19 июль куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов Грузия бош вазири Ираклий Гарибошвили бошчилигидаги делегация таркибида Тошкентга ташриф буюрган мамлакат ташқи ишлар вазири Иля Дарчиашвили билан учрашди, деб хабар қилди ТИВ матбуот хизмати.

Музокаралар чоғида Иля Дарчиашвили Грузиянинг Ўзбекистон билан барча соҳаларда кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантириш тарафдори эканлигини таъкидлади.

Томонлар давлатлараро ҳамкорликнинг долзарб масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар. Сиёсат, иқтисодиёт, транспорт, туризм ва маданият соҳаларидаги алоқаларни жадаллаштириш бўйича аниқ таклифлар кўриб чиқилди.

Транспорт-транзит соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилди. Хусусан, Ўзбекистон логистика марказлари ва Грузия денгиз портларидан товарларни экспорт қилиш ва импорт қилишда самарали фойдаланиш, юкларни ташишда ўзаро аснода чегирмалар ва имтиёзлар бериш, Марказий Осиё ва Жанубий Кавказни боғлайдиган транспорт йўлаклари тизимини яратиш юзасидан аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Томонларнинг халқаро институтлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлиги таъкидланди.

Маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон ва Грузия маданият ва кино кунларини ўтказиш, шунингдек, биргаликда илмий-техник тадқиқотларни амалга ошириш бўйича келишиб олинди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва Грузия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2022−2024 йилларга мўлжалланган Ҳамкорлик дастури имзоланди