ЎзЛиДеП ва «Миллий тикланиш» партияси фракцияларининг сешанба куни бўлиб ўтган қўшма йиғилишида Конституцияга ўзгартиришлар киритиш масаласини парламентнинг икки палатаси кенгашлари муҳокамасига киритиш қарори қабул қилинди. Мазкур режалар ҳақида бир кун аввал хабар берилганди. Асосий ташаббускор ЎзЛиДеП, «Миллий тикланиш» эса таклифни қўллаб-қувватлади.

«Халқнинг орзу-истаклари мужассам»

Актам Хаитов. Фото: ЎзЛиДеП.

Брифингда ЎзЛиДеП етакчиси Актам Хаитов Конституцияни такомиллаштириш масаласи ўтган йилги сайловолди жараёнларида партиямиздан президентликка кўрсатилган номзод ҳамда ишончли вакилларнинг аҳоли билан учрашувларида қарийб барча ҳудудларда сайловчилар томонидан кўтарилган.

Айни шу сўзларни президент ноябрда инаугурациядаги нутқида давомида айтиб ўтганди: «Барча [президентликка] номзодларнинг сайловолди учрашувларида электорат вакиллари томонидан бугунги кунда ҳаётнинг ўзи, ислоҳотларимиз мантиғи талаб этаётган яна бир муҳим таклиф илгари сурилди. У ҳам бўлса — мамлакатимизда конституциявий ислоҳотларни амалга оширишдан иборат». Қизиғи шундаки, бешта номзоднинг сайлов дастурларининг бирортасида конституциявий ислоҳот таклиф қилинмаганди.

«Хусусан, сайловолди учрашувларида инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлаш, тадбиркорлик кафолатларини янада кучайтириш, фуқаролик жамиятини, маҳалла, оила институтини ривожлантириш, давлатнинг ижтимоий муаммоларни ҳал этишга масъуллигини ошириш, ёшлар, кексалар ва ногиронларни қўллаб-қувватлаш, таълим ва илм-фанни янги босқичга кўтариш, экология, она табиатни асраш борасидаги ҳуқуқий нормаларни қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар билдирилган», — деди Актам Хаитов.

«Мазкур таклифлар замирида аслида халқимизнинг орзу-истаклари мужассам. Шу боисдан бу таклифларни аслида халқимиз томонидан илгари сурилган таклифлар деб қараш тўғри бўлади.Кўп миллатли мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги босқичида Халқимиз ўз эртасини бугунги ислоҳотлар замирида эканлигини аллақачон чуқур англаб етди дейишга тўла асосларимиз бор», — деди у.

Актам Хаитов парламентдаги 35 ўринни (100 тадан) эгаллаган «Миллий тикланиш» партиясининг позицияси ЎзЛиДеПнинг бу борадаги позицияси билан тўғри келишини ва бу «ўзгаришлар аҳолининг аксарият қисми орзу-интилишларига мос эканлигини яққол кўрсатишини» таъкидлаб ўтди.

«Конституциянинг қайси моддаси нима учун ўзгариши керак?»

Алишер Қодиров. Фото: МТДП

«Миллий тикланиш» партияси етакчиси Алишер Қодиров «мамлакат тараққиётининг ҳозирги босқичи янги Конституцияга муҳтож», деди.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир бу масала ташаббускорлик даражасида. Икки партиянинг қўшма мажлиси якунларига кўра, Конституцияни такомиллаштириш масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кенгашлари ва Сенатига кўриб чиқиш учун киритилади.

«Энди навбатдаги вазифа — Олий Мажлис палаталари кенгаши тегишли комиссия мутахассисларини тўплаб, бу жараённи бошлаши керак. Энди аниқ таклиф, аниқ лойиҳани кўриб чиқиш ҳақида гап бўлмайди. У ерда бутун жамоатчилик фикри инобатга олинади. Масалан, сиз, биз партия сифатида ўз таклифларимизни беришимиз мумкин», — деди у.

Депутат, агар кенгашлар таклифни рад этмаса, махсус ишчи гуруҳ тузилишини айтди. «Ҳар бир фуқаро ушбу гуруҳга ўз таклифини тайёрлаш ва киритиш ҳуқуқига эга. Барча таклифлар юқори малакали ва тажрибали ҳуқуқшунослар жамоаси томонидан индивидуал тартибда кўриб чиқилади ва натижалар жамоатчиликка эълон қилинади. Фуқаролар билан самарали мулоқот қилиш учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш зарурлигини таъкидладик», — деди депутат.

Алишер Қодировнинг қайд этишича, комиссия Ўзбекистон бўйлаб таклифларни тўплаб, уларни таҳлил қилиб, Конституциянинг қайси норма ва моддаларини ўзгартириш мумкинлигини очиқ айтиб беради.

Депутат шундан сўнг лойиҳа ишлаб чиқилиб, очиқ муҳокамага қўйилиши ва уни қандай қабул қилиш масаласи ҳал этилишини таъкидлади.

У ўзбекистонликларга мурожаат қилди: «Биз очиқ давлат фуқароларимиз. Мамлакатимиз тақдирини биз ҳал қиламиз. Турли туман бузғунчи талқинларни бир чеккага қўйиб, қўлингизга Конституцияни олинг ва ҳижжалаб ўқинг: қайси модда нима учун ўзгариши керак? Асосланг ва таклиф юборинг. Ўзбекистонимиз битта. Уни ривожланиши учун бирлашиш ва биргаликда ҳаракат қилишимиз керак», — деди у.

Президент қандай таклифларни билдирганди?

2021 йилнинг 7 декабрида президент Шавкат Мирзиёев Конституция куни муносабати билан йўллаган табригида асосий қомусга қуйидагича ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди:

  1. илгари амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойилини «инсон — жамият — давлат» деб ўзгартириш, уни миллий қонунчилик ва ҳуқуқий амалиётда мустаҳкамлаш;
  2. иқтисодий ислоҳотлар жараёнида инсон манфаатларини таъминлаш;
  3. «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» деган эзгу ғоя доирасида Асосий қонунда фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақомини конституциявий жиҳатдан мустаҳкамлаш;
  4. Бош қомусда оила институтини ривожлантириш, эзгу инсоний қадриятларни келгуси авлодларга безавол етказиш, миллатлараро тотувликни янада мустаҳкамлаш бўйича конституциявий асосларни белгилаш;
  5. ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўла таъминлаш мақсадида ёшлар соҳасидаги давлат сиёсати, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи, уларнинг ҳуқуқ ва бурчларини конституциявий даражада акс эттириш;
  6. «Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат» тамойилини конституциявий қоида сифатида муҳрлаш;
  7. инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича амалдаги тизимнинг самарасини ошириш мақсадида Конституцияда болалар меҳнатига йўл қўймаслик, ногиронлар, кекса авлод вакилларининг ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш масалаларини акс эттириш;
  8. Конституцияга экологияга оид махсус боблар киритиш. «Ўзбекистон Конституциясида ҳам ушбу долзарб масалага доир ҳуқуқий нормалар устувор ўрин эгаллаши керак», — деди Шавкат Мирзиёев;
  9. Учинчи Ренессанснинг тўрт узвий ҳалқаси бўлмиш боғча, мактаб, олий таълим ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш масалаларини конституциявий даражада мустаҳкамлаб қўйиш.

Бундан ташқари, 2022 йил 18 март куни президент тиббиёт ходимлари билан учрашувда тиббий суғурта шаклларини ривожлантириш, экология оқибатида фуқаролар соғлиғига етказилган зарарни қоплаб бериш мажбуриятини давлат зиммасига юклаш, тиббиёт ходимларининг юксак мақомини таъминлаш учун Констутицияга ўзгартиришлар киритишни таклиф қилганди.

Айрим «Миллий тикланиш» депутатлари Конституцияга президент томонидан илгари эълон қилинган йўналишларни такрорловчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар билан чиқишди.

Хусусан, Мухтабар Хусанова мамлакатда фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш, бу борада ҳуқуқий ўзгаришлар киритишни таклиф қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, бугунги давр мамлакатнинг асосий қонунида фуқаролик жамияти институтларининг ўрни ва мақоми тўғрисидаги конституциявий мустаҳкамлаб, «Жамият — ислоҳотлар ташаббускори» тамойилини акс эттиришни тақозо этмоқда.

Депутат Илҳом Абдуллаев: «Фарзандларимиз Янги Ўзбекистон бунёдкори сифатида майдонга чиқаётгани учун Конституцияда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ўз ифодасини топиши керак», — деди.

Даврон Арипов Конституцияни ислоҳ қилишда оила тараққиёти масаласини эътиборга олиш кераклигини таъкидлади. Асосий қонунда оила институтига бағишланган алоҳида боб бўлиб, унда оила, никоҳ тамойиллари, ота-оналар ва болалар ўртасидаги муносабатлар, оналик ва болаликни давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб берилган. Бироқ, у бу асослар бугунги кунда етарли эканлигига ишонмайди.

Фарҳод Зайниев Конституцияда мамлакатнинг ижтимоий давлат мақоми белгиланмагани, балки ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолининг кам таъминланган қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган сиёсат «ижтимоий давлатнинг туб замини яратилганидан далолат беради», деди. «Давлат бюджетининг 50 фоиздан ортиғи ижтимоий соҳага йўналтирилаётгани бунинг далилидир. Бинобарин, Конституциямизда „Янги Ўзбекистон — ижтимоий давлат“ тамойили ўз ифодасини топиши керак», — деб ҳисоблайди депутат.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Конституцияси 1992 йил 8 декабрда қабул қилинганидан буён унга 16 марта ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.