Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, Ўзбекистонга ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, соя данагини олиб кириш, шунингдек ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Шунингдек, гўштни (мол гўштини, қўй гўштини), тирик ҳайвонларни (молни ва қўйни) ва уларни сўйишдан олинган маҳсулотларни, картошкани реализация қилиш бўйича айланма, шунингдек уларни Ўзбекистонга олиб киришда қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш муддати 2022 йил 31 декабргача узайтирилди.

Товуқ гўшти, музлатилган балиқ ва тирик паррандаларга ҚҚС бўйича имтиёз эса 30 апрелгача этиб ўзгартиришсиз қолдирилди.

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан 2031 йил 1 январгача Мўйноқ туманидаги маҳаллий саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизматлар соҳаларидаги тадбиркорлар:

  • фойда, айланмадан олинадиган, ижтимоий ва даромад солиғини 1 фоиз миқдорида тўлайди;
  • юридик шахсларнинг мол-мулк, ер ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлари 1 фоизда тўлайди.

Бўялган матони, бўялган газламани ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотини экспорт қилувчи тадбиркорлар 2022 йил 1 февралдан 2025 йил 1 январгача ижтимоий солиқни 1 фоиз тўлайди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи охирида депутат Дониёр Ғаниев бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, ўсимлик ёғи ва картошкани олиб кириш ва сотишда қўшилган қиймат солиғининг нол ставкаси 2022 йил охиригача узайтирилиши режалаштирилаётгани ҳақида маълум қилган эди.