Ўзбекистон йил бошидан буён Хитойга 1 млрд доллардан кўпроқ товар экспорт қилди. Мамлакатнинг Хитойдан товарлар импортидаги улуши ортиб бормоқда. Бу Давлат статистика қўмитаси маълумотларида акс этган.

Унга кўра, 2022 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон экспортида энг юқори улушга эга бўлган давлат Хитой бўлди. Ўтган йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон Хитойга 835,4 млн долларлик товар экспорт қилган бўлса, бу йил ушбу кўрсаткич 216,6 млн долларга ошиб, 1 млрд 52 млн долларни ташкил этди.

Шунингдек, Ўзбекистон экспортида ўтган йилнинг январь-май ойларида иккинчи энг йирик ҳамкор давлат Туркия (694,1 млн доллар) бўлган бўлса, бу йил Россия Ўзбекистон экспортида иккинчи энг йирик мамлакат бўлди — 939,4 млн доллар.

Қуйида Ўзбекистон экспортида улуши энг йирик 10 та давлат кўрсатилган:

  • Хитой — 1 млрд 52 млн доллар;
  • Россия — 939,4 млн доллар;
  • Туркия — 741,4 млн доллар;
  • Қозоғистон — 489 млн доллар;
  • Қирғизистон — 354 млн доллар;
  • Афғонистон — 307 млн доллар;
  • Тожикистон — 171 млн доллар;
  • Канада — 71 млн доллар;
  • Эрон — 69 млн доллар;
  • Туркманистон — 63 млн доллар.

Шунингдек, Давлат статистика қўмитаси 2022 йилнинг январь-май ойларида Ўзбекистон импортида энг юқори улушга эга бўлган ҳамкор давлатлар рўйхатини ҳам эълон қилди.

2021 йилда ҳам Ўзбекистон импортида энг юқори улушга эга бўлган Хитой бу йил мамлакатга 2,7 млрд долларлик товар экспорт қилди. Бу ўтган йилнинг худди шу даврига нисбатан 858,1 млн долларга кўпдир. Қолаверса, Россиядан ҳам маҳсулот импорти жорий йилнинг январь-май ойларида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада ошди — фарқ 552,8 млн доллар.

Қуйида Ўзбекистон импортида улуши энг йирик 10 та давлат кўрсатилган:

  • Хитой — 2,7 млрд доллар;
  • Россия — 2,3 млрд доллар;
  • Қозоғистон — 1,3 млрд доллар;
  • Корея — 1,1 млрд доллар;
  • Туркия — 698,5 млн доллар;
  • Германия — 465 млн доллар;
  • Туркманистон — 260 млн доллар;
  • Ҳиндистон — 249 млн доллар;
  • АҚШ — 192 млн доллар;
  • Бразилия — 170 млн доллар.

Аввалроқ «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев ўз мақоласида Украинадаги уруш Россияга кучли боғланган иқтисодиётлар учун ташқи савдо хатарларини келтириб чиқаришини ва шунга қарамай, март-апрель ҳолатига кўра Ўзбекистон ташқи савдоси соғлом кўрсаткичларда ўсганини қайд этган эди.

У Ўзбекистон ташқи савдоси бўйича тўрт ойлик ҳисоботлардаги рақамларга эътибор қаратиб, импорт ҳам, экспорт ҳам юқори суратларда ўсаётганини таъкидлаган эди. Хусусан, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатнинг экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 баробарга ошган. Импорт ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўпайган.