамоатчиликнинг ушбу соҳадаги ишларда кенг иштирокини таъминлаш мақсадида «Хавфсиз ва равон йўл» умуммиллий дастури тасдиқланди. Дастур соҳада 2022−2026 йиллар давомида Ўзбекистонда амалга оширилиши мўлжалланган қуйидаги ишларни ўз ичига олади:

  • автомобиль йўллари инфратузилмасини комплекс такомиллаштириш;
  • автомобиль йўлларида ҳаракатни бошқариш тизимини рақамлаштириш;
  • жамоат транспортини ривожлантириш ва рақамлаштириш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш, болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатишни йўлга қўйиш;
  • ҳайдовчиларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш ҳамда транспорт воситаларининг техник ҳолати устидан назоратни кучайтириш.

Дастурда белгиланган тадбирларнинг амалга оширилишини ўз вақтида ва тўлиқ таъминлаш учун қуйидаги тартиб ўрнатилади:

  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар прокурорлари — ҳар чоракда масъул давлат органлари томонидан дастур ижроси амалга оширилиши юзасидан ҳудудлар кесимида ўрганишларни ўтказиш ва натижалари бўйича Бош прокуратурага ахборот беради;
  • Бош прокуратура, Ҳисоб палатаси — ҳар чоракда масъул давлат органлари раҳбарларининг дастур ижроси, шу жумладан, ҳудудлар кесимида амалга оширилиши юзасидан ҳисоботларини эшитиш ва бажарилмаётган масалалари юзасидан танқидий муҳокама қилиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига ахборот киритади;
  • Вазирлар Маҳкамаси — ҳар ярим йилда дастур ижросини ҳудудлар кесимида танқидий муҳокама қилиш, ижроси юзасидан камчиликларга йўл қўйган масъул раҳбарларига интизомий жазо чораларни кўриб, дастурда белгиланган тадбирларни тўлиқ амалга оширади.

Дастурда белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини сўзсиз таъминлаш учун жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, ички ишлар вазири, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси раисига юклатилади.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари дастурда белгиланган тадбирларни амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни назарда тутувчи чора-тадбирларни ўз ичига олган «йўл харитаси»ни ҳар йили ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича республика махсус комиссиясига киритади.

Шунингдек, ҳар чоракда йўлларнинг ҳолати ва мавжуд инфратузилма, авария ўчоқлари, қоидабузарликлар аҳволининг таҳлили асосида, ҳаракат хавфсизлиги, транспорт ва йўл соҳаларига масъул идоралар раҳбарлари фаолиятини танқидий ўрганилиб Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига муҳокама қилиш учун киритилади.

Дастур доирасида амалга оширилаётган тадбирларда жамоатчилик иштироки таъминланишига ҳамда «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали йўналтирилаётган маблағлардан айнан шу йўналишда самарали фойдаланишга Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, Ички ишлар вазирлиги, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси масъул этиб белгиланди.

Дастурда кўзда тутилган тадбирлар ҳар йили бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган маблағларнинг чекланган миқдорлари доирасида, шунингдек, «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.