Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистон учун янги имтиёзли кредит ажратишни маъқуллади. Бу ташкилотнинг пресс-релизида қайд этилган.

Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро тараққиёт ассоциацияси молия секторидаги ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон ҳукуматига 15 миллион АҚШ доллари ажратади. Кредитни қайтариш муддати 30 йил, шундан 5 йили имтиёзли давр ҳисобланади.

Ислоҳотлар доирасида қуйидагилар режалаштирилмоқда:

  • давлат иштирокидаги бир қатор банкларни хусусийлаштириш;
  • янги тараққиёт банкини ташкил этиш;
  • кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни кенгайтириш;
  • республика молия секторининг табиий офатларга тайёрлигини кучайтириш.

Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтаётган бир пайтда унинг банк ва суғурта соҳалари бир қатор ўткир ва ўзаро боғлиқ муаммоларга дуч келмоқда. Жами 33 та банк бўлиб, шуни 12 таси давлат тижорат банклари ва улар устунликка эга. 2021 йил охирига келиб иқтисодиётга ажратилган кредитларнинг 86 фоизи айнинг ушбу давлат банклари ҳисобига тўғри келди.

Анъанага кўра, давлат тижорат банклари давлат маблағларини устувор тармоқларга ва давлат корхоналарига, бошқарув ва бошқарув хавфларини белгиламаган ҳамда давлат сармоясига ва капитал киритиш ёрдамига муҳтож бўлиб қолган ҳолда бозор кўрсаткичларидан пастроқ ставкада тақдим этиб келади.

Шунингдек, давлатнинг тадбиркорлик ва фуқароларнинг қурғоқчилик ва об-ҳаво офатларидан кўрилган зарарни бартараф этиш имкониятлари чеклангани қайд этилган. Сабаби табиий хавфлардан суғурталаш оммалашмаган.

Бундан ташқари, мавжуд банклар кичик ва ўрта бизнеснинг сифатли молиявий хизматларга бўлган талабини қондира олмаяпти. Бу муаммони ҳал қилиш учун тараққиёт банкини ташкил этиш кўзда тутилган — у хусусан, экспорт қилувчиларни ресурслар билан таъминлайди, кафолатлар ва суғурта бўйича ёрдам беради.

«Банк бозори, молиялаштириш ва суғурта индустриясидаги ислоҳотлар бутун молиявий хизматлар соҳаси самарадорлигини оширади. Бу ўз навбатида, хусусий тадбиркорлик ҳисобига барқарор ўсишни таъминлайди», — деди Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли.

«Лойиҳа давлатнинг банкларни бошқаришдаги бевосита иштирокини камайтиришга ва етакчи хусусий банклар томонидан бошқариладиган янада самарали, инклюзив ва рақобатбардош банк тизимини қуришга ёрдам беради», — дея қўшимча қилди у.

Аввалроқ, Жаҳон банки ҳисоботида Ўзбекистонда олигархлар пайдо бўлиш хавфи юқорилиги, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда ҳокимиятни шахсий манфаатлар эгаллаб олиш хавфи максимал даражага етиши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

Бундан ташқари, Жаҳон банки гуруҳи 2022−2026 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастурини қабул қилди. У учта стратегик мақсадга қаратилган — хусусий секторда инклюзив бандликни ошириш, инсон капиталини ривожлантириш ва «яшил» иқтисодий ўсиш ҳисобига фаровонликни ошириш ва барқарор ривожланиш.

Шу билан бирга, март охирларида Жаҳон банки директорлар кенгаши Ўзбекистонга солиқ ислоҳотлари учун 60 млн доллар миқдорида кредит ажратаётгани ҳақида ҳам ёзгандик.