Афғонистон пойтахти Кобул жанубидаги Хост шаҳри яқинида юз берган 6,1 магнитудали зилзила оқибатида Пактика вилоятининг тўрт туманида мингдан ортиқ одамнинг ҳалок бўлгани, шунингдек минглаб одамлар жароҳат олгани айтилмоқда. Бу ҳақда Бахтар ахборот агентлиги маълум қилди.

Агентлик маълумотга кўра, Афғонистон Ислом Амирлиги бош вазири Мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд ҳукуматнинг навбатдан ташқари йиғилишида Пактика ва Хост вилоятларида зилзила қурбонларининг оилалари учун 100 млн афғоний — тахминан 1,1 млн доллар ажратганини маълум қилган (аввалроқ, маҳаллий нашрлар 1 млрд афғоний — 11,1 млн доллар ажратилганини айтганди, бироқ кейин хабар таҳрирланди).

Мудофаа вазирлиги эса жабр кўрганларни эвакуация қилиш учун воқеа жойига ўзининг 7 та вертолёти ва тиббий бригадасини жўнатган. Ҳозиргача зилзилада жароҳат олган 100 киши Пактика вилоятидан Пактия вилояти касалхонасига етказилган.

Афғонистон ушбу табиий ҳодисада жабрланганларнинг оилалари ва жароҳатланганларга ёрдам кўрсатиш учун барча мавжуд ресурслардан фойдаланишини маълум қилган.