Финляндия ортидан Швеция ҳам НАТО сафига кириш ниятида. Бу ҳақда мамлакатнинг ҳукмрон социал-демократик партияси баёнотида маълум қилинди, дея хабар бермоқда Euronews.

НАТОга кирмаслик Швецияни заиф аҳволга солиб қўяди, дея баёнот берди бош вазир Магдалена Андерссон.

«Бизнинг 200 йиллик ҳарбий [ҳаракатларга] қўшилмаслик сиёсатимиз Швецияга яхши хизмат қилди, аммо савол шундаки, келажакда ҳарбий бетарафлик бизга яхши хизмат қила оладими?. Россиянинг Украинага сабабсиз бостириб кириши нафақат ноқонуний ва асоссиз, балки Швеция ўз хавфсизлигини таъминлаётган Европа хавфсизлиги тартибини ҳам бузмоқда», — дея таъкидлади у.

Шунга қарамасдан, агар ариза маъқулланса, мамлакат ўз ҳудудида ҳарбий базалар ва ядро қуролларини жойлаштиришдан бош тортмоқчи.

Айнан социал-демократлар Украинада уруш бошланганидан кейин ҳам узоқ вақт давомида НАТОга қўшилишга қарши бўлган, деб эслатмоқда BBC. Аъзолик режалари Финляндия Шимолий Атлантика иттифоқига аъзо бўлиш ниятини тасдиқлаганидан кейингина эълон қилинди.

Амалда ҳар икки давлат учун унчалик кўп нарса ўзгармайди: Швеция ҳам, Финляндия ҳам 1994 йилда НАТОнинг расмий ҳамкорларига айланган, альянс армиялари билан яқиндан ҳамкорлик қилади ва унинг барча техник ва институционал талабларига риоя этади. Асосий ўзгариш — Шимолий Атлантика шартномасининг бешинчи моддаси бўлиб, у иттифоқнинг бир давлатига ҳужумни ҳаммасига қилинган ҳужум деб ҳисоблайди.

Шу ҳафтада икки давлатдан расмий ҳужжатлар тақдим этилиши кутилмоқда. НАТО кўриб чиқиш жараёнини тезлаштиришга ваъда берди, бироқ бу ҳам бир неча ой давом этиши мумкин, чунки аъзолик келишувлари НАТОнинг 30 та давлати томонидан миллий даражада тасдиқланиши керак.