АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони генерал Майкл Курилла масъулият ҳудуди бўйича 90 кунлик танишув сафари доирасида Ўзбекистонга таширфи қандай ўтгани ҳақида сўзлаб берди. Бу ҳақда маълумот «Газета.uz»га АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан тақдим этилди.

Америкалик генерал 13 июнь куни президент Шавкат Мирзиёев, Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов, Мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов ва Қуролли Кучлар Бош штаби рағбари Шуҳрат Холмуҳамедов билан учрашди.

Президент матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш, минтақавий хавфсизлик соҳасидаги амалий алоқаларни давом эттиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш ҳамда ижтимоий-иқтисодий тикланишга, шу жумладан устувор инфратузилмавий лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашиш борасидаги ташаббус ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.

Фото: Президент матбуот хизмати.

«Бу икки мамлакат қуролли кучларини ташвишга солаётган асосий мавзулар бўйича муҳим ва юқори даражадаги муҳокамалар бўлди», — деди Майкл Курилла.

«Бу мен учун «тинглаш сафари»га асосланган ташрифнинг бир қисмидир, бу Марказқўм масъул бўлган ҳудудлардаги мамлакатларга ташрифдир. Мен ҳар бир мамлакат раҳбариятидан улар дуч келаётган таҳдидлар, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими, шерикчилигимизни мустаҳкамлаш учун истиқболдаги имкониятлар ҳақида эшитишни истайман», — деди генерал.

«Бу сафар якунида мен ўзимнинг 90 кунлик ҳисоботимни АҚШ раҳбариятига топшираман. Бу ушбу минтақадаги кузатишларимнинг дастлабки ёзма шарҳи бўлади. Ҳисоботни ёзарканман, мен унда нафақат ўз қарашларимни, балки ўзбекистонлик ҳамкорларимиз ва дипломатларнинг ҳам фикрларини киритмоқчиман. Шу тариқа, мен ўз кузатувларимда АҚШдаги бош қароргоҳимизда турган ҳолда эмас, балки шахсан ва юзма-юз учрашувдаги суҳбатларимизга асосланаман», деди у.

Марказийқўм раҳбарининг сўзларига кўра, муҳокамалар чоғида томонлар ҳарбийлар 20 йил давомида тўплаган жанговар тажрибалардан олган сабоқлар билан бўлишиш имкониятини излаган.

«Бу сабоқлар қаторида — жанговар тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳам бор. Сўнгги 20 йилдаги жанглар давомида қуролли кучларимиз технология, ҳарбий техника ва илғор тажрибалар тўплаш борасида кўп нарсаларни ўрганишди. Энди биз ўзбекистонлик ҳамкорларимиз билан ўша олган тажрибамизни ўртоқлашамиз. Шунингдек, биз ўзбекистонлик ҳарбийлардан америкалик ҳарбийлар учун қимматли бўладиган жанговар тайёргарлик, техника ва қоидаларни ҳам ўрганиб олишга умид қиламиз», — деди Майкл Курилла.

«Биз муҳокама қилган яна бир масала — бу зўравон мафкура таҳдиди бўлиб, уни фақатгина ҳарбий йўл билан ҳал қилишнинг имкони йўқ. Биз бундай мафкурани қўллаб-қувватловчи гуруҳлар хавф-хатар сифатида қолаётганидан хавотирдамиз», — деб сўзлаб берди генерал.

«Мисол учун, мен ўзим апрель ойида ташриф буюрган Сурия шимоли-шарқидаги Ал-Ҳол лагерида кучайиб бораётган таҳдид ҳақида қаттиқ гапирдим. Бу келгусида катта хавф туғдирадиган вазиятдир. Лагерда 60 дан ортиқ мамлакатдан 57 мингга яқин одам яшайди, уларнинг аксари ИШИД болалари ёки аёлларидир. Мен Ўзбекистон раҳбариятининг ўз ватандошларини бу лагердан ўз юртига қайтариш бўйича қилган саъй-ҳаракатларини олқишлайман», — дея таъкидлади Марказийқўм етакчиси.

«Ниҳоят, биз махсус амалиётлар бўйича кучларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлларини муҳокама қилдик. Бизнинг махсус амалиёт кучларимиз бўлишиш учун жуда катта тажрибага эга, аммо улар бу борада ўзбекистонликлардан ҳам ўрганишлари мумкин. Икки мамлакат махсус амалиёт кучлари ўртасида аллақачон мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилган ва биз бу ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш йўлларини изламоқдамиз. Дарҳақиқат, ташрифим чоғида қўшма ўқув машғулотларида иштирок этаётган Америка ва Ўзбекистон махсус кучлари раҳбарлари соҳа янгиликлари борасида менга қисқа ҳикоя қилиб беришди», — деди Майкл Курилла.

Марказийқўм раҳбари Самарқанда қилган ташрифи таассуротлари ҳақида ҳам сўзлаб берди.

«Бир муддат ўзбек халқи билан бўлиш ҳаётимга катта маъно олиб кирди. Офисда ўтирган ҳолда бирор халқ маданиятини ҳис қилиб бўлмайди. Дунёнинг нариги чеккасида тураркан, видеоанжуман орқали мураккаб, жасур ва ажойиб бир жамиятни тушуниш ҳам осонмас. Бунинг ўрнига, Ўзбекистонни чин маънода англашни исатаган киши вилоятларга бориб, рақсларини томоша қилиши, қўшиқларини эшитиши, кўпкарида беллашаётган тулпорларнинг жиққа терга ботишини кўриши, „Регистон“ мажумуасси меъморчилигидан завқланиши лозим», — деди у. Қолаверса, АҚШ вакили кўпкари иштирокчиларининг маҳорати, шижоати ва саботи мени шу қадар қизиқтириб қўйгани, жорий йил қиш ойларда мазкур мусобақада ўзи ҳам иштирок этиш учун яна қайтиб келишга қарор қилганини қўшимча қилди.

«Бу ерга келишимдан асосий мақсад минтақа хавафсизлигини таъминлашда зарур бўлган муносабатларни ўрнатишдан иборат эди. Ўзбекистон — минтақада етакчи, Ўзбекистонинг хавфсизлиги эса — минтақа хавфсизлигидир», — деди Майкл Курилла.