1 июнь ҳолатига кўра Ўзбекистоннинг расмий захира активлари ўтган ойда 497,1 млн долларга камайган ҳолда 35,4 млрд долларни ташкил этди. Бу Марказий банк маълумотларида акс этган.

Бу пасайиш асосан хориж валюта захираларининг 13,15 млрд долларгача қисқариши ҳисобига кузатилди, бунда йўқотишлар 354,9 млн долларга тенг бўлди.

Олтин заҳираларининг қиймати эса 21,18 млрд долларгача камайиб кетди, йўқотишлар эса 146,4 млн долларга етди. Шунга қарамасдан уларнинг физик ҳажми 0,3 млн трой унцияга (9,3 тонна) ошиб, 11,4 млн трой унцияга (тахминан 354,6 тонна) етди.

Манба: Лондон металлар биржаси (LME).

Бу май ойида олтин нархининг 3,4 фоизга — 1910 доллардан 1844,4 долларгача тушиши билан боғлиқ.

Мавжуд захиралар 2021 йилда 25,5 млрд долларни ташкил этган йиллик импорт ҳажмидан анча юқори. Ривожланаётган мамлакатлар учун халқаро ташкилотларнинг тавсияларига кўра, захиралар камида уч ойлик импортни қоплаши керак.