Ўзбекистон иқтисодий ва геосиёсий вазият оқибатида дунёда қашшоқлик даражаси ўсиб бораётгани туфайли имтиёзли фоиз ставкаларида кредит бериш амалиётини бекор қила олмайди. Бу ҳақда 21 июль куни Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов маълум қилди.

«[Дунёдаги] иқтисодий ва геосиёсий вазият бизни белгилаган мақсадларимизни маълум даврга чеклашга мажбур қилаяпти. Тўғри тушунишимиз керак, ҳозир бутун дунёда камбағаллик даражаси ошиб бораётган шароитда биз бугунги кундаги имтиёзли кредитларни тақа-тақ тўхтатиб қўйиб, кичик бўлса ҳам тадбиркорлик билан шуғулланаман деган фуқароларимизга қийинчилик яратиб қўйишимиз эҳтимоли юқори», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, имтиёзли кредит шартларини камайтириш мақсадида компенсация механизмини кенгайтириш бўйича ҳукумат билан ишлаяпмиз.

«Ҳақиқатдан ҳам компенсация механизми ўтган йилга қараганда қарийб 4 бараварга кўпайди… Олдин биз имтиёзли кредитларни маълум бир ставкада белгилар эдик, ҳозир эътибор берадиган бўлсангиз, 14 фоиздан паст белгиланмаяпти, олдинлари ундан ҳам паст белгиланарди», — деди Мамиризо Нурмуратов.

МБ раҳбари регулятор ҳукуматдан имтиёзли ва директив кредитлар ҳажмини камайтиришни ва банкларга бозор шароитида ишлашга рухсат беришни сўраганини маълум қилди. Бу Марказий банкнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади, деди у.

Мамиризо Нурмуратов шунингдек, муаммоли кредитларни (NPL) маҳаллий бюджетларнинг орттириб бажарилган қисмидан, яъни солиқ тўловчилар ҳисобидан қопланиши ҳақидаги таклифга ҳам тўхталиб ўтди. мумкин.

«Аҳоли тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича қарорда кредит [бериш]га асосий тавсия берувчи — ҳокимлар деб белгиланганди. Ҳокимларни масъулиятини ошириш нуқтаи назаридан лойиҳа сифатида киритилганди, лекин бу ҳаётга тадбиқ этилгани йўқ», — деди у.

МБ раҳбарининг таъкидлашича, ҳоким ёрдамчилари тизими жорий қилингач, муаммоли кредитлар билан боғлиқ вазият ижобий тарафга ўзгармоқда, яъни оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларидаги NPL ҳажми маълум жиҳатдан камаймоқда, ўсиш тенденцияси тўхтади.

Аввалроқ, бош вазир ўринбосари — иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров 22 июль куни Қонунчилик палатаси мажлисида «имтиёзли кредитларни йўқ қилиш кераклигини» таъкидлаганди. «Одамларни кўриб чиқишдан фойда йўқ, бу муаммони ҳал қилмайди. Кредит беришни кўриб чиқиш керак. Биринчи навдатда имтиёзли кредитларни йўқ қилиш масаланинг ечими бўлади. Қачонки имтиёзли кредит бўлмаса, шунда кредит бериш [жараёни] тартибга тушади», — деганди у.

Йил бошида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов 2021 йилдан Ўзбекистонда имтиёзли кредитлаш сиёсатини бекор қилиш режалаштирилган эди, бироқ коронавирус пандемияси туфайли бу режаларни кейинга суришга тўғри келганини таъкидлаганди. Унинг сўзларига кўра, ўтган йили имтиёзли шартларда кредитларнинг 24,6 фоизи берилган ва бу 2018 йилга нисбатан 2 баробар камдир. Шу билан бирга, имтиёзли кредит портфели таркибида муаммоли кредитларнинг улуши юқори даражада қолмоқда.

Шунингдек, май ойида Марказий банк имтиёзли кредитлаш амалиётининг макроиқтисодий самарадорлиги пастлиги ва ушбу амалиёт самарали пул-кредит сиёсати учун жиддий муаммолардан бири эканлигини қайд этганди. 2019 йилдан бошлаб уларни бозор фоизларига яқинлаштириш учун ставкалар кўтарила бошлади, бироқ, МБ асосий ставкаси ўсиши билан ўртадаги фарқ яна ошди.

Июнь ойи якунлари бўйича барча кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 22,8 фоизни, имтиёзли кредитлар бўйича эса қарийб икки баравар камроқ — 12 фоизни ташкил қилди.

Мамаризо Нурмуратов 2020 йилдаёқ «имтиёзли кредитлар бор жойда, албатта, нотўғри фойдаланиш тенденцияси ва коррупцион унсурлар бўлади», — дея таъкидлагади.