Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаев тергов органини алоҳида мустақил ташкилот сифатида ажратиш вақти келганини қайд этди.

«Бу ҳақида кўп йиллардан бери таклифлар айтилади. Бироқ шу кунга қадар уни амалга оширишнинг фундаментал асоси яратилмади», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, камига идоравий манфаат юзасидан бунга қаршилар ҳам кўп.

«Бироқ афсуски прокуратурада бир вақтнинг ўзида тергов функцияси ҳам мавжудлиги сабабли прокуратура ҳамон фуқаролар манфаатини ҳимоя қилувчи оқловчи орган, деб бўлмайди. Идора нуфузи ва манфаати, „погон ҳурмати“ каби инсон омили билан боғлиқ „қаричлар“ унинг оқловчи сифатида одил судловни амалга оширишига ҳалақит беради», — деди у.

Шунингдек, жойларда одил судловни амалга оширишда муҳим бўғин — ички ишлар терговчиларининг бир вақтнинг ўзида худудий ИИБ бошлиғига бўйсуниши ҳам мантиқсизлик. «Чунки ҳар доим ҳам ИИБ бошлиғи терговдан чиққан, тергов сир синоатларидан хабардор шахс бўлмаслиги мумкин», — деган фикрда депутат.

«Умуман айтганда одил судловни амалга оширишда терговнинг ҳар қандай таъсирлардан ҳоли, холис орган бўлиши учун барча давлат органлари шу жумладан, Ички ишлар, прокуратура, Давлат хавфсизлик хизматининг тергов функцияларини ўзида жамлаган алоҳида тергов органини ташкил этиш зарур», — деди у.

Расул Кушербаев мазкур масала Конституцияда алоҳида акс эттирилиши кераклигини таъкидламоқда.

«Бу демократик принципларга мос, инсон ҳуқуқлари юксак даражадаги одил судловни амалга оширишга кўмак берган бўларди», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, мазкур таклиф илк бор билдирилаётгани йўқ. 2020 йилнинг февралида Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев (ҳозир мазкур лавозимда Феруза Эшматова) парламентга ягона тергов қўмитасини тузишни таклиф қилганди. Ўшанда қўмита ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан терговда қўлланиши иддао қилинаётган қийноқларга барҳам беришда қўл келиши таъкидланганди.

Бундан ташқари, 2021 йилги президент сайловида «Миллий тикланиш» партиясидан номзод Алишер Қодиров ҳам ўзининг сайловолди дастурида мустақил тергов қўмитаси ташкил этиш зарурлигини қайд этганди. Унинг сўзларига кўра, қўмитанинг фаолияти ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил орган сифатида йўлга қўйилади. «Терговни холис, ҳаққоний, шаффоф ва ҳалол олиб бориш таъминланади», — деганди ўшанда депутат.