Шавкат Мирзиёев 24 март куни Жаҳон банки иштирокидаги «Солиқ маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш» лойиҳасини амалга ошириш тўғрисидаги қарорни (ПҚ-178) имзолади.

Жаҳон банки директорлар кенгаши ўтган йилнинг июнь ойида Ўзбекистонга 30 йил муддатга, жумладан, 5 йиллик имтиёзли давр билан 60 млн долларлик кредит ажратишга қарор қилган эди. Маблағлар Жаҳон банкининг бир қисми бўлган Халқаро тараққиёт ассоциацияси орқали ажратилади.

5 йил — 2022−2027 йилларга мўлжалланган лойиҳанинг асосий мақсадлари қуйидагилардан иборат:

  • солиқларни ҳисоблаш ва тўлашни автоматлаштириш даражасини 90 фоизга етказиш;
  • солиқ органлари томонидан кўрсатилаётган электрон хизматлар сонини ошириш орқали тадбиркорлик субъетларини электрон хизматлар билан тўлиқ қамраб олиш;
  • ҚҚСни ундириш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш ҳисобига ҚҚС йиғимини 75 фоизгача ошириш;
  • солиқ тўловчилар томонидан солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш ҳамда солиқларни тўлаш учун сарфланган вақтни икки баравар қисқартириш.

Давлат солиқ қўмитаси лойиҳани мувофиқлаштириш ва кредитдан фойдаланиш учун масъул этиб белгиланди ва ДСҚга лойиҳани амалга ошириш бўйича гуруҳ тузиш топширилди.

Қарзни қайтариш, шунингдек, қарз бўйича фоиз, хизмат кўрсатиш ва мажбуриятлар учун воситачилик ҳақи ҳамда божхона тўловлари, солиқлар ва йиғимлар (иш ҳақи билан боғлиқ солиқлар мустасно) бўйича харажатларни қоплаш республика бюджети ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжат билан молия вазирига Ўзбекистон ва Халқаро тараққиёт уюшмаси ўртасидаги Лойиҳани молиялаштириш юзасидан молиявий битимни Ўзбекистон номидан имзолаш ваколати берилди.

Аввал хабар қилинганидек, лойиҳа учта асосий компонентни ўз ичига олади, улар ДСҚнинг операцион, институционал, технологик ва инсон салоҳиятини ривожлантиришга ёрдам беради, шунингдек, Ўзбекистонда солиқ қонунчилиги талабларига ихтиёрий риоя қилишни рағбатлантиради.