Ўзбекистонда Конституцияни ислоҳ қилиш юзасидан келиб тушаётган таклифларнинг 70 фоиздан кўпроғи ёшлар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу ҳақда Конституциявий комиссия матбуот котиби Одилжон Тожиев 11 июндаги матбуот анжуманида маълум қилди.

Комиссияга 11 июнга қадар жами 20 148 та таклиф келиб тушган. Уларнинг аксарияти «meningkonstitutsiyam.uz» платформаси орқали қабул қилинган. Таклифларнинг 11 306 таси эркаклар, 6 422 таси эса аёллар томонидан юборилган. 2 420 таси эса аноним жўнатилган.

Ҳудудлар кесимида энг кўп таклиф Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона, Сурхондарё, Жиззах вилоятларидан келиб тушмоқда.

Таъкидланишича, конституциявий комиссияга жамоавий таклифлар юборишда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий маркази, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Республикаси жамоат хавфсизлиги университети, фанлар академияси таркибидаги тадқиқот институтлари, Бош прокуратураси академияси, судьялар олий мактаби каби институтлар етакчи ўринларда турибди.

Қайд этилишича, келиб тушаётган таклифларнинг салмоқли қисми инсон шаънини ҳамма нарсадан устун қўйиш, сифатли ва малакали тиббий хизматни ташкил этиш, таълимни ривожлантириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, муносиб меҳнат шароитларини таъминлаш, хусусий мулк ҳимоясини муҳофаза қилиш, тадбиркорлик ва инвестициявий муҳитни яхшилашга доир масалалардан иборат.

Қайд этиш лозим, конститутсияга ўзгартириш киритиш бўйича комиссия 20 май куни иш бошлаган, унинг таркиби ва вазифалари белгиланган эди.