Ҳуқуқшунослар Умида Ҳақназар ва Илҳом Азизов, шунингдек, иқтисодчи Юлий Юсупов ўз мақолаларида аграр ислоҳотларнинг боришини таҳлил қилиб, бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар, хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уларга эгалик қилиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш, мажбурий давлат буюртмаси амалиётидан воз кечиш ва бошқалар хусусида сўз юритади. Муаллифлар Конституцияга ўзгартириш киритилаётганда қишлоқ хўжалиги ерларини ниҳоят тижорат муомаласига киритиш, унга эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқларини мустаҳкамлашга эътибор қаратиш лозим деб ҳисоблайди.

Қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишни ислоҳ қилиш орқали ҳал қилиниши зарур бўлган муаммолар

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020−2030 йилларга мўлжалланган стратегияси яқин йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг муҳим устувор йўналишларини ўз ичига олади. Хусусан, қатор вазифалар билан биргаликда, тармоқ бошқарувида давлатнинг иштирокини қисқартириш ва бозор механизмларининг ролини кучайтириш, тармоқнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш кўзда тутилган.

Стратегияда табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажмини оширишга тўсқинлик қилувчи омиллар сифатида ердан фойдаланиш ҳуқуқининг етарли даражада кафолатланмаганлиги, ер майдонларини тақсимлашнинг аниқ механизмлари мавжуд эмаслиги, иккиламчи ижарага бериш имкониятларининг чекланганлиги ва бошқа сабаблар қайд этилган.

Шунингдек, пахта ва ғалла учун мажбурий давлат буюртмасини бекор қилиш зарурлиги тўғрисида ҳам сўз юритилган.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланишдаги асосий муаммолар:

1. Фермер ва ширкат хўжаликларига қарашли қишлоқ хўжалиги ерларидан, ер унумдорлиги даражасини сақлаш ва ошириш нуқтаи назаридан, самарасиз фойдаланилмоқда. Тупроқ унумдорлиги муттасил пасайиб, шўрланиш ҳолатлари ва ерларнинг деградацияси юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаблари:

  • Ерга эгалик ҳуқуқи яхши ҳимояланмаган — ер исталган вақтда олиб қўйилиши мумкин. Шу сабабли, ер эгаларида ерга ғамхўрлик қилиш ва унинг унумдорлигини ошириш мақсадида узоқ муддатли инвестициялар киритишга рағбат йўқ. Ердан қисқа муддатли фойда олиш учун интенсив фойдаланилади.
  • Экинларни давлат буюртмаси асосида етиштириш бўйича режа кўрсаткичлари фермерларни ердан интенсив фойдаланишга мажбур қилади ва алмашлаб экиш имкониятларини қисқартиради.
  • Самарали ер эгаларини танлаш ва ерларни самарали мулкдорлар фойдасига қайта тақсимлашнинг шаффоф ва оқилона механизмлари мавжуд эмас. Фермерларга тегишли ерлар бозор айланмасидан олиб қўйилган, ундан фойдаланиш ҳуқуқини қайта сотиш, уни гаровга қўйиш мумкин эмас, иккиламчи ижарага бериш имкониятлари чекланган. Ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш бозор тамойиллари асосида эмас, балки мансабдор шахсларнинг истакларига биноан амалга оширилади. Ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш механизмлари шаффоф эмас ва коррупциялашган.

2. Фермер ва ширкат хўжаликларига қарашли қишлоқ хўжалиги ерларидан, ердан фойдаланишнинг тижорий рентабеллигини максималлаштириш нуқтаи назаридан, самарасиз фойдаланилмоқда. Давлат буюртмаси асосидаги қишлоқ хўжалиги экинлари учун мажбурий ер квоталари фермерларга тупроқ хусусиятлари, иқлим, сув билан таъминланганлик, кадрлар малакаси, бозор коньюнктураси, харажатлар ҳажми ва қиёсий устунликнинг бошқа омилларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш таркибий тузилмасини оптималлаштириш учун имкон бермайди. Аксарият ҳолларда пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилган ерларда бошқа экинларни етиштириш самаралироқ бўлади.

3. Сув ресурсларининг якуний фойдаланувчилари, шунингдек, сув инфратузилмасига масъул шахслар ва ташкилотлар томонидан сувдан оқилона фойдаланиш учун самарали рағбатлантириш воситалари мавжуд эмас. Натижада сув ресурсларининг 1/3 қисмидан ортиғи суғориш тармоқларида йўқотилмоқда. Суғориладиган ерларнинг бир неча фоизигина сувни тежовчи технологиялар билан таъминланганлиги сабабли ундан ҳам кўпроқ миқдордаги сув далаларда йўқотилади.

4. Ижтимоий муаммоларни ҳал қилиш учун ердан фойдаланиш имкониятлари тўлиқ юзага чиқарилмаган:

  • Меъёридан ортиқ аҳоли истиқомат қилувчи аграр ҳудудларда ижтимоий танглик, бандлик ва даромадларнинг паст даражаси ҳукм сургани етмаганидек, қишлоқ аҳолисининг катта қисми учун ердан фойдаланиш имконияти ҳам чекланган.
  • Ҳозирги ер эгалари (фермерлар) томонидан ер олишнинг тамойиллари ва механизмлари тушунарсиз, ношаффоф, уларнинг ерга эгалик қилиш ҳуқуқи қишлоқ аҳолиси наздида қонунга зиддир.

Манба: «Ўзбекистон Республикасида қишлоқ хўжалиги ерларини тақсимлаш ва улардан фойдаланишни оптималлаштиришнинг ҳозирги ҳолати ва имкониятлари» таҳлилий қайдномаси. Тошкент, 2020. Ҳужжат Европа Иттифоқининг «Қишлоқ хўжалиги вазирлигига техник ёрдам кўрсатиш» (Technical Assistance to the Ministry of Agriculture) лойиҳаси буюртмаси асосида Иқтисодий ривожланиш маркази (Center for Economic Development, Uzbekistan) экспертлар гуруҳи томонидан тайёрланган.

Мамлакат президенти ўз чиқишларида юқорида санаб ўтилган муаммоларни ҳал этиш, жумладан, мажбурий давлат буюртмасини бекор қилиш, ердан ижара ва иккиламчи ижара шаклида фойдаланиш ҳуқуқини кенгайтириш, ерларни тақсимлашда маҳаллий ҳокимият органларининг ваколатларини қисқартириш, қишлоқ хўжалиги соҳаси фаолиятига бозор механизмларини жорий этиш зарурлигини бир неча бор таъкидлаб ўтган.

Ислоҳотлар давом этмоқда, бироқ муаммолар ҳали ҳам сақланиб қолмоқда

Қабул қилинган бир қатор қарорларга қарамай, объектив (пандемия) ва субъектив (давлат аппаратининг қаршилиги) сабабларга кўра аграр ислоҳотлар бутунлай музлатиб қўйилди. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш жараёнига давлатнинг сезиларли аралашуви сақланиб қолмоқда, мажбурий давлат буюртмаси тизими амалда ҳали ҳам мавжуд, фермерларнинг ердан фойдаланиш ҳуқуқлари чекланган ва етарли даражада ҳимояланмаган. Бу кўплаб салбий оқибатларга олиб келади ва аграр ислоҳотларни амалга ошириш истиқболларини шубҳа остида қолдиради.

Мажбурий давлат буюртмаси институтининг сақланиб қолиши

«Қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш» деб юритилувчи маъмурий усулнинг ҳали ҳам амалда қўлланилаётганлиги, шунингдек, ерларни тақсимлашнинг шарти сифатида ҳосилдорликнинг меъёрлаштирилган кўрсаткичлари (Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 18 августдаги 235-сонли қарори) сақланиб қолаётганлиги сабабли экин майдонларининг 70 фоиздан ортиғи мажбурий тартибда пахта ва ғалла етиштириш учун ажратилиши давом этмоқда.

Бошқача айтганда, мажбурий давлат буюртмаси институти амалда сақланиб қолган ва бу тармоқнинг самарасизлиги ҳамда келгусидаги ислоҳотларни амалга ошириш имконсизлигининг асосий сабаби ҳисобланади.

Ердан фойдаланиш ҳуқуқининг яхши ҳимояланмаганлиги ва чекланганлиги

Ҳокимларнинг ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлашдаги ваколатлари қисқартирилган бўлса-да, уларга бу жараёнларда фаол иштирок этиш имконини берувчи сезиларли истисно ҳолатлар ҳали ҳам амал қилади (2021 йил 8 июндаги 6243-сонли ва 2022 йил 24 мартдаги 91-сонли президент фармони). Ерларнинг ноқонуний савдоси, шунингдек, ер майдонларини фермерлардан ноқонуний олиб қўйиш амалиёти давом этаётганлиги кузатилмоқда.

Ўзбекистоннинг сиёсий-ҳуқуқий тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни сақлашнинг самарали тизими мавжуд эмаслиги туфайли на суд ҳокимияти, на вакиллик ҳокимияти, на жамоатчилик ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятига эга эмас.

Фермер хўжаликларига берилган ерлардан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланилиши лозим, бу эса тадбиркорлик эркинлиги, қишлоқ хўжалиги экинларини тупроқ ва иқлим хусусиятлари, сув билан таъминланганлик, кадрлар малакаси ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда танлаш имкониятини чеклайди.

Ер майдонлари хусусийлаштирилиши ва олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўлиши мумкин эмас, бу эса соҳага самарали мулкдорлар, инвестициялар ва кредитларни жалб қилишга имкон бермайди.

Қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар (2020 йил 29 сентябрдаги қонун билан) иккиламчи ижара институтидан фойдаланишга рухсат беради (илгари бу тақиқланган эди), бироқ уни қўллаш имкониятлари сезиларли чекланган. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдони фермер хўжаликларига бир йилгача бўлган муддатга (инвестиция лойиҳалари ёки давлат-хусусий шериклик асосида камида 3 йилдан кам ва 49 йилдан кўп бўлмаган муддатга) иккиламчи ижарага берилиши мумкин.

Деҳқон хўжалигига ер майдони тарафларнинг келишуви асосидаги муддатга вақтинча фойдаланишга берилиши мумкин. Бироқ, иккиламчи ижарага олинган қишлоқ хўжалиги ер майдони олди-сотди, гаров, ҳадя, айирбошлаш объекти бўла олмайди.

Қишлоқ хўжалиги кластерлари бозор тамойилларига зид маъмурчиликнинг янги воситаси сифатида

Қонунчилик ердан фойдаланишнинг учта шаклини назарда тутади: (1) фермер хўжалиги; 2) деҳқон хўжалиги; ва (3) кооператив хўжалик (ширкатлар).

Бироқ, сўнгги йилларда тўртинчи шакл — қишлоқ хўжалиги кластерлари кенг қўлланилмоқда, ваҳоланки, қонун ҳужжатларида кластерлар ердан фойдаланиш шакли сифатида белгиланмаган.

Айни пайтда, давлат фермерларни давлат буюртмаси асосидаги экинларни етиштиришга мажбурлаш ваколатини айнан кластерларга топширган, шу билан бир қаторда, мажбурлаш нафақат пахта ва ғаллага, балки бошқа экинларга (мева ва сабзавотларга) нисбатан ҳам қўлланилиши мумкин. Бундан ташқари, кластерлар айрим ҳолларда илгаригидан кўра кучлироқ агротехнологияларни жорий этиш орқали ўзларига бириктирилган фермерларнинг фаолият эркинлигини юқори даражада чеклаб қўймоқда.

Ўзбекистон паст технологияли тўқимачилик маҳсулотлари экспортёри ҳисобланади, айни пайтда юқори қўшимча қийматга эга ва сифатли тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилади. Пахта кластерлари пахтани асосан экспортга мўлжалланган калава-ип ишлаб чиқариш мақсадида сотиб олади. Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган тўқимачилик маҳсулотларининг 97 фоизи ва калава-ипнинг 60 фоиздан ортиғи экспорт қилинади, шундан тайёр маҳсулотларнинг 60 фоизи Россия ва бошқа МДҲ давлатларига, оқартирилган ва бўялган калава-ипнинг 100 фоизи эса Хитой ва Туркияга йўналтирилади. Ишлаб чиқарилган калава-ипнинг 90 фоизи трикотаж ва фақат 10 фоиз қисмигина газлама тўқиш учун мос келади. Газлама тўқишга мўлжалланган иплар ишлаб чиқаришнинг технологик мураккаблиги туфайли Ўзбекистон бу соҳада муҳим иштирокчига айлана олмади. Тайёр тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга келсак, Ўзбекистонда пахтадан асосан маҳаллий аҳоли учун қимматлик қиладиган юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқарилади ва улар асосан Россия ва Шарқий Европага экспорт қилинади.

Хитой ва Туркия сингари кимё саноати ривожланган мамлакатларда рақобатбардошроқ нархларда ишлаб чиқарилаётган, асосан сунъий газламалар ва бўёқлардан тайёрланган арзон маҳсулотларга нисбатан маҳаллий талаб юқорилигича сақланиб қолмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар эса, асосан, ортиқча ва нуқсонли маҳсулотларни ички бозорга сотади. («Ўзбекистонда тўқимачилик кластери учун техник-иқтисодий асослаш» ҳисоботи маълумотлари, Price Waterhouse Coopers Central Asia ва Caucusus B.V. (PwC) томонидан Ajlan & Bros. учун тайёрланган, 2019 йил.)

Буғдойга келсак, иқлим шарт-шароитлари сабабли етиштириладиган маҳаллий буғдой нон ишлаб чиқаришга яроқли эмас. Маҳаллий буғдойдан тайёрланган деярли барча маҳаллий унлар фақат паст сифатли қолипли нон (буханка) ишлаб чиқариш учун йўналтирилади. Натижада катта миқдордаги нон чиқиндилари кузатилмоқда ва маҳаллий ундан тайёрланган арзон қолипли нондан чорва озуқаси сифатида фойдаланилмоқда (бу чорва учун ҳам зарарли).

Кластерларнинг рақобатбардош афзалликлари асосан фермерларни муайян экинларни етиштиришга мажбурлаш, етиштирилган ҳосилни қатъий белгиланган нархларда сотиш, электр энергияси, газ, сув тарифларининг арзонлиги, шунингдек, тўқимачилик фабрикалари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг паст даражаси каби нобозор омиллар асосига қурилган.

Давлат (барча кўринишлардаги) мажбурий давлат буюртмасидан воз кечса, иш ҳақи ўсишни бошласа, электр энергияси, сув ва газ учун субсидиялар қисқартирилса ёки уларга чек қўйилса, кластерлар ўзларининг рақобатдош устунликларини йўқотадилар ва юқори эҳтимоллик билан уларнинг аксарияти рақобатга дош беролмай қоладилар.

Бундан келиб чиқадики, сўнгги йилларда ташкил этилган «қишлоқ хўжалиги кластерлари» — бу давлат-монополия бошқарувининг фақатгина сунъий равишда яратилган шароитларда яшаб қолишга қодир бўлган яққол самарасиз шакли бўлиб, уларнинг ишлаш тамойиллари аграр ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилмоқда.

Экология ва озиқ-овқат хавфсизлиги масалаларида янги таҳдидлар ва рисклар

Қишлоқ хўжалигининг «кластерлашуви» экология ва озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ бир қатор таҳдид ва рискларни кучайтирди.

Кластерларга бириктирилган фермерларнинг ерлари кластерларнинг мулки ҳисобланмайди ва улар томонидан қимматли актив сифатида қаралмайди. Шунинг учун уларда ернинг унумдорлик ва сифат даражасини сақлаш ёки ошириш мақсадлари учун узоқ муддатли инвестициялар киритишга ҳеч қандай рағбат йўқ. Шунга қарамай, улар бу ердан максимал даражада фойдаланишдан манфаатдор.

Бундан ташқари, пахта ва буғдойга асосланган монокултуранинг сақланиб қолаётганлиги маҳсулот турларини кўпайтириш имкониятини чеклайди, бу эса мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдид солади.

Ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга урғу берилиши қишлоқ хўжалиги кластерларини тупроқ ҳолати ва алмашлаб экиш амалиётини ҳисобга олмасдан, кимёвий ўғитлар ва зараркунандаларга қарши кураш воситаларидан ортиқча фойдаланган ҳолда ҳосилдорликни оширишга ундайди. Кимёвий моддалар ва пестицидлардан назоратсиз фойдаланиш тупроқни қуритади ва микроорганизмларни табиий яшаш муҳитидан маҳрум қилади. Бундан ташқари, суғориш ва тупроқни ювиш учун фойдаланиладиган сув ифлосланмоқда.

Биологик ўғитлардан фойдаланиш тегишли қисқа муддатли самарани бермаяпти ва уларга бўлган талаб тобора пасайиб бормоқда. Республикада 1000 дан ортиқни ташкил этган биологик лабораториялар сони кластерлар фаолияти давомида 600 тагача қисқаргани уларга бўлган талаб камайганидан далолат беради.

Тупроқ ҳолатининг ёмонлашуви ва ифлосланиши, сувнинг ифлосланиши нафақат бевосита пахта ва ғалла етиштириладиган ер майдонларида, балки бошқа барча суғориладиган ерларда ҳам юзага келмоқда. Тупроқ муҳим микроэлементлари: ҳаракатланувчи фосфор (меъёрдан 93 фоиз паст), алмашинадиган калий (меъёрдан 68,3 фоиз паст), чириндини (меъёрдан 70,3 фоиз паст) йўқотмоқда.

Кўплаб мамлакатларда аллақачон тақиқланган хлорорганик пестицидлардан узоқ муддат фойдаланиш натижасида ДДТ, ДДД, ДДЕ, ГҲСГ каби улар орасидаги энг зарарлиларининг концентрацияси меъёрдан сезиларли даражада ошиб кетган. Уларни тупроқдан чиқариб ташлаш учун (кўпчилиги 100 йилдан ортиқ вақтдан бери сақланиб келмоқда) илмий ёндашув, биринчи навбатда, монокультурадан воз кечиш, тупроқни микроэлементлар билан бойитиш имконини берувчи алмашлаб экишдан фойдаланиш талаб этилади. (Ўзбекистон Карантин ва ўсимликларни ҳимоя қилиш агентлиги ҳузуридаги Агрокимё илмий марказининг 2021 йил учун ҳисоботи маълумотлари).

Бугунги кунга келиб Ўзбекистонда рўйхатга олинган 72 та фаол моддадан 43 таси (60 фоиздан ортиғи) Европа Иттифоқида фойдаланиш тақиқланган моддалардир. Бу шуни англатадики, ушбу пестицидлар воситасида ишлов берилган боғдорчилик маҳсулотларини Европа Иттифоқига ва Alimentarius Кодекси қўлланиладиган бошқа кўплаб мамлакатларга экспорт қилиб бўлмайди. (ФAO/ЖССТ Халқаро комиссияси томонидан қабул қилинган озиқ-овқат маҳсулотларига оид стандартлар ва қоидалар кодексини жорий этиш бўйича халқаро озиқ-овқат стандартлари тўплами).

Аҳоли саломатлигига зарар етказилмоқда, сабаби пестицидлар ва ўғитларнинг рухсат этилган чегаравий миқдори меъёрдан ортиқ бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш саломатлик учун узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келади, хусусан, юқумли бўлмаган касалликлар, шу жумладан, онкологик касалликларнинг авж олишига кучли таъсир кўрсатади.

Минерал ўғитлар агрокимёвий харита асосида қўлланилмайди. Натижада:

  • қўлланилаётган минерал ўғитлар миқдори белгиланган илмий асосланган меъёрлардан юқори;
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотларида нитратларнинг рухсат этилган чегаравий қолдиқ миқдори (MPC) юқори;
  • ифлосланган маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида аҳоли саломатлигига зарар етказилади, сабаби MPC меъёридан ошиб кетганда пестицидлар сурункали токсик таъсир кўрсатиши мумкин. Пестицидлар билан ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотларини узоқ муддат истеъмол қилиш сурункали заҳарланишни келтириб чиқаради, бунга кўпинча овқат ҳазм қилиш тизими (жигар, ошқозон), юрак-қон томир тизими касалликлари, репродуктив функциянинг ёмонлашиши ва эҳтимолий онкологик касалликлар ҳамроҳлик қилади;
  • экспорт билан боғлиқ тўсиқлар юзага келади, сабаби юқори MPC`га эга маҳсулотлар кўплаб мамлакатларда қабул қилинмайди.

Республикада зарур токсикологик лабораториялар (пестицидларни таҳлил қилиш учун) мавжуд эмас, бу эса салбий оқибатларга олиб келади:

  • мева ва сабзавотлар таркибидаги пестицидлар, оғир металлар тузларининг MPC миқдоридан ошиб кетиши;
  • тупроқнинг ифлосланиши;
  • экспорт қилинадиган маҳсулотларни импорт қилувчи давлат меъёрларига мувофиқ MPC`дан ошиб кетганлик предмети сифатида верификация қилишнинг мумкин эмаслиги ва импорт қилувчи давлатнинг сотиб олишдан бош тортиши, бу, ўз навбатида, мамлакат обрўсига путур етказади, тақиқ ўрнатилган мамлакатга экспортни қайта тиклаш қобилиятининг узоқ муддатга йўқотилишига олиб келади.

Кўриниб турибдики, тупроқ сифатини қайта тиклаш, ўсимликларнинг янги навларини яратиш, биологик хилма-хиллик ва мева-сабзавотларнинг анъанавий хўжалик навларини қайта тиклаш, ер, сув каби табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, агротехника ва биологик ўғитларни тўғри қўллаш ердан фойдаланувчилардан билим, инвестициялар, фойдаланиш маданиятининг ўзини ўзгартириш ва ерга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни талаб қилади. Бу фермерлар иқтисодий мустақилликка эришган ҳамда ердан фойдаланиш ҳуқуқининг мустаҳкам кафолатларига эга бўлган тақдирдагина мумкин бўлади.

Амалдаги ердан фойдаланиш механизмлари бундай имконият ва кафолатларни таъминламайди. Ҳозирда Ер кодексига ва ердан фойдаланиш ҳуқуқларини либераллаштириш бўйича бошқа қонун ҳужжатларига таклиф этилаётган ўзгартиришлар, манфаатли қўшимчаларни ўз ичига олганлигига қарамай, ҳали етарли эмас ва ер муносабатлари соҳасини самарали ислоҳ қилиш учун зарур бўлган стратегик муҳим ўзгаришларни назарда тутилмаган.

Аграр ислоҳотларни амалга ошириш йўналишлари ва чора-тадбирлари

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш зарур:

1. Мажбурий давлат буюртмасидан бутунлай воз кечиш, шу жумладан, «қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш», ҳосилдорлик кўрсаткичларини меъёрлаш ва фермер хўжаликларининг, коррупция манбаи ҳисобланган, бозор иқтисодиёти тамойилларига зид бўлган, кластерлар билан мажбурий шартнома тузиш амалиёти ҳамда ер ва сувдан норационал фойдаланиш амалиётига чек қўйиш.

2. Пахта ва буғдойнинг эркин бозорларини шакллантириш.

3. Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун ресурслар ва хизматларнинг эркин ва рақобатбардош бозорларини шакллантириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини молиялаштириш тизимини такомиллаштириш, жумладан, нобанк ташкилотлар воситасида молиялаштиришни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш.

4. Қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик қилиш ҳуқуқини мустаҳкамлаш, жумладан:

  • Ерларни тақсимлаш ва қайта тақсимлашда маҳаллий ҳокимият органларининг ҳуқуқларини чеклаш.
  • Деҳқон ва фермер хўжаликларининг «мулк ҳуқуқлари» ни, шу жумладан, мулк ёки ижара ҳуқуқини қайта сотиш ҳуқуқларини кенгайтириш; ер ёки унга эгалик қилиш ҳуқуқидан кредит олиш учун гаров сифатида фойдаланиш; ишчи кучини доимий асосда ёллаш (деҳқон хўжаликлари учун); шунингдек, ижара муддатини узайтиришнинг аниқ қоидаларини, шу жумладан, ижара қоидалари бузилмаган тақдирда муддатни автоматик узайтиришни жорий этиш.
  • Муддатсиз ижара ва иккиламчи ижара ҳуқуқини кенгайтириш (муддатлар шартномага мувофиқ белгиланади).
  • Қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан хусусий мулкчилик институтини жорий этиш. Деҳқон хўжаликлари учун қишлоқ хўжалиги ерларига эгалик ҳуқуқини жорий этиш бу йўналишдаги илк қадам бўлиши мумкин.
  • Қишлоқ хўжалиги ерларини хусусий мулк сифатида ёки узоқ муддатли ҳимояланган ижарага бериш орқали хусусийлаштиришни амалга ошириш.
  • Ерларни янги мулкдорларга беришнинг шаффоф ва самарали қоидаларини, шунингдек, ер майдонларини иккиламчи қайта тақсимлаш қоидаларини шакллантириш ва жорий этиш. Ер майдонларини хусусийлаштириш ёки узоқ муддатли ижарага бериш, шунингдек, ҳуқуқларни қайта сотиш тўлов, ошкоралик ва ижтимоий адолат тамойиллари асосида амалга оширилиши зарур. Ер унинг учун кўпроқ ҳақ тўлашга тайёр бўлганларга берилиши лозим. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигига ихтисослашган ҳудудлар аҳолисининг меъёридан ортиб кетиши ва бунинг натижасида келиб чиқадиган ижтимоий танглик ҳисобга олиниши керак. Шу боисдан, янги мулкдорларга бериладиган ер майдонларининг ҳажмига чекловлар жорий этиш, янги мулкдор томонидан ер майдонининг қийматини бўлиб-бўлиб тўлашни назарда тутиш таклиф этилмоқда. Деҳқон хўжаликлари мос равишда ўз эгалари томонидан имтиёзли шартларда хусусийлаштирилиши лозим. Қишлоқ хўжалиги ерларининг қолган қисми хусусийлаштирилиши ёки асосан маҳаллий аҳоли ўртасида ташкил этиладиган электрон аукционлар орқали узоқ муддатли ижарага берилиши зарур.
  • Давлат ер кадастри тизимида ер ва ер майдонларини таснифлашни жадаллаштириш. Деҳқон хўжаликлари тоифасидаги ерларни иккиламчи таснифлашни амалга ошириш.

5. Қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларини давлат томонидан тартибга солиш тизимини ислоҳ қилиш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини яратиш, жумладан:

  • сувни истеъмолчиларга етказиб бериш харажатларини ҳисобга олган ҳолда сувдан тўлов асосида фойдаланишнинг бозор тамойилларини, шунингдек, сувдан фойдаланиш ҳуқуқини қайта сотиш механизмларини жорий этиш;
  • давлат-хусусий шериклик механизмларидан кенг фойдаланган ҳолда ирригация ва мелиорацияни бошқариш тизимини ислоҳ қилиш;
  • қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан қайта қуриш: кредитлаш, суғурталаш, ирригация инфратузилмасини молиялаштириш, соҳани илмий тадқиқотлар ва ахборот-консалтинг воситасида қўллаб-қувватлаш ва бошқалар.

6. Пестицидларни тартибга солиш бўйича қатор чора-тадбирларни амалга ошириш, жумладан:

  • Ўзбекистон ҳудудида фойдаланишга рухсат берилган пестицидлар ва ўғитларни рўйхатга олиш қоидаларини тўлиқ янгилаш. Европа Иттифоқи мамлакатлари, АҚШ ва бошқа потенциал экспорт бозорларида аҳоли саломатлиги учун зарарли ҳисобланиб, тақиқ ўрнатилган пестицидлардан воз кечиш.
  • Пестицидлардан фойдаланиш соҳасида амалдаги меъёрлар (СанПин, ГОСТлар ва бошқалар), уларнинг параметрлари ва бошқаларни Alimentarius Кодекси параметрлари билан мувофиқлаштириш.
  • Пестицидларни қўллаш қоидалари ва IPM (зараркунандаларга қарши курашни бошқаришнинг интеграциялашган тизими) GAP (муносиб қишлоқ хўжалиги амалиётлари) усуллари бўйича янги қонун ҳужжатларини қабул қилиш.
  • Янги қоидаларнинг қўлланилишини назорат қилиш ва текшириш.
  • Фермерлар ва назорат қилувчи органларни зараркунандаларга қарши курашни бошқаришнинг интеграциялашган тизимини қўллаш бўйича кенг қамровли ўқитишни ташкил этиш, фермерлар уюшмалари томонидан фермерлар учун маслаҳат хизматларини (advisory services, extention services) ривожлантиришга кўмаклашиш.

Конституцияга ўзгартиришлар киритиш тўғрисида

Ердан фойдаланиш масалаларига мамлакат Конституциясига таклиф этилаётган ўзгартиришлар ҳам таъсир кўрсатади.

Ўзбекистон Конституциясининг 55-моддасига (амалдаги таҳрири) кўра, ер умуммиллий бойлик бўлиб, ундан оқилона фойдаланиш зарур ва у давлат муҳофазасидадир. Бу доктрина давлатнинг умуммиллий мулкни «муҳофаза қилиши» ва «бошқариши» ни назарда тутади. Бу, шунингдек, давлатнинг халққа хизмат қилишини, ер ва бошқа миллий табиий бойликлар эса давлатнинг ишончли бошқарувида бўлишини англатади, давлат ерни олди-сотди натижасида қўлга киритадиган ҳолатлар бундан мустасно (Фуқаролик Кодексининг 182-моддаси).

Фуқаролик Кодексининг 164-моддаси таърифига кўра, «Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек, ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир».

Конституция 55-моддасининг муҳокамага киритилган янги таҳрири қуйидагича:

«Ер, ер ости бойликлари, сув, атмосфера ҳавоси, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий ресурслар умуммиллий бойликдир, улардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат мулкида бўлади. Ер қонунда назарда тутилган шартлар асосида ва тартибда хусусий мулк ҳам бўлиши мумкин.

Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади.

Табиий ресурслардан оқилона фойдаланилиши лозим ва улар давлат томонидан муҳофаза қилинади".

Таклиф этилаётган таҳрир давлатни қишлоқ хўжалиги ерларининг ягона эгасига айлантиради ва қишлоқ хўжалиги ерларига нисбатан хусусий мулкчилик имкониятини бутунлай истисно қилади ҳамда ерга нисбатан мустаҳкам ҳуқуқларни белгилаш имкониятларини ушбу модданинг амалдаги таҳриридаги қоидадан ҳам кўпроқ чеклашни таклиф қилади.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳам савдо айланмасида фаол иштирок этиши жуда муҳим. Бунга, биринчи навбатда, ҳимояланган ерга эгалик ҳуқуқини, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқини ҳам, узоқ муддатли ижара ва иккиламчи ижарага бўлган ҳуқуқларни ҳам кафолатлаш орқали эришилади. Ерга беқарор ва ҳимояланмаган эгалик ҳуқуқи шароитида ер ва сув ресурсларидан самарали ва оқилона фойдаланиш мумкин эмас.

Дунёнинг аксарият мамлакатларида ерга, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган мулк ҳуқуқи фақат ягона мулкдор сифатида давлат билан чекланмайди. Шунингдек, кўплаб мамлакатларда давлат ер бозорида тижорий қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга ошириш мақсадида иштирок этмайди, фақатгина ер муносабатлари соҳасида жамоатчилик манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича тартибга солиш функцияларини сақлаб қолади.

Бундан ташқари, ернинг савдо айланмасида тўлиқ иштирок этиши капиталлашув учун муҳим молиявий актив сифатида бошқа бозорларнинг ривожланишига ҳам имкон яратади (масалан, молиялаштиришни таъминлаш, шунингдек, иқтисодиётнинг ушбу секторидаги компаниялар учун корпоратив қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш учун).

Мақола муаллифлари 55-модда лойиҳасининг иккинчи бандидан воз кечишни таклиф қилмоқдалар: «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, ўрмон фонди давлатга тегишли бўлиб, тадбиркорлик субъектларига ижара шартномалари асосида ажратилади».

Муаллифлар ушбу масалаларни очиқ муҳокама қилишга тайёр, шунингдек, қонунчиликка киритилиши зарур бўлган асосий қоидалар бўйича батафсилроқ ва аниқ таклифлар беришга тайёр.

Муаллифлар фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.