Ўзбекистон ва Ироқ ёшлар терма жамоалари ўртасидаги футбол учрашуви нафақат мухлисларнинг тошбўрони билан эсда қолди. Аввалроқ ёзганимиздек, воқеа оқибатида фотосуратчи ва оператор жароҳатланди.

Sevimli телеканалининг Zamon янгиликлар дастури веб-сайти ўз ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиши ва уларни ички ишлар органлари вакиллари томонидан калтакланиши ҳақида хабар берди. Материал кейинчалик ўчириб ташланди, бироқ уни Facebook`да сақлаб қўйишга улгуришди.

Хабарда таъкидланишича, телеканал ходимлари турнирнинг барча ўйинларини ёритиш учун аккредитацияга эга бўлган ва ўз вазифасини бажарган. «Бироқ, кечаги ўйин ҳамкасбларимиз учун қимматга тушди», — дейилади хабарда.

21:00 лар атрофида интервью олиш мақсадида ходимлари «Пахтакор» стадионига бориб орган ходимларининг қаршилигига учраган.

Футболни ёритиш учун берилган махсус рухсатнома борлигига қарамасдан журналистларга ходимлар шундай жавоб қайтарган: «Пресса бўлсанг, бизга по***. Биз топшириқни бажарамиз».

Шундан сўнг ижодий гуруҳ киритмагани учун ўзининг эътирозларини билдирган ва стадион олдидаги ҳолатни тасвирга олишни бошлаган. Орган ходимлари эса тасвирчининг рухсатномасига чанг солган, камерасини тортиб олган, тасвирчининг қўлини орқага қайириб, журналистдан узоқлаштирган.

Кўз олдида тасвирчини жиноятчилардек олиб кетаётганини кўрган журналист орган ходимларидан қўйиб юборишни талаб қилган. Ходимлар эса унинг ҳам қўлларини қайириб, микрофон ва рухсатномасини тортиб олган, дейилади дастур сайтида.

«Фаолиятим давомида биринчи марта шундай ҳолатга дуч келдим. Чунки конфликтга борадиган одам эмасман. Буни мени яқиндан таниганлар яхши билишади. Очиғи, ўша маҳалда ўзимни жиноятчидек ҳис қилдим. Орган ходимларидан бири дабдурустдан микрофонимга ташланди ва уни кимгадир улоқтирда, қўлимни орқага қайирди. Иккинчиси эса камерамдан маҳкам ушлаб олди», — деб журналистнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда сайт.

«Бир микрафонимга қарайман, бир тасвирчимга. Шу пайт тасвирчимни ерда ётган ҳолатда зарбдан бақираётганига кўзим тушди. 6−7 нафар ички ишлар ходимлари ва бир нафар миллий гвардия ходими тепкилаётганди. Ходимларнинг бири оёғига дубинка билан урди. Қолгани қорин ва бош қисмига тепди. Қўлларим ушланган, имконсиз қолдим фақат урманглар деб бақира олдим, холос», — деди журналист.

«Бу жараён сониялар ичида содир бўлди-ки, нима бўлаётганини англаб -англамас эдим. Одамлар ОАВ ходимлари тепкиланаётганини тасвирга олаётганди. Кўпчилик олдида изза бўлганимиз, қолди. Қўлларимизни қайириб, Шайхонтохур туман ИИБ биносига олиб бориб, навбатчилик қисмига топширишди», — дейилади ҳикояда.

«Тасвирчим оғриққа чидолмай, ИИБ коридорида ерда ўтириб қолди. Мени эса ташқарига чиқариб юборишди. Операторимнинг соғлиги ёмонлашаётганини кўриб, тез тиббий ёрдамга қўнғироқ қилишга мажбур бўлдим. Тиббиёт ходими ИИБда қолдириш ҳавфли эканини, зудлик билан шифохонага олиб кетиш лозимлигини айтди. Шундан сўнг шеригимни Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб кетишди», — деди журналист.

Тасвирчи ҳам воқеа қандай содир бўлганини сўзлаб берди: «Уриб қўлимдаги камерани тортиб олди. Ҳар томонимдан мушт туширди, лекин йиқилмадим. 6−7 киши бир вақтнинг ўзида тепкиларди. Шу пайт улардан бири икки марта кўкрак қисмимга электрошокер текказди. Мен йиқилдим. Қолганини аниқ эслолмайман. Танамдаги оғриқ зўридан нима кўзим олди дам қоронғулашиб, дам хиралашиб… хуллас… Кўзимни очганимда шифохонада эдим».

Мени шифохонага олиб борганда ҳамкасбларим 102 га хабар бериб, ҳолатни тушунтирган. Аммо мана бир суткаки, улардан дарак йўқ. Менику, жоним омон қолди. Бироқ ўрнимда бошқа «кучсизроқ» одам бўлган у зарбларга дош беролмай, ўлиб ҳам қолиши мумкин эди. Бир одамнинг тақдирига шу қадар бефарқ қараладими?", — деди тасвирчи.

Шундан сўнг, тасвирчи касалхонага олиб кетилган, журналист эса камера, штатив, микрафон ва рухсатномаларини қайтариб беришни сўраган. Унинг кўз олдида флешкани Тошкент шаҳар ИИББга юборишган ва «ўзинг ўша ердан оласан» дейишган. Футбол аллақачон тугаб ҳам бўлган. Соат тунги 02:10 ларда мухбир шикастланган камера ва штативни олган. Бироқ микрофон ва рухсатномалар ҳамон қайтарилмаган.

«Энг қизиғи, бўлар иш бўлгандан сўнг мухбирдан ички ишлар ходимлари кечирим сўраб, ортиқча гап қилмаслиги ва бирон жойда гапириб юрмаслини айтган», — дея таъкидланган хабарда.

Телеканал савол билан юзланган: «Журналистлар қачонгача хор бўлади? Чинакам журналист ҳақиқатни ёзадиган, инсонлар тақдирига бефарқ қарамайдиган, ҳар қадамда даҳлдорлик ҳиссини туёладиган қаламинг ўткир бўлиши керак. Димоғдор кимсаларнинг хўрликларидан сўнг журналист „оғзингни юм“ қабилидаги гапларга ҳам чидаб юраверса ЖУРНАЛИСТИКАнинг ўлгани шу, аслида!».

Журналист Азиза Қурбонова воқеага шундай муносабат билдирди: «Тош отган мухлислар бир томон, 3−4 кишилаб тасвирчини тепкилаб урган ИИВ бир томон. Ҳаммаси комплект юради бизда. Воқеага 2 кун бўлди, на бир изоҳ, на бир оммавий узр, на бир баёнот бор органлардан».

Шу кунларда Тошкентда йигит ва қиз ИИБ ходимлари томонидан калтаклангани хабар қилинганди. ИИВ матбуот котиби улар «гиёҳвандлик воситаларига алоқадорлик, шунингдек, профилактик назорат бузилиши» бўйича гумонланиб, текшириш учун бўлимга олиб борилганини маълум қилди.У «бошиданоқ фуқаролар ўзини ноўрин тутганини» айтиб, қисқа видеони эълон қилганди.

Май ойида Самарқанд ИИБ ходимлари бир нафар қозоғистонлик ва икки нафар маҳаллий туристга нисбатан электрошокер қўллаган ҳолда мажбуран бўлимга олиб боришганди. Видеоларда ходимлар шаҳарда «Хавфсиз тун» тадбири олиб борилаётгани ва соат 23:00 дан кейин кўчада юриш мумкин эмаслиги ҳамда уларга «режа» қўйилганини таъкидлашган. Воқеадан сўнг, туристларга куч ишлатган икки ходим ва уларнинг икки масъул раҳбари ҳам ишдан бўшатилди.

Бундан ташқари, Самарқанд ва Наманган вилоятларида ички ишлар ходимлари фуқароларни қасддан айбдор қилишга урингани айтилганди, бунинг исботи эса видео лавҳаларда акс этган. Самарқандда ички ишлар ходими аёл кишини прокуратура биносидан чиқаришга уринаётганида ўз қўли билан хизмат кийимидаги погонини юлиб ташлаган, бунинг учун эса суд аёлни айбдор деб топган. «Эзгулик» жамияти тергов ва суд иши қонунга зид олиб борилганини айтмоқда. Намангандаги ҳолатда эса ЙПХ ходими ҳайдовчи билан тортишиб, унга боши билан зарба берган, инспекторга нисбатан хизмат текшируви тайинланди.