Ҳукуматнинг 8 июлдаги [377-сонли] қарори билан Йўл-патруль хизмати стационар постларида «яшил» ва «қизил» йўлак тамойили асосида ҳаракатланиш тартибини жорий этиш тўғрисидаги низом тасдиқланди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Низомга кўра, транспортлар ҳаракати фото ва видео қайд этиш қурилмалари орқали белгилаб борилади. Ҳайдовчилар ҳаракати ёруғлик диодли экран орқали ишора бериш йўли билан тартибга солинади.

Экранда акс эттирилмаган ёки «яшил» йўлак бўйлаб ҳаракатланиш ҳақида ишора берилган транспортлар «Яшил» йўлак бўйлаб тўсиқсиз ҳаракатланади.

«Қизил» йўлакдан ҳаракатланиши буюрилган транспорт воситалари бўйича ҳаракат қатнашчиларининг ҳужжатлари электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда текширилади. Агар уларда маълум қарздорлик аниқланса, постдаги банк терминали орқали тўлов амалга оширилганидан сўнг, уларнинг ҳаракатини давом эттиришига рухсат берилади.

Қарздорлик тўланмаган ҳолларда транспорт воситалари махсус тўхташ жойларига жойлаштирилади.

«Газета.uz»га Адлия вазирлиги матбуот хизмати аниқлик киритишича, мазкур қарор бугун, 13 июль кунидан бошлаб кучга киради.

Қарздорлик аниқланган транспорт воситаларига қуйидаги ҳолларда ҳаракатни давом эттиришга рухсат берилади:

  • Транспорт тўхтатилган вақтдан эътиборан кўпи билан 30 дақиқа ичида қарздорликка оид батафсил маълумот олиш имконияти бўлмаса ёҳуд постларда ташкил этилган банк терминаллари ишламаётган ёки аниқланган қарздорлик бўйича тўловни қонун ҳужжатларида белгиланган бошқача тартибда амалга ошириш имконияти бўлмаса;
  • аниқланган қарздорликларга асос бўлган қоидабузарликлар юзасидан судга мурожаат қилинган ёки иш судда кўрилаётган ҳолларда (бундан суднинг қарори қонуний кучга кирган ҳоллар мустасно);
  • транспорт воситасида шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож шахс бўлганда;
  • фавқулодда вазиятлар (табиий офат, техноген ҳалокат, ёнғин)дан юк ёки одамларни ташиш ҳолларда;
  • транспорт воситаси марҳумни ташиш учун фойдаланилаётган ёки дафн маромисида иштирок этаётган ҳолларда.

ЙПХ постлари рўйхати: