2021 йилнинг октябрь ойида айрим товарлар импорти ҳамда реализацияси президент қарорига мувофиқ ҚҚСдан озод қилинди. Қарорда дастлаб солиқ имтиёзининг амал қилиш муддати 10 октябрдан 31 декабргача деб белгиланган эди, февраль ойида эса Сенат мазкур тартибни жорий йилнинг 30 апрелигача қадар узайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Демак, қарорнинг кучга кирганига тўрт ой бўлди. Хўш, мазкур қарор ички бозордаги вазиятга қандай таъсир кўрсатди?

Гўшт маҳсулотлари

Гўшт маҳсулотлари реализацияси ҳамда импортининг 15% лик солиқдан озод қилиниши охирги тўрт ойда бозорда гўшт нархининг бир маромда пасайиб боришига олиб келди. Имтиёзли давр бошлангандан буён гўшт нархи умумий ҳисобда қарийб 1% га (аниқроқ айтганда — 0,8%) арзонлашганлигини кўриш мумкин. Бир қарашда бу жуда ҳам кичик рақам. Яъни берилган имтиёзларнинг ҳажми нуқтаи назаридан олиб қаралганда, гўшт нархида унчалик катта ўзгариш кузатилмаган. Умуман олганда, 15% лик имтиёзнинг берилиши ортидан бозордаги нархнинг худди шунча миқдорга пасайишини кутиш бир нечта сабабларга кўра хато.

Биринчидан, гўшт маҳсулотларининг таклифи қисқа муддатли даврда нисбатан ўзгармас (ноэластик), яъни гўшт етиштириш жараёни — тирик ҳайвоннинг туғилишидан то тайёр гўшт ҳолида бозорга кириб боргунича бўлган жараён маълум вақт талаб қилади. Шу нуқтаи назардан, солиқ имтиёзлари қисқа муддатда ишлаб чиқариш ҳажмида деярли акс этмайди. Бу эса талаб ҳажми деярли ўзгармаган ҳолатда нархнинг, албатта, олдинги нархга (эски мувозанат нуқтага) интилишига сабаб бўлади. Иккинчидан, берилган солиқ имтиёзлари иқтисодий субъектларнинг кутилмаларига катта таъсир ўтказмайди, яъни қисқа муддатга берилган солиқ имтиёзи келажакдаги кутилмаларни деярли ўзгартирмаган ва айнан шу жиҳат ҳам нархнинг пасайишига тўсқинлик қилмоқда.

Қолаверса, ишлаб чиқарувчиларга 15% лик имтиёз тақдим этилиши ортидан ички бозордаги нарх, айтайлик, бор-йўғи 1% га пасаяр экан, у ҳолда бу имтиёздан, катта эҳтимол билан, истеъмолчиларга нисбатан ишлаб чиқарувчилар кўпроқ манфаат кўрадилар.

Умуман олганда, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва импорт қилишнинг вақтинча солиқдан озод қилиниши қисқа муддатда ички бозорга асосан тўғридан-тўғри импорт қилинаётган тайёр гўшт маҳсулотлари нархининг пасайиши орқали таъсир қилиши мумкин. Яъни қисқа муддатли имтиёз айнан шу даврда ички бозорда сезиларли ўзгаришларга сабаб бўлмайди (тирик ҳайвонларнинг ҚҚСсиз олиб кирилиши эса нисбатан кечроқ таъсир кўрсатади, ҳеч бўлмаганда нархнинг кутилганидан пастроқ ўсиши шаклида).

Импорт қилинаётган тайёр гўшт маҳсулотлари ички бозорда нархнинг шаклланишига ўз таъсирини ўтказиши мумкин, аммо шуниси эътиборлики, 2021 йилнинг тўққиз ойи мобайнида импорт қилинган гўшт маҳсулотлари мамлакатимиздаги жами истеъмолнинг атиги 1% ини ташкил этган холос. Яъни импорт қилинаётган гўштнинг ички бозорга амалда 15% арзонроқ кириб келиши нархга деярли таъсир қилмайди (тахминан 0,15% га ўзгартириши мумкин).

Бироқ берилган имтиёзлар гўшт импорти ҳажмининг ошишига олиб келиши эҳтимоли мавжуд. Масалан, 2022 йилнинг январь ойида умумий қиймати 9,3 млн долларга тенг бўлган йирик шохли қорамол гўшти импорт қилинган ва ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда 55% га ошган. Яъни импорт қилинаётган гўшт маҳсулотларининг нархида ўзгариш бўлмаган деб фараз қилинса, унда кўришимиз мумкинки, гўшт импорти ҳажмида сезиларли ўсиш бўлган. Табиийки, ички истеъмолда гўшт маҳсулотларининг улуши ҳам ошган.

Импорт қилинаётган гўшт маҳсулотлари ҳажмининг кескин ошиши ички ишлаб чиқарувчиларнинг гўшт ишлаб чиқариш жараёнига катта таъсир ўтказмайди (чунки улуши жуда кичик). Албатта, тирик ҳайвонларнинг олиб кирилиши ортидан маҳаллий гўшт етиштирувчилар зарар кўриши мумкин, лекин тирик ҳайвонлар импортининг тайёр гўшт импортидан асосий фарқи шундаки, тирик ҳайвонлар импорт қилинган заҳоти тайёр гўшт шаклида бозорга кириб бормайди. Яъни тирик ҳайвонларнинг бозорга кириб бориши нисбатан узоқроқ муддатни талаб қилади ҳамда унинг ички бозорга таъсири имтиёзли давр тугагандан кейин ҳам бир неча ой давомида сақланиб қолиши мумкин. Демак, тирик ҳайвонлар импортининг ички бозорга таъсири кескин бўлмаса-да, узоқ муддат давомида сақланиб қолади.

Гўшт маҳсулотлари нархининг охирги тўрт ойдаги динамикаси билан боғлиқ яна бир эътиборга молик жиҳат шундан иборатки, имтиёзли давр амал қилишни бошлагандан то бугунги кунгача гўшт маҳсулотлари нархининг пасайиши тезлашиб борган. Масалан, ноябрь ойида нархлар 0,3% га ўсган бўлса, декабрь ойида ноябрдагига нисбатан 0,2% га арзонлашган, январь ойида эса нарх пасайиши 0,4% ни ташкил этган ҳамда февраль ойига келиб нархнинг пасайиш суръати 0,5% гача етган. Бу тенденциядан хулоса қилиш мумкинки, имтиёзли давр ўз ниҳоясига етгунича гўшт маҳсулотлари нархининг пасайиши янада тезлашиши мумкин.


Манба: Давлат Статистика қўмитаси.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, гўшт маҳсулотлари импорти ва реализацияси ҚҚСдан озод қилингунча бўлган даврда нарх ўсиши бирмунча юқори даражада бўлган. Масалан, июль-октябрь ойлари давомида юқори суръатда нарх ўсиши кузатилиб, нархлар ҳар ойда 1% дан юқорироқ даражада ўсиб борган ва баъзи ойларда ойлик ўсиш суръати ҳатто 2% дан ҳам ошган. Биргина июль-октябрь ойларининг ўзида (тўрт ой мобайнида) гўшт маҳсулотларининг нархи 7,7% га ошган. Кейинги тўрт ой, яъни имтиёзли даврда нархларнинг ҳатто пасайганлигига гувоҳ бўлишимиз мумкин. Шу нуқтаи назардан, гўшт маҳсулотлари импорти ҳамда реализациясининг ҚҚСдан озод қилиниши ички бозорга ижобий таъсир кўрсатган, деб ҳисоблашимиз мумкин. Имтиёзлар кўлами билан таққосласа, нарх пасайиши суръати у қадар юқори бўлмаган бўлиши мумкин, лекин имтиёз берилишидан олдинги нарх ўсишини инобатга олсак, берилган солиқ имтиёзлари нарх ўсишининг секинлашишида жуда муҳим рол ўйнаган ва ҳатто нархнинг пасайишига ҳам олиб келган.

Эътиборлиси шундаки, имтиёзли даврда гўшт нархининг арзонлашишида ички бозордаги ўзгаришлар эмас, балки импорт ҳажмининг кўпайиши энг асосий ролни ўйнаган. Шу жиҳатдан бу даврни солиқ имтиёзларининг нархга ижобий таъсири деб эмас, балки савдо эркинлаштирилишининг ички бозорга ижобий таъсири, деб аташ тўғрироқ бўлса керак.

Картошка

Гўшт маҳсулотлари билан бир қаторда картошка импорти ва реализацияси ҳам ҚҚСдан озод қилинган эди. Хўш, бу қарор картошка нархида қандай ўзгаришларга олиб келди?


График: Давлат Статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан ишланган.

Юқоридаги графикда май-февраль ойларида картошка нархининг ўзгариши динамикаси тасвирланган. ҚҚСдан озод қилиш бўйича қарор ноябрь ойидан кучга кирганлигини ҳисобга олсак (қарорда мазкур тартиб 10 октябрдан амал қилиши белгилаб қўйилган эди, лекин қарорнинг ўзи 26 октябрда қабул қилинган, шу нуқтаи назардан, қарорнинг таъсири ноябрь ойидан бошлаб сезилган, деб қараш мақсадга мувофиқ), графикдан кўриниб турибдики, имтиёз амал қилишни бошлаган даврида картошка нархининг ўсиши сезиларли даражада секинлашган ҳамда февраль ойига келиб ҳатто бироз арзонлашган.

2021 йилда картошка нархи олдинги йиллар билан таққослаганда сезиларли даражада тез ўсаётган эди. Масалан, сентябрь ойида картошка нархи августдагига нисбатан 7,8% га қимматлаган. 2020 йил сентябрь ойида эса картошка нархи олдинги ойга нисбатан ўзгармаган эди. Графикдан ҳам кўриш мумкинки, 2021 йилнинг август-ноябрь ойларидаги нарх ўсиши суръати 2020 йилнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли даражада юқори бўлган. Лекин 2021 йил декабрь ва 2022 йил январь-февраль ойларида нарх ўзгариши аввалги йилларнинг мос даврига нисбатан пастроқ бўлган.

Бир сўз билан айтганда, ноябрь ойидан амал қилишни бошлаган имтиёзлар картошканинг бозордаги нархи ўзгаришига сезиларли даражада таъсир ўтказган. 2021 йилнинг йиғим-терим мавсуми тугаши ва ундан кейинги ойларда картошканинг нархи олдинги йил билан таққослаганда юқори суръатда ўсаётган эди. Октябрь ойида жорий қилинган имтиёзли даврдан кейин эса нарх ўсиши нисбатан секинлашган.

Гувоҳи бўлганимиздек, картошка нархида, гўшт маҳсулотларидан фарқли ўлароқ, пасайиш кузатилмаган бўлса-да (феврални ҳисобга олмаганда), нарх ўсишининг кескин секинлашуви ҳамда ҳатто 2020 йилги даражадан ҳам пастроқ шаклланишини қарорнинг ижобий натижа берганлигини кўрсатади.

Таъкидлаш жоизки, картошка нархи ўсишининг секинлашувига энг асосий таъсир кўрсатган омил импорт ҳажмининг ортиши ҳисобланади. Худди гўшт маҳсулотлари билан бўлгани каби, картошка импорти ҳам солиқдан озод қилинганлиги импорт ҳажмининг ошишига олиб келган. Масалан, 2022 йил январь ойининг ўзида умумий қиймати 7,8 млн долларга тенг картошка импорт қилинган, бу 2021 йилнинг мос даври билан таққослаганда 2,2 баробар кўп.

Ноябрь-декабрь ойларида ҳам импортнинг ортиши ички бозордаги нархнинг ўзгаришида муҳим аҳамият касб этгани шубҳасиз. Чунки октябрь ойида қабул қилинган қарор ички ишлаб чиқариш даражасига ўша вақтда таъсир ўтказмаган, ички бозорга таъсир қилиши мумкин бўлган асосий омил эса айнан импорт ҳажмининг ўзгаришидир. Яъни импорт қилишнинг арзонроқ бўлиб қолиши импортёрлар учун ички бозорга кўпроқ картошка олиб киришга рағбат яратади. Бу эса импорт ҳажмининг ошишига олиб келади. Импорт ҳажмининг ортиши эса ички бозордаги нарх ўсишига салбий босим бериши турган гап.

Юқорида айтиб ўтилганидек, баъзи товарлар импорти ва реализациясининг қисқа муддат ҚҚСдан озод қилиниши ички бозордаги нархга асосан импорт ҳажминининг сезиларли даражада ортиши ҳисобига таъсир қилган. Яъни қисқа муддатга берилган имтиёзлар ички ишлаб чиқаришга катта таъсир ўтказмаган. Импорт ҳажми эса қарор кучга кирган кундан ошишни бошлаган ва ички бозордаги нархга ўз таъсирини ўтказган. Қайсидир маънода, қарор қабул қилинган даврдан ҳозирги кунгача бўлган даврни савдо эркинлашишининг ички бозордаги нархга таъсири деб аташ мумкин. Гўшт ёки картошка импортининг харажатларининг нисбатан арзонлашиши ички бозордаги нархга таъсир кўрсатганлиги ўтган йилда кузатилган ягона ҳолат эмас.

Масалан, цитрус мевалар импортига бўлган тўсиқларнинг олиб ташланиши ички бозорда уларнинг нархи сезиларли даражада пасайишига олиб келди. Биргина банан мисолида қаралса, ўйлайманки, бозорларда банан нархининг сезиларли даражада пасайганлигини ўқувчилар ҳам сезган.

Гўшт, картошка, ёки цитрус мевалардан ташқари импорт тўсиқлари юқори даражада бўлган минглаб товарлар бор. Айнан юқоридаги мисолларда импортнинг қисқа муддат бўлса-да эркинлаштирилиши ички бозорда қандай ижобий натижаларга олиб келганлигидан хулоса чиқарган ҳолда, қолган минглаб товарлар учун импорт божлари ёки умуман бошқа импорт тўсиқларини енгиллаштириш ёки умуман олиб ташлаш истеъмолчилар учун қанчалик даражада наф келтиришини тасаввур қилиб кўринг. Яъни импортнинг эркинлаштирилишидан истеъмолчилар фақат ва фақат ютади. Гувоҳи бўлганимиздек, бу фикр юқоридаги мисолларда ҳам ўз тасдиғини топди.

Агар кимнингдир ёдидан кўтарилган бўлса, яна бир бор эслатиб ўтаман: ички бозорда картошка ёки гўшт маҳсулотлари нархининг арзонлашишига ёки нарх ўсишининг секинлашишига асосий сабаб — бу импорт қилиш харажатларининг арзонлашганлиги. Нима учун бошқа товарлар импортини эркинлаштириб, истеъмолчиларни бойроқ қилиш мумкин эмас? Албатта мумкин. Буни амалга ошириш учун кучли ирода бўлишининг ўзи кифоя.

Миркомил Холбоев — иқтисодчи, Жанубий Кореядаги Жеонбук миллий университети Халқаро савдо йўналиши магистранти.