Nemolchi.uz Telegram каналида Тошкентда икки нафар ички ишлар ходимлари томонидан бир нафар аёл киши ва бир нафар эркак киши калтаклангани ҳақида мурожаат қилгани ҳақида маълумот берилди.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов.

Nemolchi.uz`да берилган маълумотга кўра, воқеа 7 июндан 8 июнга ўтар кечаси юз берган.

«Икки нафар ички ишлар ходими Юлдашев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек мени ва дўстимни қаттиқ калтаклаб, бурнимни синдириб, кўкрак ва қорнимга тепишди, жинсий зўравонлик билан қўрқитиб, сўкишди ва ҳақорат қилишди. Менинг йигитимни эса ҳушидан кетиш ҳолатига қадар калтаклашди: унинг мияси чайқалган, қон қуйилган, кўплаб гематомалари бор», дейилади маълумотда.

Ёшларнинг сўзларига кўра, ходимлар уй яқинида ҳужжатларни текшириш учун мурожаат қилишган, улар ҳужжатларни тақдим этишганидан кейин уларни текширишган. Лекин шунга қарамай барибир ички ишлар бўлимига олиб боришларини айтишган. Аёл ҳеч қаёққа бормаслигини, бунга ҳеч қандай асос йўқлигини айтган, лекин ходимлар уларнинг қўлларини қайириб, машинага ўтказишган. Аёл ҳодисани телефонга суратга олган, аммо ходимлар ундан телефонларни олиб қўйган ва ёзувларни ўчириб ташлашган. Улар Мирзо Улуғбек тумани ИИБга олиб келинган, базада текширилган ва қонунбузарлик ҳолатлари бўлмагани учун қўйиб юборилган.

Ёшларнинг айтишларича, ички ишлар ходимлари Юлдашев Азиз ва Қаҳрамонов Нурабек уларни қўйиб юбормай, телефонларини олиб, бошқа жойга олиб кетмоқчи бўлишган. Аёл яна рад жавобини бериб, уйига боришини айтган. Бунга жавобан ходимлардан бири унинг қўлидан ушлаб, судраб машинага олиб борган, уни ўша ерга ўтказиб, бор кучи билан юзига мушт туширган ва бурнини синдирган. Эркак уни ҳимоя қилишга уринган пайтида ходимлар унинг қўлига кишан солишган ва бир неча марта уриб, уни ҳам машинага ўтказишган.

Йўлда аёл улар қаерга кетаётганларини сўраган, лекин ходимлар кулишиб, жинсий зўравонлик билан таҳдид қилишган.

«Эркак яна аёлни ҳимоя қилишга уринганида ходимлар уни машинада таёқ билан калтаклай бошлашган. Эркак кишанлангани боис ўзини ҳимоя қила олмаган. Кейин уни машинадан чиқариб, ерга судраб олиб тушишган ва бор кучлари билан калтаклай бошлашган. Аёл қўрқувдан қоча бошлайди, бироқ ходимлардан бири унинг орқасидан етиб олиб, унинг кўкраги ва қорин соҳасига тепади, сўнг уни машинага қамаб қўяди. У ёрдам сўраш учун рацияни олишга уринган пайтида, ходим уни яна калтаклай бошлайди», — дея ёзилган лойиҳада.

Шундан сўнг уларни 3-шаҳар ички ишлар бўлимига олиб келишади. Аёл кишида ҳайз кўриш даври бўлгани учун ошқозонига берилган зарбадан сўнг қон кетиши кузатилади, лекин унга бўлимда ёрдам ҳам, сув ҳам беришмаганлиги айтилади. Аввалига унинг ёлғиз ўзини хонага қамаб қўйишади, кейин эса маст эркаклар билан, эҳтимол, доимий яшаш жойи бўлмаган одамлар билан, тор хонага жойлаштиришади ва ўтиришга жой йўқлиги учун стул беришади. Аёлнинг дорихонага бориш илтимосига эса, ходим уни ҳақорат қилиб, одобсиз шаклда унга рад жавобини бериб, таёқ билан туртганлиги айтилади. Айтилишича, уларнинг ҳибсга олингани ҳақида қариндошларига ҳеч ким хабар бермаган ва ёшларнинг ўзларига ҳам улар билан боғланишга рухсат беришмаган.

Эртаси куни эрталаб аёлнинг қариндошлари танишлари орқали унинг қайси бўлимда эканлигини аниқлашга муваффақ бўлишади. Улар ички ишлар бўлимига келиб, тасодифан аёлнинг ва эркакнинг калтаклаган ҳолатда эканини деразадан кўришади. Аёлнинг опасининг сўзларига кўра, жабрланувчи қўрқиб қолган, уни нафақат жисмонан, балки маънавий жиҳатдан ҳам жароҳатлашган. Улар ходимлар устидан ариза ёзишган ва жароҳатларни суратга олишган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси матбуот хизмати Nemolchi.uz таҳририяти сўровига кўра, мазкур факт бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани, ходимларга нисбатан хизмат текшируви ўтказилаётгани ҳақида хабар берган. «Шаҳар ички ишлар бошқармаси қатъий ва принципиал ишлайди: айбдорлар қонун доирасида тўлиқ жавобгарликка тортилади», дейилади маълумотда.