Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси, Бош прокуратура ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги томонидан Фарғона вилояти тарихи ва маданияти давлат музейида олиб борилган ўрганиш ишларида қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди, дея хабар қилди агентлик матбуот хизмати.

Ўрганишда музейда сақланаётган умумий баҳоси 2,5 млрд сўмлик 70 та ноёб экспонат (улардан 56 таси рангтасвир асарлари) қалбакилаштирилгани, музейни капитал таъмирлаш учун бюджетдан ажратилган 3,1 млрд сўм маблағнинг 1,4 млрд сўми мансабдор шахслар томонидан талон-торож қилингани аниқланди. Шунингдек, музейда сақланиши лозим бўлган 1 дона рангтасвир ва 1 дона графика асари топилмади.

Қайд этилишича, 2011 йилда музей томонидан Фарғона вилояти ИИБга жами 21 номдаги ашёлар берилган. Улардан 14 номдаги ашёлар 2016−2020 йиллар давомида музейга қайтарилган, аммо қолган 7 дона рангтасвир асари қайтарилмаган. Ҳозирги кунда Фарғона вилояти ИИБда ушбу 7 дона рангтасвир асари мавжуд эмаслиги аниқланди.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ўтказилган ўрганишларда ноёб деб келинган 101 та музей ашёсининг кирим китобидаги тавсифномалари ўлчам, материал, ишланиш услуби ва яратилган даври бўйича мос келмаслиги аниқлани ҳақида ёзган эдик.