Тошкентда ўтаётган Осиё Олимпия кенгаши ижроия қўмитасининг 77-йиғилишида Хитой олимипия қўмитаси вакиллари мамлакатдаги COVID-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият туфайли «Ханчжоу — 2022» ёзги Осиё ва Параосиё ўйинлари бир йилга кечиктирилишини маълум қилди, деб хабар бермоқда ЎзА.

«Кенгаш ижроия қўмитаси йиғилишида „Ханчжоу — 2022“ ёзги Осиё ўйинлари, жорий йилнинг 20−28 декабрида ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган „Шантоу — 2021“ III Осиё ўйинлари ҳамда ёшлар ўртасида „Тошкент — 2025“ IV Осиё ўйинларига тайёргарлик, спорт турлари дастури каби масалалар муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Анжуманда «Ханчжоу — 2022» ташкилий қўмитаси ҳисоботи тингланиб, Хитой олимпия қўмитаси вакиллари мамлакатдаги COVID-19 билан боғлиқ мураккаб эпидемиологик вазият туфайли «Ханчжоу — 2022» ёзги Осиё ва Параосиё ўйинлари бир йилга кечиктирилишини эълон қилди.

Шунингдек, Халқаро олимпия қўмитаси ҳам жорий йил 26 июндан 27 июлга қадар Хитойнинг Чэнду шаҳри мезбонлик қиладиган 2021 йилги Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинлари 2023 йилга кўчирилганини маълум қилди.

Йиғилишда 2025 йил Тошкентда ўтказилиши белгиланган ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинларига мўлжаллаб бунёд этилиши режалаштирилган Олимпия шаҳарчаси макети иштирокчиларга тақдим этилди. Мазкур шаҳарча пойтахтнинг Яшнобод туманида бунёд этилади. Спорт мажмуалари, универсал стадион, очиқ ва ёпиқ кўринишдаги спорт комплекслари, турар жойлар, меҳмонхоналар, Чирчиқ дарёси бўйида эшкак эшиш комплексидан иборат инфратузилмани қамраб оладиган Олимпия шаҳарчаси 160 гектар майдонда қад ростлайди.

Эслатиб ўтамиз, кеча президент қарори билан Осиё ва Параосиё ўйинларида ғолиб бўлган спортчилар, уларни тайёрлаган мураббийлар ва бошқа мутахассислар қўшимча равишда пул мукофотлари билан рағбатлантирилиши эълон қилинган эди. Унга кўра, ғолиб ва совриндорлар олтин, кумуш ва бронза медаллари учун мос равишда 5, 3, 2 минг АҚШ доллари пул мукофотига эга бўлади. Ғолиб ва совриндор спортчиларни тайёрлаган мураббийлар, бирга ишлаган шифокор, диетолог, массажист ва бошқалар ҳам рағбатлантирилиши белгиланган.