Ўзбекистонда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш давлат дастурлари доирасида ажратилган муаммоли кредитлар солиқ тўловчилар ҳисобидан тўланиши мумкин.

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров раислигида бўлиб ўтган ҳоким ёрдамчилари фаолиятини ташкил этиш бўйича Республика комиссиясининг 9 мартдаги йиғилишининг 3-сонли баённомасига асосан (ҳужжат нусхаси «Газета.uz»да мавжуд), Марказий банк Вазирлар Маҳкамасига 2017−2021 йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари учун ажратилган, лекин ҳалигача қайтарилмаётган муаммоли кредитларнинг ҳокимликлар маҳаллий буджетларининг ошириб билан бажарилган қисми ҳисобига қопланишини таъминлаш бўйича асослантирилган таклиф киритиш топшириши керак.

Муаммоли кредитларнинг юқори улуши Наманган, Андижон, Жиззах ва Самарқанд вилоятларида кузатилмоқда. Мазкур вилоятлар ҳокимларининг биринчи ўринбосарларининг (тегишли равишда Толиб Юсупова, Отабек Турсунов, Абдували Мустанов ва Жамшед Ўраков) кредит маблағларини ундириш борасидаги ишлари қониқарсиз деб топилди. Улар ушбу масала юзасидан комиссиянинг навбатдаги йиғилишига ҳисобот тайёрлашлари керак.

Баённомада муаммоли кредитлар ҳажми кўрсатилмаган, бироқ Марказий банк маълумотларига кўра, 2022 йил 1 март ҳолатига кўра, банкларнинг кредит портфелидаги тадбиркорликни ривожлантиришга йўналтирилган кредитлар қолдиғи 11 трлн сўмдан ортиқни ташкил қилган.

Аввалроқ депутат Расул Кушербоев Ҳисоб палатаси ҳисоботига таяниб маълум қилганидек, 2021 йилда президент қарори (ПҚ-5041) бўйича 2,8 трлн сўм (Марказий банкнинг 1 апрелдаги курслари бўйича 245,7 млн доллар) миқдорида муаммоли кредитлар ажратилган.

1 март ҳолатига кўра, банкларнинг кредит портфелидаги барча муаммоли кредитларнинг улуши 5,3 фоизга ёки 17,2 трлн сўмга етган.

Молиячи Отабек Бакировнинг қайд этишича, ҳужжатда «кейинчалик ундирилган кредитларга нисбатан регресс ҳуқуқини қўллаш ҳақида гап-сўз йўқ» (кредиторнинг қарздор айби билан учинчи шахсга тўлаган пул суммасини қайтариш тўғрисидаги фуқаролик-ҳуқуқий талаби).

«Янги даврнинг ўтган йилларида оилавий тадбиркорлик шиори остида ажратилган имтиёзли кредитлардан маҳаллий ҳокимлар, уларнинг воситачи ва ўртамчи шотирлари манфаатдор бўлиб келишган. Қарздорларга каррасига қиммат қорамол, товуқ, қуён, лимон кўчатлари ва иссиқхоналарнинг шиширилган қиймати асосан шу ўртамчилар чўнтакларида жамланган», — деб ёзди у.

«Энди қарангки, мазасини ҳокимтўралар ва уларнинг шотирлари кўрган кредитлар яна солиқ тўловчилар ҳисобидан сўндирилиши мумкин. Шу билан ҳаммаси ёпти-ёпти бўлади, кетади», — деди у.

«Бизнингча, имтиёзли кредитлаш бўйича энг расво, энг катта ўзлаштиришлар юз берган Андижон, Наманган ва Самарқанд вилоятлари бўйича бундай тартибда кредитларни сўндиришга асло йўл қўйиб бўлмайди. Токи ўғри-муттаҳамлар жазосини олмагунича», — деди у.

Айтиш жоизки, оилавий тадбиркорликка кредитлар ҳокимликлар ҳузуридаги Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш марказининг асослантирилган хулосаси асосида ажратилган. Ҳоким ёрдамчилари институти пайдо бўлгач, эндиликда улар бундай кредитлар ажратиш бўйича тавсиялар беришлари мумкин.

«Имтиёзли кредитлар бор жойда коррупция бўлади»

2020 йилнинг март ойида Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов «имтиёзли кредитлар бор жойда, албатта, нотўғри фойдаланиш тенденцияси ва коррупцион унсурлар бўлади», — дея таъкидлаган эди.

Ҳисоб палатасининг «Халқ банки» Нурота филиали ходими томонидан укаси ва турмуш ўртоғининг номига оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури бўйича 6 та кредит шартномаси билан 136 млн сўм кредит ажратилиб, мақсадсиз ишлатилгани ҳақидаги хабари ҳамбуни тасдиқлайди.

Навоий вилоятида оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасида 20 нафар жисмоний шахсга ажратилган 2,2 млрд сўмлик муаммоли кредитлар ўрганилганда, уларнинг 13 нафарига ажратилган кредитлар мақсадсиз ишлатилгани аниқланган. Хусусан, ўзаро алоқадор 3 нафар фуқарога 51 та кредит шартномаси билан ажратилган 867 млн сўм кредитлар мақсадсиз сарфланган.

Марказий банкнинг 2022 йил февраль ойи якунлари бўйича маълумотларига кўра, сўмдаги имтиёзли кредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 11,2 фоизни ташкил этди, бу бозордагидан (21,3 фоиз) 90,1 фоизга ва Марказий банкнинг асосий ставани март ойида оширгунича бўлган ставкасидан (14%) 25 фоизга арзонроқдир.