БМТнинг Жаҳон озиқ-овқат дастури маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ноябрь ойидан ҳозирги кунга қадар Термиз орқали Афғонистонга 42 минг тоннага яқин озиқ-овқат маҳсулотлари жўнатилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш бўйича Халқаро кўп функцияли транспорт-логистика ҳабига бағишланган хабарида айтилди.

Президентнинг 21 июндаги қарори билан Termez Cargo Center`га гуманитар ёрдам кўрсатиш бўйича халқаро кўп функцияли транспорт-логистика хаби мақоми берилган эди. У ердан 2021 йилдан буён БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар Афғонистон ва бошқа давлатларга ёрдам кўрсатмоқдалар.

ТИВ маълумотларига кўра, Афғонистондаги гуманитар вазият ҳали ҳам оғир. Аввал хабар қилинганидек, даҳшатли зилзила оқибатида 1000дан яқин одам ҳалок бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Биргина табиий офатдан жабр кўрган Хост вилоятида 600 га яқин уй вайрон бўлган. Нангарҳор, Панжшер, Хост ва Пактика вилоятларига келган сув тошқини оқибатида яна 400 киши ҳалок бўлган. Сув тошқинлари уйлар ва қишлоқ хўжалиги ерларини ювиб кетган.
БМТнинг ҳисоб-китобларига кўра, Афғонистон аҳолисининг деярли ярми, 18 миллион аҳоли яшаш учун гуманитар ёрдамга муҳтож ҳолга келган. Беш ёшгача бўлган афғон болаларининг ярмидан кўпи яқин келажакда тўйиб овқатланмасликдан азият чекиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясидаги нутқи чоғида «Ҳозирги оғир даврда Афғонистонни якка ҳолда, мавжуд катта муаммолар билан ёлғиз қолдиришга ҳаққимиз йўқ», деб таъкидлаган эди.
Термиз шаҳридаги халқаро транспорт-логистика ҳаби зарур инфратузилмалар — халқаро аэропорт, дарё порти, темир йўл ва Афғонистон билан боғловчи автомобиль йўлларига эга. Termez Cargo Center логистика терминалининг ўзи эса Афғонистон чегарасидан атиги 2 км узоқликда жойлашган ва энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.

БМТ раҳбарияти, бошқа етакчи халқаро ташкилотлар ва кўплаб давлатлар Ўзбекистоннинг Термиздаги мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди, дейилади ТИВ хабарида.

2021 йил декабрь ойида БМТнинг қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги бошқармаси Термиздан Афғонистонга 40 тонна асосий ёрдам буюмларидан иборат инсонпарварлик ёрдамининг биринчи партиясини жўнатди. 2022 йил февраль ойида эса комиссарлик бошқармаси Афғонистондан эҳтимолий қочқинлар оқимига тайёргарлик кўриш учун Термиздан Тожикистонга 20 тонна ёрдам жўнатган эди.

Қочқинлар бўйича олий комиссарлик Термиз шаҳридаги бошқарув идорасига гуманитар юкларни етказиб бериш географиясини кенгайтириш имконияти билан «Минтақавий гуманитар логистика маркази» мақомини берди.
Бундан ташқари, Халқаро миграция ташкилоти, Халқаро қизил хоч қўмитаси, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро тузилмалар ҳамда хорижий давлатлар ҳам Ўзбекистоннинг транзит салоҳиятидан фойдаланишдан манфаатдор.
Ўзбекистон ўзи ҳам Афғонистонга ёрдам кўрсатмоқда. 2021 йил сентябрь ва декабрь ойларида ҳукумат Термиз орқали қўшни давлатга умумий ҳажми 5000 тоннадан ортиқ бўлган иккита йирик гуманитар ёрдамни етказиб берди. 2022 йил апрель ойида, Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистон Афғонистонга яна 4 минг тоннага яқин гуманитар юк етказиб берди. Ёрдам озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, тўқимачилик маҳсулотлари, буғдой ва кўмирдан иборат эди.

«Халқаро марказнинг ташкил этилиши жаҳон ҳамжамиятининг афғон масаласидаги манфаатлари ва саъй-ҳаракатларига мос келади, — дейилади ТИВ хабарида. — Энг муҳими — бу афғон халқига энг зарур товарларни тезкорлик билан етказиб бериш ва шу тариқа афғон халқига гуманитар инқирозни бартараф этишда самарали ёрдам кўрсатиш имконини беради».

Ўзбекистон бу борада барча халқаро ташкилотлар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёр, дея ишонтирди Ташқи ишлар вазирлиги.