Хитой футбол ассоциацияси билан олиб борилган кенг қамровли муҳокамалардан сўнг мамлакат футбол бўйича Осиё кубоги-2023 мусобақасига мезбонлик қила олмаслиги ҳақида маълум қилди, деб баёнот берди ОФК.

Хитой Осиё футбол конфедерациясига 2023 йилнинг 16 июндан 16 июлига қадар ўзидаги 10 та шаҳарда бўлиб ўтиши режалаштирилган мусобақани COVID-19 пандемияси билан боғлиқ хавотирли ҳолат сабабли ўтказа олмаслигини билдирди.

«Тайёргарлик жараёнида Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита билан яқиндан ҳамкорлик ишлари олиб борилди. Ҳатто бир қатор муҳим босқичларга эришилди, жумладан, турнир логотипи ишга туширилди ва ўтган йили Шанхай Пудонг футбол стадионининг очилишига эришилди», — дейилади хабарда.

ОФК Хитой футбол ассоциацияси ва маҳаллий ташкилий қўмита жамоавий манфаатларни кўзлаб, жуда қийин, аммо зарур қарорни қабул қилганини қадрлашини маълум қилди. Шунингдек, 2023 йилги Осиё кубоги мезбонлиги билан боғлиқ кейинги қадамлар ҳақида қўшимча маълумотлар яқин вақт ичида эълон қилиниши таъкидланди.

Аввалроқ, шу йилнинг 10−25 сентябрь кунлари Хитойнинг Ханчжоу шаҳри мезбонлик қилиши режалаштирилган XIX Осиё ва Параосиё ўйинлари ҳам мамлакатдаги COVID-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият туфайли бир йилга кечиктирилиш ҳақида хабар қилинган эди.