«Миллий тикланиш» демократик партиясидан президентликка номзод Алишер Қодиров сайловолди дастурини эълон қилди. Партия дастури бешта йўналишдан иборат. «Газета.uz» ушбу дастурнинг муҳим жойларини тақдим этади.

Биринчи йўналиш.Тарбия ва таълим соҳасида

1. «Янги авлод» давлат дастури қабул қилинади. Бунда:

  • бола туғилганидан мактабни тугаллагунигача бўлган даврни ўз ичига олган тарбия ва таълим дастури ишлаб чиқилиши учун ягона «Оила — боғча — мактаб» тизими яратилади.
  • оилада соғлом фарзандни дунёга келтириш ва тарбияни тўғри ташкил этиш учун 18 ёшгача фарзандлари бўлган ота-оналарни қўллаб-қувватлаб, уларга алоҳида мақом ва масъулият юклатилади.
  • боғчаларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши ва (хусусий боғчаларга рухсат берилади) боғча даврининг охирги бир йили мажбурий бўлиши белгиланади. Бу жараёнда энг аввало, тарбиячилар иш ҳақи оширилади, уларнинг йиллик сертификацияси жорий этилиб, боғча гуруҳларида болалар сонини 15 нафардан оширмаслигига эришилади.

«Мактабгача таълим муассасаларини тўлалигича давлат қармоғига олиниши тарафдоримиз. Биз болалар боғчасидаги сўнгги бир йилни мажбурий қилмоқчимиз. Ана ўшанда болалар мактабга тайёр ҳолатда келади», — дея таъкидлади Алишер Қодиров.

«Миллий тикланиш» партияси номзоди дастурига кўра, мактабларда бошқарув, ўқитувчига муносабат ва тарбия-таълим ишларини ташкил этиш тубдан ўзгартирилади (хусусий мактабларга рухсат берилади). Ўқитувчиларга ўз мутахассислигидан ташқари бошқа фанлардан дарс бериш ва синф раҳбарлигини бириктириш тартиби бекор қилинади. Синф раҳбарлиги фақат «Тарбия» фани ўқитувчилари зиммасига юклатилади.

Ўқитувчиларга иш хақи камера кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгиланади. Бунда энг яхши дарс берган ўқитувчи юқори, сифатсиз дарс берган ўқитувчи кам маош олади. 10 йил ва ундан ортиқ ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган педагогга ойлик маошининг 50 фоизини устама сифатида қўшиб бериш тизими жорий этилади. Шунингдек, ўқитувчиларга 50 ёшдан нафақага чиқиш ҳуқуқи берилади.

2. «Таълим инспекцияси» Олий Мажлис ҳузурида қайта ташкил қилинади.

«„Таълим инспекцияси“ боғчаларда, мактабларда, ОТМдаги ҳолат таълим жараёнларининг қандай кетаётганлигини кузатиш ва тўғри баҳо беришга масъул бўлган, Вазирлар Маҳкамасига бевосита боғлиқ бўлган идора. Улар таълим жараёнларидаги камчиликларни Вазирлар Маҳкамасида муҳокама қилиб, уларни бартараф қилиш учун ечим таклиф қилишяптими? Эҳтимол, таклиф қилишаётгандир. Лекин, айбдор ҳам, айбини аниқловчи идора ҳам бир жойда бўлгандан кейин, албатта у ерда келишув бўлиши муқаррар. Айнан шу сабабли биз, таълим ва тарбия жараёнларини кузатувчи идора сифатида таълим инспекциясини Вазирлар Маҳкамаси эмас, балки Олий Мажлис ҳузурида бўлиши, халқ томонидан ишонч билдирилган вакиллар олдида мунтазам ҳисобот бериб боришини жуда ҳам муҳим дею ҳисоблаймиз», — дейди номзод.

Таъкидланишича, инспекция ваколатлари ва улар учун меҳнат шароитлари тубдан ўзгартирилади. Инспекция тарбия ва таълим жараёнларини кузатади ва Олий Мажлисга тизимли тарзда ҳисоб беради.

3. Олий таълим давлат тасарруфидан чиқарилади.

  • Олий таълим вазирлиги тугатилиб, президент ҳузурида Ректорлар кенгаши ташкил этилади. Олийгоҳлар ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказилиб, ОТМларнинг рақобатбардош фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар яратилади.
  • Педагоглар тайёрлаш тизими тубдан ислоҳ қилинади. Давлат соҳада кадрлар тайёрлашнинг бош буюртмачиси сифатида боғча ва мактабларга юқори малакали ўқитувчи ва тарбиячилар тайёрлаш тизимини тўла молиялаштиради.

«Олий таълим вазирлиги ОТМларини бошқарувчи бир идора сифатида уларни ривожланишига тўсқинлик қиляпти деб ҳисоблаймиз. Чунки бу административ ресурс сифатида уларни бошида турувчи, тўсқинлик қилувчи идорага айланиб колган. Айнан шу сабабли ҳар бир университетларни, ОТМларни ўз бошқаруви, ўз сайлов тизимлари ва ўз методикалари асосида мутахассислар тайёрлаш имконияти бўлиши керак», — деди Алишер Қодиров.

4. Тарбиянинг ажралмас қисми сифатида Миллий киноиндустрия ислоҳ қилинади.

Бунинг учун соҳа вакилларининг малака оширишлари, соҳага хориждан тажрибали мутахассисларни жалб этиш, миллий, тарихий ва замонавий фильмларни суратга олиш учун қулай шароитлар яратилади.

Иккинчи йўналиш. Давлат бошқаруви тизимида

1. Сайлов тизимини ислоҳ қилиш. Вакиллик органларига сайловларда мажоритар ва пропорционал тизимлардан фойдаланиш учун ҳуқуқий асослар яратилади:

  • можаритар, пропорционал сайлов тизимини жорий этиш орқали сиёсий партияларнинг парламентдаги ролини кучайтирилади;
  • парламентда депутат эмас, партияларнинг кучли бўлиши учун тизим яратилади;
  • қонунчилик палатасида депутатлар сонига қараб, вазирликлар портфели тақсимланади.

«Биз сайлов тизимида ўзгаришларни амалга оширадиган бўлсак, яъни бугунги кундаги сайлов тизими эмас, жаҳонда муваффақият билан амалга оширилаётган мажоритар ва пропорционал сайлов тизимлари қоришмасидан иборат бўлган бир сайлов тизимини агар жорий қиладиган бўлсак, бунда партиялар ўз ғоясини илгари суради ва парламентда партия сифатида сайловчилар олдида жавоб беради ҳамда депутатлар олдига вазифа қўяди. Айнан ўша ҳолатда сайловчилар розилигини ёки норозилигини депутатга эмас, бевосита партияга билдиради», — дея таъкидлади Алишер Қодиров.

2. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари ва фаолияти қайта кўриб чиқилади:

  • маҳаллий кенгаш раисининг бир вақтнинг ўзида хоким бўлиши тажрибаси батамом тугатилади;
  • маҳаллий кенгашларнинг ижро хокимиятини шакллантиришдаги роли ва назорат қилиш функциялари кескин кучайтирилади;
  • маҳаллий кенгаш депутатининг депутатликдан бошқа вазифани эгаллаши мумкинлиги тўғрисидаги тартиб бекор қилинади.

«Маҳаллий бюджетларни тасдиқлаш ҳокимнинг хоҳиши билан эмас, халқнинг хоҳиши билан, маҳаллий кенгаш қарори орқали амалга ошириладиган бўлади», — деди «Миллий тикланиш» номзоди.

3.Суд-ҳуқуқ тизимида туб ислоҳотлар ўтказилади:

  • тизимли ўзгаришлар суд ҳокимиятида адолатни кафолатлаш тизимини яратиш, тизимда «қон алмашинуви» жараёнларини тезлаштириш ҳамда соҳага янги авлод вакилларини жалб этиш орқали амалга оширилади;
  • мустақил тергов қўмитаси ташкил этилиб, ҳеч кимга бўйсунмайдиган мустақил орган фаолияти йўлга қўйилади. Терговни холис, ҳаққоний, шаффоф ва ҳалол олиб бориш таъминланади;
  • жазони ижро этиш муассасалари Ички ишлар вазирлигидан Адлия вазирлигига ўтказилади. Жазони ижро этиш муассасаларидан жазони ўтаб, озодликка чиққан фуқароларнинг жамиятга тез ва самарали мослашиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилади;
  • адвокатлик институти ислоҳ қилиниб, жозибали адвокатура тизими шакллантирилади. Соҳага доир қонунчилик асослари такомиллаштирилади. Молиявий имконияти чекланган фуқаролар мурожаат қила оладиган, бунда давлат субсидияларини кўзда тутадиган янги институт ташкил этилади.

«Бугунги кунда суд тизимида барча қонуний талаблар амалга оширилган бўлишига қарамасдан, суд адолатли инсонларни қўйган талабига жавоб бера олмаяпти. Ўйлаймизки, бу кадрлар билан боғлиқ бўлган масала», — дейди Алишер Қодиров.

Учинчи йўналиш. Мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш бўйича

1. Мамлакат иқтисодиётида давлат иштирокини тугатиш бўйича 5 йиллик давлат инновацион дастури қабул қилинади:

  • биринчи навбатда, монополиялар тугатилади. Давлатнинг иқтисодиётдаги ролини кескин тугатиш бўйича аниқ чоралар белгиланиб, давлат улуши бор корхоналарда трансформация жараёнлари амалга оширилади. Давлат бюджетига ортиқча юк бўлаётган корхоналарнинг давлат улуши стратегик инвесторларга сотилади;
  • ҳар қандай имтиёз ва преференциялар истисносиз фақат қонун билан белгиланадиган тизим яратилади. Иқтисодиётда барча учун тенг имконият ва шароитлар яратилишига эришилади. Президент фармонлари ва Ҳукумат қарорлари билан имтиёзлар ва преференциялар бериш анъанасига чек қўйилади;
  • коммунал хизмат кўрсатиш соҳаси хусусийлаштирилади. Коммунал хизматлар кўрсатувчи томон манфаатдор хизмат кўрсатувчи томон сифатида қайта ташкил этилади. Коммунал хизматлар кўрсатишда хусусий тадбиркорларга устувор имкониятлар яратилади.

«Биз энергия сотиш тизимини давлат тасарруфидан чиқариш тарафдоримиз. Бугун газ ишлаб чиқарувчи компания давлат бўлиши мумкин, лекин агар сотувчи компания бозор тизимлари асосида истеъмолчилар билан мулоқотни йўлга қўядиган бўлса, улар ҳеч қачон маҳсулотни таннархида пастга сотишга рози бўлмайди. Айнан шу сабабли улар даромад кўриб, инфратузилмани таъмирланган тутиб, аҳолини доимий электр билан таъминлайди», — деди Алишер Қодиров.

2. Амалдаги тизимга муқобил тарзда ислом молиялаштириш тизими жорий қилинади:

  • фуқаролик Кодекси ва «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги қонунга «фоизсиз муносабатлар» тушунчасини киритиш;
  • ўз капиталига эга бўлган ва эътиқоди сабабли амалдаги банк ва молия тизими билан ҳамкорлик қилмаётган тадбиркорлар қатламининг ўз сармояси билан мамлакат иқтисодиётига ҳисса қўшиши, иқтисодий тизимда фаол иштирок этиши учун замин яратилади;
  • 2026 йилгача капитал амнистияси, тадбиркорларга эса солиқ амнистияси эълон қилинади.

«Агар биз барча тадбиркорларга 2026 йилгача солиқ амнистиясини эълон қилсак ва барча мана шундай камчиликларни бартараф қилиш учун имконият берадиган бўлсак, ўйлайманки ҳуфиёна иқтисодиётнинг Ўзбекистон иқтисодиётидаги ўрни кескин камаяди ва барчаси шаффоф, очиқ меҳнат қилишни хоҳлайди», — дея таъкидлаб ўтди президентликка номзод.

«Ўзбекистондан ташқарида бўлган ватандошларимизнинг ҳар қандай молиявий ресурслари, инвестицияларини Ўзбекистонга олиб кирилгандан кейин унинг манбаларини суриштиришни тўхташимиз керак. 2026 йилгача агар биз мана шундай капитал амнистиясини эълон қилсак, бугунги кунда хориждаги жуда кўп маблағларни Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилиш учун бир имконият яратган бўламиз», — қайд этди Алишер Қодиров.

3. Иш берувчилар учун ходимларни мажбурий суғурталаш тизими жорий қилинади:

  • ишчи ходимларнинг ижтимоий муҳофазаси таъминланади. Меҳнат шартномасида ходимнинг соғлиғидан тортиб, ижтимоий талабларигача бўлган барча ҳолатлар кафолатланади.

4. Кам таъминланган аҳолини қўллаб-қувватлашнинг қадриятларга таянган янги тизими жорий этилади:

  • эҳсон, хайрия, ҳомийлик, закот каби қадриятларни қўллаган фуқароларни рағбатлантириш, жумладан давлат мукофотларига тавсия қилиш тизими йўлга қўйилади.
  • кам таъминланган оила аъзоларини иш билан таъминлаган тадбиркорларга солиқ имтиёзлари бериш тартиби жорий этилади.

«Ижтимоий кўмакни қадриятларга таянган тизимини шакллантириш. Биргина мисол, бизнинг муқаддас динимизда закот, ҳайр эҳсон, ҳомийлик деган тушунчалар бор. Айрим ҳолатларда бу эҳсонлар, бу ҳаракатлар яъни имконияти бор бўлган фуқаронинг имконияти кам бўлган фуқарога ёрдам бериши мажбурият даражасида ҳатто шакллантирилади», — деди номзод.

«Бугун ўз имкониятларидан келиб чиқиб, ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган оилаларга ёрдам берадиган фуқароларни, қўни-қўшниларга ёрдам берадиганларни рағбатлантириш механизмини қонунчиликка киритиришимиз керак», — дея қўшимча қилди у.

Тўртинчи йўналиш. Ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш соҳасида

1. Миллий урф-одат, анъаналар, шаклланган қадриятларга ҳурматсизлик учун жавобгарлик жорий қилинади:

  • Ўзбекистон Конституцияси миллий урф-одатлар, анъана ва халқимизда шаклланган қадриятларга нисбатан ҳурматсизлик учун маъмурий жавобгарликка доир нормалар билан тўлдирилади.

2. «Ислом дини — маърифат манбаи» давлат дастури қабул қилинади.

  • исломий таълим муассасаларига қабул квоталари оширилади;
  • Қуръон курслари оммалаштирилади;
  • диншунослик соҳасидаги илмий ишлар рағбатлантирилади;

3. Ўзбек тили кенг қўлланиладиган, замонавий тараққиётга уйғун тилга айланиши учун ҳуқуқий асослар кучайтирилади.

  • ўзбек тилида иш юритадиган бошқа миллатли фуқаролар маошига 25 фоизгача устама тўланади;
  • соҳага алоқадор илмий адабиётлардан бирини ўзбек тилига таржима қилиш илмий унвон олишнинг шарти сифатида киритилади;
  • ўзбек тилини бепул ўргатиш курслари учун субсидиялар ажаратилади.

4. Сўз эркинлиги ва жамиятни демократлаштириш давом эттирилади:

  • ОАВлар қўшимча қиймат солиғидан тўлалигича озод қилинади.
  • 50 минг овоз жамлаган мурожаат бўйича Президентнинг ОАВда шахсан муносабат билдиришига оид тизим яратилади.

5. Халқ қабулхоналари бепул юридик маслаҳат марказларига айлантирилади:

  • ҳар қандай мурожаатга ҳуқуқий баҳо бериш тизими яратилади. Халқ қабулхоналари маъмурий судлов тизимига интеграция қилинган суднинг биринчи босқичи сифатида фуқароларга консультатив хизматлар кўрсатадиган тизимга айлантирилади;
  • жисмоний шахсларнинг судга мурожаати учун давлат божи ундириш амалиёти бекор қилинади.

6. Алимент фонди ташкил этилади.

  • 3 ой ичида тўланмаган алиментлар фонд томонидан тўланади ва алимент тўловчининг озодлигини чеклаш ёки меҳнатга мажбурлаш орқали қопланади.

«Алимент фондига маълум бир ажратмалар, ҳомийлик маблағларидан ташкил этилган бир фондда агар шу алимент тўловчининг имконияти бўлмаса, фарзанднинг эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган маблағни алимент фондидан тўлаш ва алимент тўлаш мажбурияти зиммасида бўлган шахсни керак бўлса эркини чеклаш, керак бўлса мажбурий меҳнат қилиш орқали фонддан тўлаб берилган маблағни жойини қоплаб қўйиш каби масалани ўз ичига олади», — таъкидлади «Миллий тикланиш» номзоди.

Бешинчи йўналиш.Ташқи сиёсат соҳасида

  • Ўзбекистон Конституциясига мамлакат суверенитетига таъсир кўрсатадиган ва миллий қадриятларни камситадиган лойиҳаларда иштирок этишни таъқиқловчи норма киритиш ташаббус қилинади.
  • Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш тезлаштирилади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида нафақат иқтисодий манфаатлар, балки қадриятларига мос бўлмаган ҳар қандай иқтисодий, ижтимоий, сиёсий ҳамкорликларга йўл бермайдиган норма акс эттирилади.
  • Марказий Осиё кенг қамровли интеграцион ҳамкорлик майдонига айлантирилади. Ўзбекистон ташқи сиёсатида энг муҳим устувор йўналиш сифатида Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан Афғонистон билан ҳам яқин иқтисодий ва сиёсий муносабатлар йўлга қўйилади.
  • «Хориждаги ўзбеклар мулоқот клуби» ташкил этилиб, дунёнинг турли ҳудудларида истиқомат қилаётган ўзбеклар билан мулоқот майдони яратилади. Хориждаги ўзбекларни қўллаб-қувватлаш фонди, Миллий ўзбек қадриятларини тарғиб қилиш жамғармалари ташкил этилади.

«Агар мамлакатимиз тақдири учун муҳим бўлган бу жараёнда менга ишонч билдирсангиз, ишончингизни оқлаш учун биргаликда сизлар билан мамлакатимизни ўзгартиришга, боримни беришга ваъда бераман. Ўйлайманки, биз биргаликда мамлакатимизни ўзгартириб, ривожланган давлатга айлантирамиз», — дея ўз сўзларини якунлади Алишер Қодиров.