Тошкентга 700 кг истеъмолга яроқсиз гўшт олиб келинаётганда тўхтатиб қолинди. Бу Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ва Тошкент шаҳар ИИББ билан ўтказилган тадбирда аниқланди.

Тошкент шаҳрига кириб келаётган автомобиль юкхонасидан 490 кг дан зиёд ветеринария ҳужжатларисиз, келиб чиқиши номаълум бўлган ҳайвон гўшти олиб кетилаётгани аниқланган.

«Тунги тадбир давомида Тошкент шаҳрига кириб келаётган 3 та автомобилда йирик шохли мол гўшти борлиги аниқланди. Истеъмолга яроқли ёки яроқсизлигини аниқлаш учун Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасига олиб келинди», — дейди Тошкент шаҳар ИИББ карантин тадбирларини таъминлаш инспектори Қосимжон Ғуломов.

Текшириш натижаларига кўра, гўшт истеъмолга яроқсиз эканлиги маълум бўлган.

«Гўштлар олинган ҳайвонлар тириклик вақтида оғир касалликлар билан касаллангани сабабли сўйилган. Гўштлар истеъмол учун умуман яроқсиз», — дейди Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бўлим бошлиғи Ўткир Отабоев.

Истеъмолга яроқсиз гўштлар Тошкентга Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳри ва Чироқчи туманидан таксига юклаб юборилган.

Фото: Yoshlar телеканали дастуридан лавҳа.

Ёшлар телеканалида эфирга узатилган репортажда такси ҳайдовчиларидан бирининг айтишича, унинг автомашинасига 250−270 кг гўшт ортилган. Яна бирининг сўзларига кўра, гўштни юклашаётганида муаммо чиқмаслиги, Тошкентдан қўнғироқ қилиб, пулини бериб, маҳсулотни олиб қолишини айтишган.

«Таксичилик қиламан. Одам ташиш билан шуғилланаман. Қаршидан келишимизда гўшт бор деди, юклашди. Тошкентга олиб борасан, пулини беради дейишди. Афсусдамиз, бундай бўлишини ҳаёлимизга ҳам келтирмаганмиз», — дейди у.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тадбир ўтказилган куни жами 700 кг дан зиёд сифатсиз гўшт ва гўшт маҳсулотларининг Тошкент шаҳрига кириб келишининг олди олинди, дейилади хабарда.

Озиқ-овқат ва гўшт маҳсулотларини ташиш қоидаларини бузганлиги учун хайдовчиларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди.