Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Улуғбек Муҳаммадиев ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан терговда қўлланиши иддао қилинаётган қийноқларга барҳам бериш учун ягона тергов қўмитасини тузиш таклифини билдирди. У бу ҳақда парламентга етказган ҳисоботида қайд этган, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Маълум қилинишича, Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили — омбудсманга 2019 йилда келиб тушган мурожаатлар орасида шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар тоифасига мансуб шикоятлар кўп учраган. Хусусан, омбудсман манзилига 4800дан ортиқ ушбу мазмундаги мурожаатлар келиб тушган.

Унинг айтишича, яшаш, эркинлик ва дахлсизлик ҳуқуқи, ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан ҳимояланиш ҳуқуқи, ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан тезкор-қидирув фаолияти ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар билан боғлиқ мурожаатлар сони кўпайган.

Фото: Алишер Рўзиохунов / «Газета.uz»

«Парламент назорати субъекти сифатида 900дан ортиқ шикоятлар назоратга олинди ва уларнинг 30 фоиздан ортиғи ижобий ечимга эга бўлган. Шикоятларни кўриб чиқиш натижасида 17та ҳолат бўйича текширув ўтказилди, 24та ҳолатда жиноят, 21та ҳолатда маъмурий, 65та интизомий ишлар қўзғатилди», — деди у.

Омбудсманнинг қайд этишича, турли вазирлик ва идоралар, хусусан таълим муассасалари ходимларининг 28 нафари, Соғлиқни сақлаш вазирлигидан 15 нафар, ИИВ ходимларининг 20 нафари, 7 нафар МИБ ходими ва бошқа ташкилотлардан 15 нафар ходим жавобгарликка тортилди.

Муҳаммадиевнинг билдиришича, баъзи ҳолатларда тергов хонасида мавжуд ёзув камералари ўчириб қўйилган ёки махсус хонадан ташқарида қийноқларни қўллаб, айбланувчи тергов қилинган. Бундай ҳолатлар назоратга олинади, прокуратурага юборилади.

«Афсуски, ваколатли органлар жавобида мурожаатда кўрсатилган важлар ўз исботини топмагани айтилади. Шунинг учун, ўз ҳисоботимда алоҳида ва ягона тергов қўмитасини тузишни таклиф этдим. Парламент буни инобатга олиши мажбурий характерга эга эмас. Аммо энг кўп мурожаат ҳам терговга оид, қийноқлар қўлланиши ва ҳуқуқлар бузилиши мурожаатларда кўп такрорланяпти», — дея фикрини билдирди у.

Бунга қадар, «Адолат» СДП ҳам ушбу таклифни сайловолди кампаниясида билдирганди. Эндиликда партия ўз таклифини ижтимоий тармоқларда қайта эълон қилди.

Партия хабарига кўра, адолатсизлик адолатни таъминловчи идоралар томонидан содир этилса, бир неча карра оғриқли бўлади. Бу каби ҳолатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда амалга оширилган ислоҳотлар бугунги кун шиддатидан ортда қолаётганини англатади. Шунга мувофиқ, партия дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари юз бераётганлиги сайловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлишини эътироф этган.

«Ушбу ҳолатни бартараф қилиш мақсадида, ўз сайловолди дастурида мамлакатда ягона тергов органи — тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурганди. Бу каби ҳолатлар ушбу ташаббусни амалга ошириш вақти келганини кўрсатади», — дейилади хабарда.