Россиянинг Украинада «махсус операция» бошлаши ортидан юзага келган иқтисодий-сиёсий беқарорлик ва ноаниқликлар Ўзбекистон каби Россияга кучли боғланган иқтисодиётлар учун турли хатарларни келтириб чиқарди. Шундай хатарлардан бири савдо-иқтисодий муносабатларнинг ёмонлашуви ҳисобланади.

Аввало эътиборга олиш жоизки, оғир санкциялар босими остида Россиянинг ташқи савдо ҳажми март ойининг ўзидаёқ рекорд даражада қисқарди. Шу билан бирга, ғарб мамлакатларининг ҳалигача Россия томонидан етказиб бериладиган энергия ресурсларидан тўлиқ воз кечолмаётганлиги ҳамда энергия ресурслари нархларининг ўсиб бораётганлиги Россиянинг экспорт тушумлари барқарор юқори даражада сақланиб қолишига замин яратмоқда. Бироқ, Россияга нисбатан киритилган олтинчи санкциялар пакетидан денгиз орқали кириб келадиган Россия нефти ҳам жой олган ва бу эндиликда Россиянинг энергия ресурсларидан оладиган даромади пасайишида муҳим рол ўйнаши мумкин.

Шунга қарамай, Россия импорт билан боғлиқ кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Хусусан, март ойининг ўзида Россиянинг Япония, Корея, Тайвань ва коллектив Ғарб (аниқроғи, Украинадаги урушга қарши) мамлакатларидан импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 53 фоизга, урушга бетараф ёки Россия томонида бўлган давлатлардан импорт ҳажми (Хитойни қўшиб ҳисоблаганда) 45 фоизга камайган. Умуман олганда, турли прогнозларга кўра, Россиянинг жорий йилда рекорд даражадаги савдо профицитига (экспорт кўрсаткичининг импорт кўрсаткичидан юқори бўлиши) эришиши кутилаётганлиги ҳам бежиз эмас. Ҳозирги кунда Россия иқтисодиёти учун импорт масаласи тобора қийинлашиб бормоқда.

Бундай тенденция Ўзбекистоннинг Россия ва бошқа давлатлар билан савдо алоқаларига қандай таъсир қилди?

Ўзбекистон ташқи савдоси бўйича тўрт ойлик ҳисоботлардаги рақамларга эътибор қаратсак, кўриш мумкинки, импорт ҳам, экспорт ҳам юқори суратларда ўсмоқда. Хусусан, 2022 йилнинг январь-апрель ойларида мамлакатнинг экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 2 баробарга ошган. Импорт ҳажми эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробарга кўпайган. Умуман олганда, экспорт ҳажмининг бундай юқори суръатда ўсаётганлигининг асосий сабаби олтин экспорти ҳисобланади. Ўтган тўрт ой мобайнида Ўзбекистон қарийб 3 млрд доллар қийматдаги олтин экспортини амалга оширган. Таққослаш учун, 2021 йилнинг мос даврида умуман олтин экспорт қилинмаган эди.

Шуниси эътиборлики, ташқи савдо ўсиши ҳатто Украинадаги уруш фонида — март-апрель ойларида ҳам ўзининг юқори суръатларини сақлаб қолган. Хусусан, импорт ҳажми март ойида 2021 йилнинг март ойи билан таққослаганда 45 фоизга ўсган бўлса, апрель ойида бу кўрсаткич 32 фоизни ташкил этган. Албатта, апрель ойига келиб импортнинг ўсиш суръатида бироз пасайиш кузатилгандек тасаввур уйғониши мумкин, бироқ мос давр билан таққослаганда 32 фоизлик ўсишнинг ўзи ҳам сезиларли даражада юқори ҳисобланади. Экспорт ҳажми эса март ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 16 фоизга ўсган бўлса, апрель ойига келиб бу кўрсаткич 18 фоизни ташкил этган. Бундан хулоса қилиш мумкинки, уруш ҳаракатлари давом этаётганлигига қарамасдан Ўзбекистон ташқи савдоси ҳозирча соғлом кўрсаткичларда ўсмоқда.

Ўтган тўрт ойлик давр учун ташқи савдо кўрсаткичлари ўзгаришини ташқи савдо географиясига кўра — алоҳида давлатлар кесимида олиб қаралса, март-апрель ойларидаги тенденциялар турлича бўлганлигига гувоҳ бўлиш мумкин. Импорт кўрсаткичлари таҳлиллари шуни кўрсатадики, Россия ҳамда Қозоғистондан импорт ҳажмининг ўсиш суръати апрель ойига келиб сезиларли даражада секинлашган (1-жадвал). Хусусан, Россия ва Қозоғистондан импорт ҳажмининг ўсиш суръати март ойида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда мос равишда 39 фоиз ҳамда 37 фоизни ташкил этган бўлса, апрель ойига келиб мазкур кўрсаткич ҳар иккала давлат учун ҳам 13 фоизни ташкил этган холос.

Умуман олганда, 13 фоизлик ўсишни ҳам юқори суръатдаги ўсиш деб баҳолаш мумкин, бироқ, биринчидан, март ойидаги кўрсаткичлар билан таққослаганда ўсиш суръати сезиларли даражада секинлашган бўлса, иккинчидан, умумий импорт ҳажмининг ўсиш суръати билан таққослаган ҳолда, бу икки давлатдан импортимиз ёмонлашган, деб бемалол айтишимиз мумкин.

Март-апрель ойларида импорт ҳажмининг 2021 йилнинг мос даврига нисбатан каррасига ўзгариши

март
апрель
Жами
1.45
1.32
Россия
1.39
1.13
Хитой
1.60
1.28
Қозоғистон
1.37
1.13
Туркия
1.09
1.25
Жанубий Корея
0.94
2.62

1-жадвал. Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан ҳисоблаб чиқилган.

Март ойида асосий савдо ҳамкорларимизнинг кўпчилиги билан ташқи савдо айланмасида мамлакатимизнинг экспорт кўрсаткичлари қисқарган (2-жадвал). Хусусан, Россияга экспорт ҳажми 2021 йилнинг март ойига нисбатан 1 фоизга, Қозоғистонга — 7 фоизга ҳамда Туркияга — 11 фоизга қисқарган.

Март-апрель ойларида экспорт ҳажмининг 2021 йилнинг мос даврига нисбатан каррасига ўзгариши

март
апрель
Жами
1.16
1.18
Россия
0.99
1.60
Хитой
1.15
1.79
Қозоғистон
0.93
1.50
Туркия
0.89
1.26
Жанубий Корея
1.66
2.50

2-жадвал. Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан ҳисоблаб чиқилган.

Россия ва Қозоғистонга экспортимизнинг қисқаришини асосан уруш ҳаракатларининг бошланиши ортидан бу давлатлар миллий валюталарининг (рубль ҳамда теньге) қисқа муддатда долларга нисбатан кескин қадрсизланиши билан изоҳлаш мумкин. Бундан ташқари, уруш фонида юзага келган ноаниқликларнинг ортиб кетиши бозор қатнашчиларининг қарорлари ва ҳаракатларига таъсир қилган бўлиши мумкин. Юқоридаги икки сабаб ва, эҳтимол, яна бошқа омиллар таъсирида бу давлатларга экспортимиз қисқарган. Аммо март ойида Туркияга экспорт ҳажмининг қисқариши бироз тушунарсиз тенденция бўлиб, бу ҳолатга логистика билан боғлиқ ноаниқликлар таъсир ўтказган бўлиши мумкин, бироқ 11 фоизлик пасайишни изоҳлаш учун бу омилнинг ўзи етарли эмас.

Март ойидаги пасайишларга қарамай, юқорида номи келтирилган давлатларга экспортимиз ҳажми апрель ойида юқори суръатларда ўсган (2-жадвал). Хусусан, Россияга экспорт ҳажми 2021 йилнинг мос даври билан таққослаганда 60 фоизга ўсган бўлса, Қозоғистон мисолида бу кўрсаткич 79 фоизни ташкил этган (Туркияга — 26 фоиз). Яъни бир ойлик пасайишга қарамасдан, Ўзбекистоннинг Россия ҳамда Россия билан битта иттифоқда бўлган йирик савдо ҳамкорига экспорти ҳажми кескин равишда қайта тикланган. Бу тенденцияни биринчи навбатда валюта курсининг ўзгариши, яъни тенге ҳамда рублнинг қайта барқарорлашиши билан изоҳлаш мумкин. Хусусан, апрель ойига келиб икки давлат миллий валюталари ҳам озми-кўпми урушдан олдинги даражасига қайтишга муваффақ бўлди (бу қандай содир бўлгани эса бошқа мақола учун мавзу).


Манба: https://www.xe.com/currencyconverter/convert/?Amount=1&From=USD&To=KZT


Манба: https://www.xe.com/currencycharts/?from=USD&to=RUB

Бундан ташқари, уруш ва беқарорликнинг давом этиши иқтисодий қатнашчиларнинг аста-секинлик билан шу муҳитга мослашишига ҳам сабаб бўлган ҳамда улар Россия билан тўхтаб турган савдо алоқаларини қайта давом эттиришга қарор қилган бўлишлари эҳтимолдан ҳоли эмас. Бундан ташқари, Россиянинг Ғарб мамлакатлари билан алоқаларининг ёмонлашуви, юқорида таъкидланганидек, Россиянинг кўплаб давлатлардан импорт қилиш имкониятини йўқотишига сабаб бўлди. Бу эса айрим тадбиркорларнинг бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш истагида Россия бозорига кириб боришга қарор қилишларига туртки бўлган бўлиши мумкин.

Ўқувчида савол туғулиши мумкинки, Россиянинг Украинада уруш ҳаракатларини бошлаши март ойида Россия билан савдо алоқаларимизга таъсир қилганлиги тушунарли, аммо Қозоғистонга экспорт кўрсаткичлари нима сабабдан Россия билан кузатилгани сингари, балки ундан кучлироқ даражада қисқарган?

Қозоғистонга экспорт ҳажмининг март ойида, ҳатто Россияга экспорт кўрсаткичининг пасайишидан ҳам юқори даражада қисқарганлигини фақат валюта курсининг ўзгариши тушунтириб беролмайди. Буни Россиянинг Қозоғистон билан божхона иттифоқи режими амал қилувчи битта иттифоқда (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) эканлиги билан изоҳлаш мумкин. Россия билан Қозоғистоннинг битта божхона иттифоқида эканлиги бу давлатларнинг бирига кириб келган товарларнинг бир қисми осонгина бошқасига ўтиб кетишига (ре-экспорт) имконият мавжуд эканлигини англатади. Яъни Ўзбекистон Қозоғистонга экспорт қилаётган товарларнинг маълум қисми Қозоғистон орқали Россияга ўтиб кетаётган бўлиши мумкин. Шу нуқтаи назардан қаралса, Қозоғистонга экспортимиз ҳажми Россияга экспорт ҳажмига қараганда тезроқ суръатда қисқарган. Шунингдек, тенге курсининг қисқа муддатда кескин қадрсизланиши ҳам бунда муҳим рол ўйнаган.

Яна бир жиҳатни унутмаслик керакки, ҳозирги нархларнинг беқарорлиги шароитида импорт ҳажмининг қийматда ортаётганлиги унинг физик ҳажми қандай ўзгараётганлиги ҳақида аниқ хулоса қилишга имкон бермайди. Яъни охирги икки ойда уруш ҳаракатларининг давом этаётганлигига қарамасдан, импорт ҳажмининг юқори суръатларда ўсаётганлиги импорт истеъмолининг ҳудди шу суръатда ошаётганлигини англатмаслиги мумкин. Чунки импортнинг ўсиши унинг қийматига нисбатан ифодаланган бўлиб, унинг физик ҳажми қандай ўзгараётганлигини бу қиймат орқали баҳолаш мушкул, шу билан биргаликда, нотўғри ҳамдир. Айниқса, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархи дунё бўйича юқори суръатларда ўсаётган бир шароитда.

Масалан, жорий йилнинг март ойида дунё бўйича буғдой нархи индекси 19,7 фоизга, ўсимлик ёғининг нарх индекси 23,2 фоизга, шакар нархи индекси 6,7 фоизга, гўшт нархи индекси эса 4,8 фоизга ошган. Кўриб турганимиздек, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари юқори суръатларда ўсмоқда. Бу эса импортнинг физик ҳажми кичикроқ бўлса-да, унинг пулдаги қиймати юқори шаклланишига олиб келади.

Умуман олганда, Украинадаги уруш ҳаракатлари бошланган даврдан кейинги икки ойда ташқи савдо кўрсаткичларининг ўзгариши нисбатан соғлом кўринмоқда. Уруш фонидаги иқтисодий беқарорлик март ойида йирик савдо ҳамкорларимиз бўлган Россия ҳамда Қозоғистонга экспортимизнинг пасайишига сабаб бўлган. Юқорида таъкидланганидек, бундай тенденцияга ноаниқликларнинг ортиши, валюта курсининг ўзгариши каби омиллар таъсир ўтказган бўлиши мумкин. Апрель ойида эса мазкур давлатларга экспорт ҳажми яна юқори суръатларда ўсишни бошлаган.

Уруш ҳаракатларининг давом этаётганлиги мамлакатимизнинг импортига ҳозирча таъсир ўтказмаган. Аммо, асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг импортёри эканлигимизни ҳисобга олсак, шунингдек, бутун дунёда асосий озиқ-овқат товарларининг нархи юқори суръатларда ўсаётган бир шароитда импорт товарларининг физик ҳажми қандай ўзгараётганлиги ҳақида аниқ хулоса бериш қийин. Шунга қарамай, ҳозирча уруш фонида ўтган икки ойга оид маълумотлардан кўриш қийин эмаски, ташқи савдомиз давом этаётган урушдан жиддий зарар кўрмаган. Бироқ, бу тенденция келаётган ойларда ўзгариши мумкин.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Миркомил Холбоев — иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти