Ўзбекистон олий таълим муассасаларига киришда абитуриентларнинг айрим тоифаларига бериладиган имтиёзлар қайта кўриб чиқилади. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов 16 июнь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда мактабни битирган ҳар 10 нафар ўқувчининг 4 нафари Ўзбекистондаги олий таълим муассасида, хорижга кетаётганлар билан ҳисоблаганда битирувчиларнинг ҳар иккитадан биттаси олий таълим олиш имкониятига эга бўлди.

«Шуни ҳисобга олган ҳолда кўпгина имтиёзларни кўриб чиқишимиз керак. Бу ўқув йили имтиёзларни инвентаризация қиламиз. Мен уларнинг сонини айтмоқчи эмасман, жуда кўп ва хўп имтиёзларимиз бор. Биз кейинги ўқув йилидан шу имтиёзларнинг вақтини яшаб бўлганларидан аста-аста воз кечамиз», — деди вазир

Унинг фикрича, таълим ва тадбиркорликка имтиёзлар берилаётганда жуда кўп мезонлар ҳисобга олиниши керак.

Абдуқодир Тошқулов шунингдек, ўқишни кўчириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди.

«Ота-оналар ҳам абитуриентлар ҳам ўқишга кираётганда иккита саволни бераяпти. Биринчиси — ўтиш балли энг паст бўлган вилоят қайси? Фишка шу бўлдики, биринчи ўша ерга ҳужжат топширамиз, ўқишга кирамиз ва кейин кўчириб келамиз. Иккинчиси бизга, вазирга савол беришадики — ўтиш балли энг паст таълим йўналиши қайси бири? Нимага десангиз, „биз шунга ўқишга топшириб, кейинги йил кўчиришимиз керак“ дейди. Бу ерда мақсад қани?», — дея савол билан юзланди вазир.

Унинг фикрича, бу икки саволнинг жавоби яхлитланса, мақсад битта — фақат диплом олиш. «Оддийроқ қилиб айтадиган бўлсак, ота-онаси совчиликка борганда ўғлим олий маълумотли деган гап керак», — дея танқид қилди у.