Финляндия зудлик билан — яқин кунларда — НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши керак. Бу ҳақда мамлакат президенти Саули Ниинистё ва бош вазири Санна Марин қўшма баёнот берди, деб ёзади Euronews.

НАТОга аъзолик Финляндия хавфсизлигини мустаҳкамлайди, бу эса ўз навбатида бутун мудофаа иттифоқини мустаҳкамлайди, дейилади баёнотда.

Президент ва бош вазирнинг тушунтиришича, парламент ва жамият НАТОга кириш бўйича позицияни келишиб олиши учун вақт керак бўлди. Охирги сўровларга кўра, Финляндия фуқароларининг 76 фоизи альянсга қўшилиш тарафдори. Бу Россиянинг Украинага бостириб киришидан олдинги кўрсаткичдан уч баравар кўп — 25%.

«Россия халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилмаслигини кўрсатди. У ўзи илгари қўллаган қоидаларни ҳурмат қилмайди. У ҳар бир давлатнинг мажбуриятларини ҳурмат қилмайди. Шунинг учун биз НАТОга қўшилиш имкониятларини муҳокама қилмоқдамиз, чунки Европада хавфсизлик билан боғлиқ вазият ўзгарган ва гап Россияга келганда содда бўлмаслигимиз керак», — деди Санна Марин.

Агар Финляндия ҳарбий бетарафликни бекор қилса, у Россия учун умумий чегара узунлиги бўйича НАТОнинг энг йирик чегарадоши бўлиб қолади — 1340 км.

Баҳс-мунозара Финляндия ва Швециянинг НАТОга аъзолиги масаласида бўлиб ўтмоқда — иккала давлат ҳам бетараф мақомини эълон қилди, лекин апрель ойидан бери иттифоқнинг ҳамкорлари ҳисобланади.

Агар иккала давлат ҳам ариза топширса, НАТО уларни тезлаштирилган режимда кўриб чиқишга ваъда бермоқда. Одатдаги ҳолатда бу жараён 12 ойгача давом этиши мумкин.

Тартибга кўра, ариза топширилгандан сўнг мамлакат номзод мақомига эга бўлади, сўнгра НАТОга аъзо 30 та давлатнинг барчаси янги аъзонинг қабул қилинишини маъқуллаши керак.

Ўз навбатида, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Финляндиянинг НАТОга кириши Россия учун таҳдидга айланишини таъкидлади, деб ёзмоқда Tass.ru.

«НАТОнинг кенгайиши ва бизнинг чегараларимизга альянс ҳарбий инфратузилмаларининг яқинлашуви тинчлик ўрнатмайди, балки бизнинг Евроосиё минтақамиз беқарорлик ва хавфсизлигини йўқотади», — деди у.