Президент Шавкат Мирзиёев 25 октябрь куни «Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексига аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлашга қаратилган қўшимча киритиш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Huquqiy axborot Telegram-канали хабар берди.

Киритилган қўшимчага кўра, 2021 йил 10 октябрдан 31 декабргача бўлган даврда:

  • гўшт (мол, қўй, товуқ), тирик ҳайвонлар (қорамол ва парранда) ва уларни сўйишдан олинадиган маҳсулотлар;
  • картошка ҳамда музлатилган балиқни реализация қилиш бўйича айланма ва уларни Ўзбекистонга олиб кириш қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

21 октябрь куни Сенатнинг 20-ялпи мажлисида мазкур қонун кўриб чиқилиб, маъқулланган эди.

Телеграмдан фойдаланасизми? Муҳим янгиликларни ўтказиб юбормаслик учун каналимизга аъзо бўлинг.

Сенатнинг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоевнинг фикрича, қонуннинг қабул қилиниши аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, нархларни барқарорлаштириш ва аҳоли даромадларини оширишга хизмат қилади.