Ушбу ҳафтада Тошкентда илк бор Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ташқи ишлар, савдо ҳамда транспорт вазирларининг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтади. Бу ҳақда душанба кунги брифингда Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.

У музокаралар уч мамлакат раҳбарларининг ўзаро келишувлари асосида ўтаётганини эслатиб ўтди ва «бу мутлақо янги механизм» эканлигини таъкидлади.

«Музокаралар кун тартибидан минтақалараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, инвестициялар, инновациялар, транспорт-коммуникация соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини белгилаш ўрин олган», — деди у.

Қолаверса, Шавкат Мирзиёев тадбирда иштирок этадиган Туркия ТИВ раҳбари Мавлут Чавушоғли ва Озарбайжон ТИВ раҳбари Жейҳун Байрамовни ҳам қабул қилади.