ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов Тошкентнинг Мирзо-Улуғбек тумани ИИБ ходимлари калтаклашганини таъкидлаган Эллона Фирсова ва Александр Соленконинг ҳибсга олиниши юзасидан изоҳ берди.

«Спекуляцияни тўхтатиш ва бу ҳақиқат атрофида сунъий резонансни ошириш» мақсадида матбуот котиби «8 июнь куни соат тахминан 02.30 да пойтахтнинг Мирзо-Улуғбек туманида ИИБ ходимлари томонидан фуқароларнинг шахсини текшириш зарурати уларнинг гиёҳвандлик воситаларига алоқадорлиги, шунингдек, профилактика назорати бузилганлиги билан боғлиқ» дея маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, «бошиданоқ фуқаролар ўзларини ноўрин тутишган ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг ҳаракатларига фаол қаршилик кўрсатишган»

Шохрух Гиясовнинг таъкидлашича, «баъзи оммавий ахборот воситалари томонидан воқеаларнинг бир томонлама талқин қилиниши ҳамда „сарлавҳаларда ёшларнинг саргузаштлари“ деб „ранг-баранг“ тасвирланиши туфайли ижтимоий тармоқларда турли миллатчилик баёнотлари ва изоҳлар тарқала бошлади».

«Эътибор беринг, бу жамоатчиликнинг алоҳида аъзолари томонидан миллатлараро низони сунъий равишда қўзғатишга уринишларнинг биринчи ҳолати эмас. Биз ушбу салбий тенденцияни кузатиб бораётганимиз ва баъзи салбий фикрлайдиган фуқароларнинг миллатчилик туйғуларини қўзғаш орқали жамоатчиликка босим ўтказишига йўл қўймаслигимиз ҳақида огоҳлантирамиз», — дейилади баёнотда.

ИИВ матбуот хизмати раҳбарининг таъкидлашича, тергов фуқаролар таъкидлаган жароҳатларни қаерда ва қандай шароитларда олишлари мумкинлигини ҳали аниқлаши лозим. У ОАВ ва ижтимоий тармоқлар фаолларидан ички ишлар ходимлари ва фуқароларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини кутишни сўради.

Шоҳрух Ғиёсов шунингдек, ички ишлар ходимларининг Эллона Фирсова ва Александир Соленко билан ўзаро суҳбатлари акс этган, бироқ, айрим жойлари монтаж орқали кесиб олинган 2:29 дақиқалик видеони ҳам эълон қилинди.

Видео тасвирларда кўриш мумкинки, ходимлардан бири участкада шахсни текшириш учун асос сифатида қуйидагича тушунтириш берган: «Асос? Соат неччи? Соат неччи?». Эллона Фирсова ходимлар ҳозиргина текширганини айтиб, улар нима асос билан туман ИИБга боришлари кераклигини сўраган. Бунга жавобан ходим улар қидирувда бор ёки йўқлигини текшириш лозимлигини, чунки айрим шахслар учун чекловлар мавжудлигини таъкидлаган.

Якунда эса қиз ходимлар билан боришдан бош тортиб кетишга уринган. Кейин ходимлар уни тўхтатишга ҳаракат қилган, Эллона Фирсова эса қўлни тортишни сўраган. Александр Соленко эса куракда турмайдиган сўзлар билан ўзининг норозилигини билдирган. Ходимлар уни ушлаб, қўлига кишан тақишган.

Ходимлар автомобилда ҳам видеога олишни давом эттиришган, унда Александр Соленко ходимларни бир неча бор ҳақоратлагани тасвирланган. Эллона Фирсова ҳам ходимлар устидан судга шикоят қилишини айтган.

Участкада текширув вақтида қизнинг олдидан пичоқ чиқди. У пичоқ олиб юриши сабабини Next савдо мажмуасида ишлаши ва кечки соат 23:00 да уйга қайтиши билан асослади.

Аввалроқ, «Сукут сақлама» лойиҳаси содир бўлган ҳолатни фуқароларнинг версияси бўйича тарифлаганди. Унда улар Мирзо Улуғбек тумани ИИБга олиб келинган, базада текширилган ва қонунбузарлик ҳолатлари бўлмагани учун қўйиб юборилган. Бироқ, ички ишлар ходимлари Юлдашев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек уларни қўйиб юбормай, телефонларини олиб, бошқа жойга олиб кетмоқчи бўлишган.

Аёл яна рад жавобини бериб, уйига боришини айтган. Бунга жавобан ходимлардан бири унинг қўлидан ушлаб, судраб машинага олиб борган, уни ўша ерга ўтказиб, бор кучи билан юзига мушт туширган ва бурнини синдирган. Эркак уни ҳимоя қилишга уринган пайтида ходимлар унинг қўлига кишан солишган ва бир неча марта уриб, уни ҳам машинага ўтказишган.

Йўлда аёл улар қаерга кетаётганларини сўраган, лекин ходимлар кулишиб, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишган.

«Эркак яна аёлни ҳимоя қилишга уринганида ходимлар уни машинада таёқ билан калтаклай бошлашган. Эркак кишанлангани боис ўзини ҳимоя қила олмаган. Кейин уни машинадан чиқариб, ерга судраб олиб тушишган ва бор кучлари билан калтаклай бошлашган. Аёл қўрқувдан қоча бошлайди, бироқ ходимлардан бири унинг орқасидан етиб олиб, унинг кўкраги ва қорин соҳасига тепади, сўнг уни машинага қамаб қўяди. У ёрдам сўраш учун рацияни олишга уринган пайтида, ходим уни яна калтаклай бошлайди», — дея ёзилган лойиҳада.

Шундан сўнг уларни 3-шаҳар ички ишлар бўлимига олиб келишади. Эртаси куни эрталаб аёлнинг қариндошлари танишлари орқали унинг қайси бўлимда эканлигини аниқлашга муваффақ бўлишган. Улар ички ишлар бўлимига келиб, тасодифан аёлнинг ва эркакнинг калтаклаган ҳолатда эканини деразадан кўришган.