БМТнинг Ўзбекистондаги Тараққиёт дастури, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва БМТнинг Европа иқтисодий комиссияси (ЕИК) ташббуси билан «Ўзбекистон Республикасининг „Яшил макон“ ташаббусини қўллаб-қувватлаш учун бош-режалаштириш ва инновацион молиявий ечимлар» янги қўшма лойиҳаси йўлга қўйилмоқда, деб «Газета.uz»га хабар берди БМТТД.

Лойиҳанинг асосий мақсади инновацион узоқ муддатли молиялаштириш, мувофиқлаштириш ва салоҳиятни ошириш орқали «Яшил макон» ташаббусининг иқлимга чидамлилигини оширишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлашдан иборат.

Лойиҳа — Экология қўмитаси, БМТТД ва БМТ ЕИК томонидан биргаликда молиялаштирилади. У тегишли миллий ҳамкорлар, жумладан, Молия вазирлиги, Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Ўзгидромет, Сув хўжалиги вазирлиги, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги, фуқаролик жамияти ташкилотлари билан яқин ҳамкорликда амалга оширилади.

Шу муносабат билан 22 июнь куни Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасида келишув баённомасини имзолаш маросими бўлиб ўтди.

«„Яшил макон“ ташаббуси мамлакатнинг иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва иқлим таъсирига мослашиш бўйича Париж келишуви доирасидаги мажбуриятларини бажаришга ёрдам беради. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида дарахтлар тупроқ сифатини яхшилайди ва чўлланишнинг олдини олиш ёки ҳатто уни яхши ҳолга қайтаришга ёрдам беради. Чанг бўронлари катта хавф туғдиради ва уларга қарши кураш миллий ва халқаро миқёсда кучли шериклик ва ҳамкорликни талаб қилади», деди БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ бўйича минтақавий директори ўринбосари Марина Волтер ўз нутқида.

«Ушбу ташаббус аллақачон олдинга силжимоқда ва биз БМТТДда уни исталган натижаларга эришиш учун узоқ муддатли молиявий инвестицияларни сафарбар қилиб, ёрдам бериш орқали қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дея қўшимча қилди у.
Қўшма лойиҳа бир-бирини мустаҳкамлайдиган иккита ўзаро боғланган ва интеграциялашган асосий натижаларга эришиш асосида қурилади:

  1. Ўрмонлаштириш ташаббусини молиялаштириш, самарали мониторинг ва текшириш тизимини яратиш учун инновацион молиявий воситалардан фойдаланган ҳолда молиявий режаларни ишлаб чиқиш.
  2. Ўзбекистон ландшафтлари ва шаҳарларини кўкаламзорлаштириш: бош режалаштириш ва барқарор келажак учун ишлаш.

«БМТТД томонидан таклиф этилаётган молиявий воситалар мамлакатга ихтиёрий углерод савдоси бозорларига йўл очади, шунингдек, ўрмонзорлар ўстириш орқали углерод захираларининг қайтарилишини таъминлайди ва ўрмонлаштириш билан боғлиқ молиявий юкни камайтиради», — дейилади БМТТД хабарида.
Қўшма лойиҳа, шунингдек, экологик ва барқарор иш ўринларини яратишга, айниқса, Ўзбекистонда қишлоқ аёллари учун шундай иш жойи яратиши кутилмоқда.

Аввалроқ БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска «Газета.uz» рукнида «Яшил макон» лойиҳаси пухта режалаштириш ва самарали мувофиқлаштиришни талаб қилишини таъкидлаган эди. «Яшил макон»нинг 1 миллиард дарахт экиш лойиҳаси ҳавони тозалаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилишга ёрдам беради. Аммо кўчатларни экишни ҳар томонлама парвариш қилмасдан ва бошқаришсиз дарахтларнинг тақдирини олдиндан айтиб бўлмайди. Шунинг учун экишнинг техник-иқтисодий асосланиши ва лойиҳа иштирокчиларининг янада мувофиқлаштирилган саъй-ҳаракатлари керак, деб ёзганди ўшанда у.