14 июнь куни Ибодуллаев Вохид Азизович Сирдарё вилояти ҳокимининг қурилиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

У 1979 йилда Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманида туғилган. Бухоро озиқ-овқат ва енгил саноат технологиялари институтини ва Тошкент архитектура ва қурилиш институти тамомлаган. У мазкур тайинловга қадар Ўзбекистон Қурилиш вазирлиги Ички аудит ва комплаенс-назорат бошқармаси бошлиғи вазифасида фаолият юритган.

Бундан ташқари, сешанба куни Китоб тумани ҳокими ҳам ўзгарди. 2019 йил октябридан бери мазкур лавозимда ишлаган Алишер Зокиров бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод қилинган. У 7 июнь кунги видеоселекторда президентдан «хайфсан» олганди.

Ўктам Пардаев.

Унинг ўрнини Ўктам Пардаев эгаллади. У 1978 йилда Қамаши туманида туғилган. Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясида таҳсил олган. У тайинловга қадар Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаб келаётганди.