Март ойида жаҳон бозорида озиқ-овқат нархлари кескин кўтарилиб, 1990 йилдан бери кузатилган рекорд даражага етди, дея хабар қилди БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO).

Ташкилотнинг қайд этишича, Қора денгиз минтақасида кечаётган уруш оқибатлари, айниқса, жаҳон дон ва ўсимлик ёғи бозорларида шокларни келтириб чиқарди. Сўнгги уч йил мобайнида Россия ва Украина биргаликда жаҳон миқёсида буғдой экспортининг қарийб 30% ига, маккажўхори экспортининг 20% ига эгалик қилиб келган. Қолаверса, Россия ҳамда Украина ўсимлик ёғини йирик ҳажмда экспорт қилувчи мамлакатлар ҳисобланади. Хусусан, 2019 йилда Россия ҳамда Украинанинг биргаликдаги ўсимлик ёғи экспорти дунё экспортининг 64% қисмини ташкил этган.

Хабарда айтилишича, FAO озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси март ойида ўртача 159,3 бандни қайд этди — бу индекс аллақачон рекорд даражага етган февраль ойидаги кўрсаткичдан 12,6% га юқори. 2021 йил март ойига нисбатан нархлар индекси 33,6% га ошган.

Маълумот ўрнида: FAO озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари индекси ташкилот томонидан энг кўп олди-сотди қилинадиган асосий озиқ-овқат маҳсулотлари савати учун жаҳон нархларининг ойлик ўзгаришини кузатиб бориш мақсадида фойдаланилади.

Дон маҳсулотлари

Қайд этилишича, март ойида жаҳон бозорида буғдой нархлари 19,7% га кўтарилган. АҚШда донли экинлар ҳолати билан боғлиқ мавжуд хавотирлар таъсирида нарх ўсиши кучайганлиги айтилмоқда.

Шунингдек, маккажўхори нархи февраль ойига нисбатан 19,1% га ошиб, арпа ва жўхори нархи билан бир қаторда рекорд даражага етган.

Ўсимлик ёғлари

FAO`га кўра, ўсимлик ёғи нархлари индекси, асосий экспортёри Украина ҳисобланган кунгабоқар ёғининг юқори котировкалари сабаб 23,2% га ошган.

Шунингдек, кунгабоқар ёғи ва нефть хомашёси нархларининг кўтарилиши натижасида палма, соя ва колза ёғи нархларида сезиларли ўсиш кузатилган. Соя ёғи нархлари ўсиши Жанубий Америкадан экспортнинг қисқариши юзасидан хавотирлар фонида янада мустаҳкамланган.

Шакар, гўшт ва сут маҳсулотлари

Март ойида шакар нархлари индекси февраль ойига нисбатан 6,7% га ошган. Шунингдек, март ойи нарх индекслари гўшт маҳсулотлари 4,8% га, сут маҳсулотлари 2,6% га қимматлашганлигини кўрсатган. Бунга нефть хомашёси нархининг ошиши, парранда гриппининг авж олиши ва бошқа омиллар салбий таъсир кўрсатган.

2022 йил учун прогнозлар

FAO прогноз қилишича, 2022 йилда жаҳон миқёсида буғдой ишлаб чиқариш ҳажми 784 миллион тоннани ташкил этади, бу 2021 йилга нисбатан 1,1% га кўп. Мазкур ҳисоб-китобларда Украинадаги кузги буғдой ҳосили уруш фонида тўғридан-тўғри йўқ қилиниши, ўрим-йиғим учун ресурсларнинг етишмаслиги ёки улардан фойдаланиш имконияти чекланганлиги туфайли йиғиб олинмаслиги мумкинлиги тўғрисидаги тахминларни инобатга олинган. Шунингдек, Россиядаги қулай об-ҳаво шароити ва Хитой, Европа Иттифоқи, Ҳиндистон, Шимолий Америка ва бошқа минтақаларда кутилаётган ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам ҳисобга олинган. Аргентина, Бразилия ва Жанубий Африкада йирик дон ишлаб чиқариш истиқболлари қулайлигича қолмоқда.

Ташкилот 2021 йилги мавсум ҳосили бўйича маълумотларни сарҳисоб қилган ҳолда, дунё бўйлаб бошоқли дон етиштириш ҳажми 2,799 миллиард тоннани ташкил этишини прогноз қилмоқда — бу 2020 йилги кўрсаткичга нисбатан бироз кўпроқ. Айни пайтда, гуруч ишлаб чиқариш рекорд даражага — 520,3 миллион тоннага етиши айтилмоқда (тегирмон эквивалентида).

FAO`га кўра, 2021−2022 йилларда глобал миқёсда дон маҳсулотлари истеъмоли ҳажми 2,789 миллиард тоннани ташкил этиши кутилмоқда.

Глобал дон захиралари 2022 йил охирида йил бошига нисбатан 2,4% га ўсиши прогноз қилинмоқда. Мазкур ўсиш прогнози асосан Россия ва Украинада экспорт ҳажмининг кутилаётган пасайиши ҳисобига буғдой ва маккажўхори заҳираларининг ортиши билан изоҳланган.

FAO 2022 йилги жаҳон дон маҳсулотлари савдоси ҳажми прогнозини 469 миллион тоннагача пасайтирди, бунга Украинадаги уруш асосий сабаб сифатида кўрсатилмоқда. Европа Иттифоқи ва Ҳиндистон буғдой экспорти ҳажмини ошириши прогноз қилинган. Аргентина, Ҳиндистон ва АҚШ эса кўпроқ маккажўхори етказиб бериши кутилмоқда, бу Қора денгиз минтақасида юзага келган экспорт йўқотилишини қисман қоплаши мумкин.

Аввалроқ иқтисодчи, «Газета.uz» колумнисти Миркомил Холбоев Украинадаги уруш натижасида юзага келган глобал узилишлар келгуси ойларда Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархларининг ўсиш суръати тезлашишига олиб келиши мумкинлиги ҳақида ёзган эди. Хусусан, март ойида маҳаллий бозорда ўсимлик ёғининг нархи 3,1% га кўтарилган. Мутахассиснинг қайд этишича, глобал узилишларга қўшимча равишда, Россия ҳукумати томонидан ўсимлик ёғи ҳамда унинг хомашёси (кунгабоқар) экспортининг квота орқали қисман чекланиши ҳамда унинг импортёр давлатлар бўйича қандай тақсимланиши борасидаги ноаниқликлар Ўзбекистон бозорида ўсимлик ёғи нархининг янада тезроқ ўсишига олиб келиши мумкин.