Президент сешанба кунги видеоселектор йиғилишида фаолиятида сусткашликка йўл қўйгани учун 7 нафар ҳокимга «ҳайфсан» берди. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Таъкидланишича, йиғилишда сўнгги икки ойда 23 мингдан зиёд ер майдонлари савдога чиқарилгани, шундан 12 мингтаси ёки 60 фоизи хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этиш учун қўйилгани қайд этилган.

Бунда, 63 та туман ва шаҳарда аукционга қўйилган ер участкаларининг сони 100 тадан кўп бўлса, 27 та туманда 10 тага ҳам етмаслиги танқид қилинган.

Мисол учун, Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон, Хива, Урганч шаҳарлари, Тошкент, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманларида савдога қўйилган ерлар сони 10 тадан ошмайди.

«Навоий, Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари, Бўстонлиқ, Бекобод, Китоб, Узун туманлари ҳокимлари ер майдонлари савдога чиқариш ва хизмат кўрсатиш жойларини ташкил этишда сусткашликка йўл қўйгани учун охирги маротаба „ҳайфсан“ берилди. Шунингдек, давлат раҳбари ушбу ҳудудлар ҳокимларининг қурилиш бўйича ўринбосарларини лавозимидан озод қилиш бўйича кўрсатма берди», — дейилади хабарда.

Аукционга таклиф этилган 45 мингта ернинг 3 мингтаси келишиладиган идоралар томонидан қайтарилгани кўрсатиб ўтилди.

Бунга асосий сабаб ҳудудларнинг бош режаси ёки архитектура режалаштириш лойиҳаларининг йўқлигидир.

Шаҳарларнинг бор-йўғи 30 фоизида бош режа, қишлоқларнинг 1 фоизида архитектура режалаштириш лойиҳалари мавжудлиги танқид қилинди.

«Очиқ айтиш керак, шаҳарларнинг бош режасини ишлаб чиқишни давлат лойиҳа институтлари „монополия“ қилиб олган. Инвестиция дастурлари доирасида давлат лойиҳа институтларига ҳар йили катта маблағлар ажратилаяпти, лекин биронта туман ёки шаҳарнинг бош режаси охирига етказилмаган. Нархлар ҳам чет эллик ёки хусусий лойиҳа ташкилотлари нархларига нисбатан бир неча баробар қиммат. Шу боис, қурилиш соҳасини трансформация қилиш бўйича ҳам алоҳида муҳокама ўтказаман», — деди давлат раҳбари.