Президент Шавкат Мирзиёев 21 сентябрда БМТ Бош Ассамблеяси 76-сессияси умумий мунозараларининг биринчи кунида видеомурожаат билан сўзга чиқди.

Давлат раҳбари халқаро ҳамжамиятга минтақа ва глобал кун тартибидаги долзарб масалалар, БМТнинг замонавий таҳдид ва хатарларга қарши биргаликда чора кўришдаги роли юзасидан ўз нуқтаи назарини тақдим этди ҳамда қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурди.

Давлат раҳбари сўзи аввалида COVID-19 пандемиясига тўхталиб, пандемия ва унинг ижтимоий-иқтисодий ҳамда маънавий-сиёсий оқибатлари Ўзбекистон ҳукуматининг диққат марказида эканлигини маълум қилди.

Ўзбекистон БМТнинг «ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда» тамойили асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндашувини тўлиқ маъқуллашини қайд этди. Шунингдек, COVAX глобал платформаси доирасида кўрсатилаётган амалий ёрдам учун миннатдорчилик изҳор этди.

«Пандемияларга қарши самарали курашда, вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтириш тарафдоримиз, — деди Шавкат Мирзиёев. — Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу борадаги амалий ҳиссамиздир».

Президент, ўз навбатида, Янги Ўзбекистон стратегиясига ҳам тўхталиб ўтди.

Унинг сўзларига кўра, стратегиянинг бош ғояси фуқаролик жамияти институтлари ролини кучайтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, камбағалликни камайтириш, ҳар бир кишини кафолатли даромад манбаи билан таъминлаш ҳамда барқарор экологик ривожланишга эришишдан иборат.

«Асосий мақсадимиз — 2030 йилга бориб, аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадлар миқдори бўйича „даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар“ қаторига киришдир», — дея таъкидлади давлат раҳбари.

Шу ўринда, Шавкат Мирзиёев пандемиядан кейинги даврда жаҳон иқтисодиётини қайта тиклаш муаммоларини ўрганиш, камбағалликни қисқартириш бўйича илғор тажрибаларни ҳаётга тадбиқ этишга бағишланган Халқаро конференцияни Тошкентда ўтказишни таклиф қилди.

Бундан ташқари, глобал ҳаракатларга ёшларни жалб этиш мақсадида Самарқандда мунтазам ўтказилаётган Инсон ҳуқуқлари мулоқотлари доирасида Глобал таълим форуми ташкил этилишини маълум қилди.

Давлат раҳбари қўшни ва ёндош минтақалар билан ўзаро алоқаларни кучайтириш масаласида Афғонистондаги вазиятга алоҳида эътибор қаратди.

«Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз — қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир», — дея таъкидлади президент.

«Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим», — дея қўшимча қилди.

Қайд этилишича, ноябрь ойида Тошкентда БМТнинг Глобал аксилтеррор стратегияси Марказий Осиё учун режасининг ўн йиллик натижалари ва истиқболларига бағишланган Халқаро конференция ўтказилиши кутилмоқда.

Мазкур тадбир доирасида БМТнинг гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан 2022−2025 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё мамлакатлари учун минтақавий дастур имзоланиши кўзда тутилган.

«Биз бу борадаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттирган ҳолда, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг мазкур Бошқармаси иштирокида Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини қамраб оладиган, Гиёҳвандликка қарши умумий Ҳаракатлар режасини ишлаб чиқиш ниятидамиз», — маълум қилди давлат раҳбари.

Иқлим ўзгаришларига қарши кураш, атроф-муҳит ва био хилма-хилликни муҳофаза қилиш масалаларига тўхталар экан, Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Париж битимининг мақсадларига эришишга қатъий қарор қилганлигини билдирди.

«2030 йилга қадар иқтисодиётимизнинг энергия самарадорлигини 2 баробарга ошириш, қайта тикланадиган энергия улушини 25 фоизга етказиш, экологик тоза транспортни ривожлантириш кўзда тутилмоқда, — деди давлат раҳбари. — 2025 йилга қадар умумий қуввати 2900 мега-ваттга тенг бўлган янги қуёш ва шамол электростанцияларини фойдаланишга топшириш режалаштирилмоқда».

Президентнинг маълум қилишича, 2022 йили Оролбўйи ҳудудида «яшил» энергетика бўйича БМТ билан ҳамкорликда халқаро Форум ўтказишни режалаштирилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукумати био хилма-хиллик бўйича Глобал ҳадли дастурнинг яқин истиқболда қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди ва келгусида Био хилма-хиллик Конвенцияси иштирокчиларининг йиғилишларидан бирини мамлакатда ўтказишга тайёр эканлигини айтиб ўтди.

«БМТ шаф́елигида глобал экологик сиёсатнинг устувор йўналишларини батафсил муҳокама қилиш мақсадида, 2023 йили Ўзбекистонда Атроф-муҳит бўйича БМТнинг Олтинчи Ассамблеясини ўтказишни таклиф қиламиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Қайд этилишича, ассамблея иштирокчилари Орол денгизининг қуриши натижасида юзага келган, экологик офат маркази бўлган, Оролбўйи минтақасидаги оғир вазият билан бевосита танишиш ва зарур хулосалар чиқариш имкониятига эга бўладилар.

Бундан ташқари, давлат раҳбари мазкур Ассамблеяда БМТнинг янги экологик сиёсати асосларини ташкил этишга қаратилган Бутунжаҳон экология Хартиясини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.