Ўзбекистон Марказий банки 2022 йилнинг иккинчи чораги учун кўчмас мулк бозори шарҳини эълон қилди. Регуляторнинг фикрича, бозорда юқори фаоллик сақланиб қолган.

Бироқ ўтган даврда нархларнинг сезиларли ўсишидан сўнг, уй-жой нархида коррекция қайд этилиб, бунинг натижасида нархларнинг ўсиш суръатларида сезиларли пасайиш кузатилди.

Иккинчи чоракда 81,9 мингта шартнома тузилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 6,2 фоизга кўпдир. Тошкент вилоятидан ташқари барча ҳудудларда (бир оз пасайиш 2,8 фоизга) кўчмас мулк билан боғлиқ шартномалар сони ошди.

Расмийлаштирилган олди-сотди шартномаларининг энг катта ўсиши Хоразм (27,8 фоиз), Навоий (17 фоиз), Жиззах (16,8 фоиз) вилоятларида ва Қорақалпоғистонда (17,2 фоиз) қайд этилди.

Марказий банкнинг фикрича, бирламчи ва иккиламчи бозорларда таклифнинг барқарор ҳажми ва харидорларнинг барқарор фаоллиги, катта эҳтимол билан, шартномалар сонининг кўпайишига туртки бўлди.

Бундан ташқари, сотишларда ер бозори улуши ортиб бораётганини ҳам кўриш мумкин.

Иккиламчи бозор

Биринчи чоракда иккиламчи бозорда уй-жой нархи сезиларли даражада ошганидан сўнг (10 фоизга, валютанинг қадрсизланишини ҳисобга олган ҳолда — 4,7 фоизга), иккинчи чоракда нархлар ўсиши секинлашди ва 2 фоизни (доллар билан — 6,2% гача) ташкил этди.

Кўчмас мулк нархларининг анча юқори даражаси ва ўртача нархларнинг ўсиши учун маълум бир потенциалга (чегара) эришиш эҳтимоли уй-жой нархининг пасайишига сабаб бўлган бўлиши мумкин, дейди Марказий банк таҳлилчилари.

Бирламчи бозор

Фото: Иккинчи чоракда бирламчи бозордаги нархлар (минг сўмда)

Худди шундай ҳолат бирламчи бозорда ҳам кузатилмоқда. Иккинчи чоракда нархлар 2,4 фоизга ошди. Асосий ўсиш апрель ойида содир бўлди — 2,3%, май-июнь ойларида янги уй-жой нархлари деярли ўзгаришсиз қолди.

Нархлар ўсишининг секинлашиши миллий валюта курсининг барқарорлашуви фонида ҳам содир бўлган бўлиши мумкин.

Нархлар уй-жойлар энг арзон бўлган Наманган (+26%), Сирдарё (+23,9%) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (+22,3%) юқори суръатларда ўсди. Айни пайтда бирламчи бозордаги энг арзон уйлар Хоразм вилоятида, энг қиммати эса Тошкент шаҳрида жойлашган.