Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов 13 июнь куни АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари Майкл Куриллани қабул қилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Мудофаа вазирлиги раҳбари меҳмонни қутлар экан, Марказий қўмондонлик раҳбарини яқинда ушбу лавозимга тайинлангани билан табриклади.

«Биз учун АҚШ глобал хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда асосий аҳамиятга эга бўлган вақт билан синалган ҳамкордир. Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар тенглик, ишонч ва ҳурмат ўзаро манфаатларни инобатга олиш каби принциплар асосида ривожланиб, стратегик шериклик даражасига ўтди», — деди вазир.

«Тинчлик ва барқорорликга таҳдид ҳисобланган экстремизм, диний радикализм, халқаро терроризм ҳамда бошқа трансмиллий хавфларга қарши кўрашишда АҚШ билан мақсадларимиз якдил», — деди Баҳодир Қурбонов.

«Биз АҚШ билан ҳарбий ва ҳарбий-техник соҳаларда, шунингдек Марказий Осиё минтақасида хавфсизликни таъминлашга қаратилган икки томонлама ҳамкорлик муносабатларини юқори баҳолаймиз, — деди Ўзбекистон мудофаа вазири. — Мудофаа соҳасидаги давлатлараро муносабатларни янада фаоллаштиришга тайёрмиз».

Марказий қўмондонлик раҳбари Майкл Курилла самимий қабул учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдириб, бир кун аввал Самарқандга бўлиб ўтган ташрифида унга намойиш этилган миллий кураш ва кўпкари ўйинларидан катта таассуротда эканлигини таъкидлади. У қишда Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи давомида шу каби мусобақаларда шахсан ўзи иштирок этишни хоҳлашини қўшимча қилди.

«Айни пайтда мен Марказий қўмондонлик масъулиятига кирадиган барча ҳудудлар бўйича 90 кунлик ўқув сафаридаман. Бу 21 та давлатни ўз ичига олади ва биз ташрифни режалаштирганимизда, мен Ўзбекистонга ҳам боришимга алоҳида ишонч ҳосил қилгандим», — деди Марказий қўмондонлик раҳбари.

«АҚШ президенти менга ишониб топширган миссия ва менга берилган ресурслар — мен қандай хавф-хатарлар борлигини, муносабатлардаги бўшлиқлар ва энг муҳими биз [келгусидаги ҳамкорлик учун] қандай имкониятларга эга эканлигимизни тушунишим учун [ажратилган]», — деди у.

Учрашувда томонлар ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Марказий Осиёда хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди.