БМТ қочқинлар бўйича олий комиссарлиги (UNHCR) 15 декабрь куни Термиздан Афғонистонга гуманитар ёрдам юкланган юк машиналарини жўнатди. Бу ҳақда «Газета.uz»га ташкилот матбуот хизмати хабар берди.

Гуманитар ёрдам юклари жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ҳаво ва қуруқлик орқали Термизга етказилиб, «Termez Cargo Centre» терминалида сақланаётган эди.

Инсонпарварлик ёрдами UNHCR’нинг Сурхондарё вилоятидаги Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган гуманитар марказдан юкланиб, қўшни давлатга юборилди.

Замонавий терминал Ўзбекистон — Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда юкларни сақлаш ва қўшни мамлакатга жўнатиш учун етарли шароит яратилган.

Афғонистонга юборилган дастлабки қирқ тоннага яқин гуманитар юк ошхона анжомлари, пластмасса қоплама ва бошқа зарур ҳаётий нарсалардан иборат. Аввалроқ, октябрь ойида Термизга 3 та самолётда 100 тоннага яқин гуманитар юк етказилгани хабар қилинган эди.

«Биз Ўзбекистон ҳукумати ва Термиздаги маҳаллий ҳамкорлар томонидан UNHCR’га энг зарур бўлган вақтда тезкор инсонпарварлик ёрдамини кўрсатиш имкониятини тақдим этишдаги кўмагини қадрлаймиз. Ҳозир миллионлаб афғонлар озиқ-овқат таъминотидан маҳрум бўлиб, қаттиқ қишга қарши ўта ҳимоясиз бўлгани сабабли одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва гуманитар инқирознинг олдини олиш учун шошилинч ёрдам зарур», — деди агентликнинг катта маслаҳатчиси Френк Ремус.

Термиздаги UNHCR марказидан асосий эҳтиёжлар захираларини сақлашдан ташқари, агентликнинг Афғонистон, Эрон ва Марказий Осиёдаги операцияларига ёрдам бериш учун гуманитар юкларни бирлаштириш ва ўтказиш пункти сифатида ҳам фойдаланилади.

Шунга кўра, агентликнинг Афғонистондаги фавқулодда вазиятларни бартараф этиш амалиёти давомида Термиз орқали мунтазам равишда инсонпарварлик юклари жўнатилади, дейилади агентлик хабарида.