«Ўзбекнефтгаз»га қарашли АЁҚШларда АИ 80 маркали бензин нархи 4,3 фоизга — 6500 сўмдан 6800 сўмгача кўтарилди, деб хабар берди «Газета.uz» мухбири. Бензин нархи 2021 йилнинг декабридан бери илк марта ошди.

Йил бошидан бери биржада ушбу марка бензиннинг нархи 21,1 фоизга — 6,88 млн сўмдан 8,34 млн сўмгача ошган.

«Ўзбекнефтгаз» матбуот хизмати йилнинг дастлабки 4 ойлигида компания тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводлари ишлаб чиқарилган АИ-80 русумидаги автобензин биржа савдоларида бир тоннаси учун 3 млн сўм бошланғич нархларда қўйилиб келинган бўлса, талабгорлар томонидан ҳар бир тоннаси ўртача 7,8 млн сўмдан сотиб олинган.

Май ойида эса бошланғич нарх ўзгармаган ҳолда тоннаси 8,8 млн сўмдан сотиб олинган. Сотиб олиш нархи 1 млн сўмга кўп ёки 13 фоизга ошган.

«Ўзбекнефтгаз» биржада савдога чиқарилаётган автобензин истеъмолчига етказиб берилгунга қадар «солиқ, рентабеллик, транспорт харажатлари ва бошқа харажатлар» борлигини ҳам инобатга олиш лозимлигини таъкидлади.

Январь-апрель ойларида «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 314,2 минг тонна ишлаб чиқарилган бўлиб, биржа савдолари орқали 305,3 минг тонна сотилган. Ушбу даврда жамият тасарруфидаги нефтни қайта ишлаш заводларида жами 531,1 минг тонна хом ашё қайта ишланган бўлиб, шундан 103,7 минг тоннаси импорт хом ашёлар улушига тўғри келади 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 32,8 минг тонна кўп.

«Ҳозирги кунда жамият томонидан республика истеъмолчиларини нефть маҳсулотларга бўлган талабларини қоплаш учун 30 фоиздан кам бўлмаган миқдорларда углеводород хом ашёларини импорт қилиниши зарур бўлмоқда», — дейилади компания хабарида. Аввалроқ, «Ўзбекнефтгаз» вакиллари «Газете.uz»га АИ-80 бензини маҳаллий хом ашёдан ишлаб чиқарилишини маълум қилганди.

Йил бошидан Европа давлатларида содир бўлаётган геосиёсий воқеалар фонида жаҳон нефть бозорида 1 баррель Brent нефтнинг ўртача нархи 27,5 фоизга — 87,2 доллардан май ойи бошида ўртача 111,1 долларгача ўсди.

Қўшни давлатларда автобензин нархлари Туркманистонда — 0,2%, Қозоғистонда — 13,9%, Қирғизистонда — 17,7%, Россияда — 63,2% ўсди.