«Ўзбекнефтгаз» ижтимоий тармоқларда тарқалаётган нефть маҳсулотларига нисбатан акция солиғи ставкаларининг миқдори ошиши ортидан 1 июнь кунидан автобензин нархининг ошиши ҳақидаги хабарларни асоссиз деб изоҳлади.

2021 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги [ЎРҚ-741-сон] қонунга мувофиқ қуйидаги нефть маҳсулотлари ва якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкаларига жорий йил 1 июндан ўзгартиришлар киритилмоқда:

а) нефть маҳсулотларига солинадиган акциз солиқ ставкалари:

  • 1 тонна Аи-80 маркали автобензин: амалда — 240 минг сўм, 1 июндан — 275 минг сўм (ўзгариш 35 минг сўм ёки 15%);
  • 1 тонна Аи-90 ва ундан юқори маркали автобензин: амалда — 275 минг сўм, 1 июндан — 275 000 минг (ўзгаришсиз);
  • 1 тонна дизель ёқилғиси: амалда — 240 минг сўм, 1 июндан — 264 минг сўм (ўзгариш 24 минг сўм ёки 10%);
  • 1 тонна ЭКО дизель ёқилғиси: амалда — 216 минг сўм, 1 июндан — 237 600 сўм (ўзгариш 21 600 сўм ёки 10%).

б) якуний истеъмолчига сотиладиган товарларга солинадиган акциз солиқ ставкалари:

  • бензин: амалда — 465 530 сўм/тонна ёки 350 сўм/литр, 1 июндан — 512 минг сўм ёки 385 сўм/литр (ўзгариш 46 470 сўм ёки 35 сўм/литр ёки 10%);
  • дизель ёқилғиси: амалда — 425 918 сўм/тонна ёки 350 сўм/литр, 1 июндан — 468 минг сўм/тонна ёки 385 сўм/литр (ўзгариш 42 082 сўм ёки 35 сўм/литр ёки 10%).

«Юқоридаги ўзгаришлар АИ-80 бензини мисолида кўрилганида, АЁҚШларда ўртача нарх таркибидаги мавжуд солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар ўртача 71 сўмгача (ҚҚС билан) бўлган миқдорда чакана нархига таъсир қилиши мумкин», — дейилади «Ўзбекнефтгаз» хабарида.

Шунга кўра, «Ўзбекнефтгаз» тасарруфидаги UNG Petro АЁҚШларида 1 июндан акциз солиқлари бўйича киритилаётган ўзгаришлар ҳисобига бугунги кунда 1 литри 6800 сўмни ташкил қилаётган Аи-80 маркали автобензиннинг чакана нархи ошмайди.

Эслатиб ўтамиз, декабрдан бери илк бор «Ўзбекнефтгаз» компаниясига қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-80 бензини нархи 6800 сўмгача (4,3%) кўтарилганди. Компания буни импорт қилинаётган 30 фоиз нефт маҳсулотларининг жаҳон бозорларидаги нархи ошгани билан изоҳлаганди.